Олтин ўгитлар
Тилинг – ғийбат, чақимчилик, ўзинг ҳис этмаган ҳолингда ўзгаларни масхаралашдан тўхтамас экан, салоҳиятинг, ибодатинг ва Парвардигорга юзланишингдан шод бўлмай қўя қол.
* * *
Имом Замахшарий раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: «Болалигимда чумчуқ тутиб олиб, у билан ўйнаб юрардим. Бир куни унинг оёғини ип билан кесдим. Бундан онам қаттиқ ғазабланиб: “Аллоҳ сенинг ҳам оёғингни кессин”, дедилар. Ёшим улғайгач, дард сабабли оёғим кесиб ташланди». Фарзандларингизни қарғаманг.
* * *
Муҳаммад Ротиб Набулсий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар сизга икки киши пашша сабабидан ўзаро жанжаллашишмоқда, дейилса, албатта, иккисини ҳам эсипастликда айблайсиз. Энди оламнинг турли бурчакларида Аллоҳ наздида пашшанинг қанотичалик қадрга эга бўлмаган дунё устида урушиб, талашиб-тортишаётганлар ҳақида фикрингиз қандай?”
Шайх Аҳмад Исо Маъсуровий раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: «Мен доим жанжаллашиб, атрофидаги инсонлардан кўнгли тўлмай, уларни ёқтирмай юрадиган кишиларга ҳайронман. Ахир, дунё ҳаёти жуда қисқа-ку:“Уларни (қиёматда) тўплайдиган кунда (ўзларини бу дунёда) гўё кундуз кунининг бир соатича тургандек сезишиб, бир-бирларини таний бошлайдилар”» (Юнус сураси, 45-оят).
Шунингдек, мен вақтини дунёнинг майда-чуйда ишларига сарфлаб, беҳуда кетказаётганларга ҳам ҳайронман. Ахир, Қиёмат куни: «Ерда йиллар ҳисоби бўйича қанча турдинглар?” дейилса, улар: “Бир кун ёки ярим кун. Санаб турувчи (фаришталар)дан сўрагин”, дейдилар» (Мўминун сураси, 113-оят).
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 7-сонидан