Мақолалар

Нафс жилови

Чоп этилди Noyabr 28, 2020 Нафс жиловиda fikr bildirishni o'chirish

Инсон нафси доимий назоратга, доимий тарбияга муҳтож. Уни то­йилишдан сақловчи асосий мезон эса имон нури билан зийнатланган сабрдир.

Ёзувчи Амр Холид “Сабр ва завқ” номли китобида сабрнинг нафсни жиловлашдаги аҳамияти ҳақида қу­йидаги асосли ўхшатишни келтиради:

“Уламолар айтадилар: Нафс банданинг минган уловига ўхшайди. Банда у билан ё жаннатга ёки дўзахга боради. У уловнинг жилови эса сабрдир. Агар сен жиловни қўйиб юборсанг, нафс сени ўзи хоҳлаган жойга элтади”.

Ҳақиқатан, сабр ила жиловланмаган нафс инсонни ҳар кўйга солади. Нафс тинмасдан тарғиб қилаётган тамаки чекишни ташлаш учун ҳам сабр қиласиз. Нафс зийнатлаб кўрсатаётган номаҳрамдан кўзингизни тийиш учун ҳам сабр қиласиз. Ота-онангиз розилигини топиш учун ҳам сабр билан уларнинг хизматида бўласиз, уларга ҳатто озорларнинг энг кичиги бўлмиш “уфф” сўзини ҳам раво кўрмайсиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннат йўли дея таърифлаган илм ўрганиш учун ҳам сабр қиласиз. Хуллас, ҳар қандай савобга эришиш ёхуд ҳар қандай гуноҳдан тийилиш учун сабрни ўзингизга ҳамроҳ тутасиз.

Афсуски, айрим инсонлар наздида сабр фақат назарий тушунча сифатида шаклланиб қолган. Сабрнинг асл мазмуни йўқолиб, гўёки у инсонларни овутиш учун ишлатиладиган воситага айланиб қолган. Аслида сабр кишини ҳақиқий саодатга етакловчи, ҳаёт ҳаловатига бошловчи амалий хулқ бўлиб, унинг лаззатини ушбу неъмат билан чинакам файз топган инсонгина ҳис қила олади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳ сабрлиларни севади».

Хурсандчиликда туғёнга кетмаслик, мусибатда умидсиз бўлмаслик, гуноҳ­лардан тийилиш, савобларга эришиш воситаси ҳамда мусулмон кишини яратган Раббиси муҳаббатига эриштирувчи восита ҳам айнан сабрда мужассам.

Достон Мустафоев

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 8-сонидан