Мақолалар

Хожагон-нақшбандиядан сабоқлар

Чоп этилди Noyabr 29, 2020 Хожагон-нақшбандиядан сабоқларda fikr bildirishni o'chirish

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний та­валлудининг 915 йиллиги ва Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллиги муносабати билан Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида “Тасаввуф ва нақшбандийлик” (Манбалар ва ҳикматлар), “Хожагон-нақшбандия” (Асослар ва рашҳалар) ва “Етти пир” (Дунё муршидлари) китоб­лари чоп этилди (“Ўзбекистон” НМИУ).

Сайфиддин Сайфуллоҳ тасниф этган ҳар учала асарда ҳам тасаввуф ва тариқат ҳақиқатига аниқ манбалар асосида илмий ёндашилган. Минг йиллар қатида жилоланган хожагон-нақшбандия тариқатининг ўтган йўли моҳиятан очиб берилган. Улуғ пири комил Баҳоуддин Нақшбанднинг: “Биз нимага эришган бўлсак, илоҳий фазли билан Қуръон оятлари ва Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларига амал қилиш баракотидан эришганмиз” (Мавлоно Яъқуб Чархий, “Рисолаи унсия”), деган сўзлари асос ва рашҳалар воситасида ўқувчиларнинг барча қатламларига мослаб табдил этилган. Тариқатнинг услуби, одоблари ва шартлари яхлитликда ботиний аҳамият касб этиши ва у руҳоний тарбия билан зоҳир бўлиши мисоллар билан келтирилган.

Муаллиф шариат ва тариқат ўртасида тафовут ёки фарқли қарашлар мавжуд эмаслигини, аммо тушунчаларда воқе бўлиши мумкинлигидан ҳушёрликка чақиради. Шайх Абу Язид Бистомийнинг: “Ҳавода чордона қуриб ўтирган бирини кўрсангиз ҳам, унга алданманг. Илоҳий ҳукм ва амрларга риоя қиладими, шаръий ҳукмларга сўзсиз бўйсунадими, мана шу жиҳатларига эътибор қилинг” (13-бет), насиҳатлари асносида огоҳлик бериб, пир, мурид, эҳсон тушунчаларига хослаб ва мослаб ёндашади.

Пир “этагини тутган” ўтмиш азизлар фақирликни фахр “билиб”, одоб тала­бини олий рашҳа билганлар.

Тариқат – машаққатли йўл. Уни ҳою ҳавас билан ёки “бадал” эвазига эгаллаб бўлмайди. Бу илм отадан болага ўтадиган тайёр мерос эмас, аксинча ҳар ким юксак ботиний илм, заҳмат ва машаққатли синовлар билан эришиладиган ҳол илмидир.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг маънавий ботинлари ва гўзал ахлоқини ўрганмай, ўзлаштирмай, чин ихлосда бўлмай тасаввуфда бирор даражага етиб бўлмайди. Бу йўлга сидқу содиқликкина инсоннинг маънавий оламини мукаммаллаштиради, руҳий камолотга бошлайди. Авлиёлар, сўфий шайхларнинг ҳаёти, тариқат ва ахлоқ­қа доир масалалари сирини ўзлаштиришда хожагон–нақшбандия тариқатида суҳбат, вирд ва хатм жуда аҳамиятли ҳи­собланади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз ва шайтоннинг изларидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Ба­қара сураси, 168-оят).

Ушбу ояти каримада шайтон васвасасига эргашган банданинг ҳалол-пок ризқ топиши мушкул эканлиги чуқур огоҳлик берилаётир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, банда қорнига битта ҳаром луқмани ташлаши билан қирқ кунлик амали қабул бўлмайди…” деганлар (Имом Табароний ривояти). Саҳл ибн Абдуллоҳ бунга: “Нажот уч нарсада – ҳалол ейиш, фарзларни адо этиш ва Набий алайҳиссаломга эргашишдадир”, деб тасдиқ ва иқрор билдирганлар.

“Хожагон-нақшбандия” (Асослар ва рашҳалар)ни ўқиб, мулоҳаза этар экансиз, юқоридагиларга муносиб шарҳлар баробарида тасаввуф тавсифи, тариқат йўли, пир улуғлиги, мурид холислиги кетма-кетлик билан садафдек тизилганига иқрор бўласиз. Нафл ибодатлар: намоз ва рўза ҳақидаги баёнлар жамликда Аллоҳ ризолигини топишга им-кон ва восита эканини аниқ далилларда ҳис этасиз. Рашҳалар далилли тасдиқ, Хатми хожагон ўтмиш азизлардан маънавий мерос эканига муҳаббат ортти­расиз.

“Етти пир” (Дунё муршидлари) – аввалги китобнинг мантиқий давоми. Унда Хожагон–нақшбандия урфони ва таълимоти мақсад ва моҳияти ягона халқада жамланганини ҳис этасиз.

Муаллиф бу таълимларда авлодлари йўлидан бориб, илм ва малака ҳосил этган тариқат аҳлидан ҳисобланади. Узоқ йиллар мобайнида арабча, туркийча ва форсча тил билишлари сабабидан салафи солиҳинларнинг муқаддам ёзилган асарларини қунт билан ўрганган.

Учинчи китоб – “Тасаввуф ва нақшбандийлик” (Манбалар ва ҳикматлар) тариқат аҳли асарларидан қилинган таржималари жамланмаси бўлиб, фикриятидаги уйғунликларни асл манбалардан далолат этади.

Олим тасаввуфшунос сифатида узоқ йиллардан буён тадқиқотлар олиб боради. 2004 йили “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган нақшбандия тариқатининг улкан пири муршиди Умар Форуқ Сайдо ал-Жазарийнинг “Тасаввуф сирлари” китоби таржимасига ёзган сўзбошисида: “Тасаввуф ботин илми, айни пайтда юксалиш ва камолот йўли бўлганидан ҳар бир даврда унинг тарафдорлари қатори, инкор этувчилари мавжуд бўлган. Бу соҳага оид ранг-баранг таъриф-тавсифлардан биламизки, тасаввуф асрор илми, кўнгил илми ва ҳамма уни бирдай тушунавермайди”, деб таъкидла­ганлари бежиз эмас.

Тасаввуф ақлу тафаккурни чархловчи, эзгу туйғуларни ўстирувчи, инсон ботини ва зоҳирини покловчи, мардлик ва жасорат ҳиссини оширувчи, қабиҳ йўллардан қайтариб, яхшилик сари бошловчи, ватанпарварлик, халқпарварлик ҳиссини уйғотувчи муқаддасликларга эга. Бу ҳақиқатни биргина Шайх Нажмиддин Кубро мисолида англаб етиш мумкин.

Чингизхон лашкари Хоразмга яқинлашганда, Муҳаммад Хоразм­шоҳ қўрқ­қанидан қочиб кетади.

Юрт эгасиз қолади. Шайх воқе­лик­ларни таҳ­лил этиб, му­рид­ларига мурожаат эта­­ди: “Бу бало Машриқу Мағрибни яксон этади, ёндириб кул қилади. Сизлар ҳар бирингиз ўз юртингизга боринг, ўз жонингизни асраш па­йида бўлинг”. Асҳоблари: “От-уловлар тайёр, агар биз билан кетишни ихтиёр этсалар, маъқул бў­ларди”, дейишсалар-да, шайх Наж­миддин Кубро қатъий: “Мен бу ерда шаҳид бўламан, менга Хоразмни тарк этишга рухсат йўқ”, деганлар.

Биргина ушбу мисол тасаввуф нима, деган саволнинг ойдин жа­воби бўлиб, бу таълимотни кенг ва баралла ёйиш заруратини анг­латади. Тасаввуфни инкор этувчи ёки чала тушунчада баҳоловчи­ларга ўринли жавоб ҳам бўлади. Демак, тариқатлар ва пири муршидлар ҳақидаги китоблар Қуръони карим ва суннати сания йўлидаги эҳтиёж манбалардир. Назарда тутилган китоблар эса диний таълим берувчи ўқув юртлари талабалари учун дарслик ёки муҳим қўлланма даражасидаги асарлар эканлиги, шунингдек, соҳага қизиқувчилар ва мухлислар учун му­ҳим дастур эканлиги билан ҳам эътиборга молик.

Суюндик МУСТАФО НУРОТОИЙ,
Абдумурод ТИЛАВОВ,
филология фанлари номзодлари

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 8-сонидан