Мақолалар

Омонликка қандай эришамиз?

Чоп этилди Noyabr 30, 2020 Омонликка қандай эришамиз?da fikr bildirishni o'chirish

Пандемия сингари юқумли ва ҳаёт учун хавфли касалликларни, шу каби балоларни бошимиздан кўтаришини Яратгандан сўрашда нималарга эътибор қаратишимиз керак?

Тарихда Юсуф алайҳиссалом Миср азизи (вазири)нинг аёли уни зинога чорлаган вақтда, энг аввало, Аллоҳ таолодан паноҳ сўраган. Марям онамизга Жибрил алайҳиссалом одам қиёфасида кўринганида, у зот ҳам, аввало: “Мен Раҳмондан сендан паноҳ беришини сўрайман”, деган. Демак, мусулмон бирор мусибатга йўлиқса, аввало, Аллоҳ таолодан бу балони даф қилишини, омонлик беришини сўраб дуо қилмоғи лозим.

Омонликка эришишни истаган киши эътиқодини тўғри, мустаҳкам қилади, шунингдек, солиҳ амаллар билан имонини кучайтиради. Буларнинг барчасига Аллоҳ таолога тавба, Унга қайтиш ва ибодатини сидқидилдан бажариш орқали эришилади. Зеро, Яратган балони фақат гуноҳ сабабли туширади ва фақат тавба сабабли кўтаради. Мана шунда инсон ҳам, жамиат ҳам қўрқувга тушмайди, балки омонликка эришади.

Қуръони каримда бундай келади: «Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотларга худди илгари ўтган (имонли) зотларни (ер юзига) халифа (ҳукмрон) қилганидек, уларни ҳам ер юзидаги халифа қилишни ва улар учун ўзи рози бўлган (Ислом) динини мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг хавф-хатарларидан сўнг хотиржамликка айлантириб қў­йишини ваъда қилди» (Нур сураси, 55-оят).

Ушбу оят Аллоҳ таолонинг солиҳ мўмин бандаларига ваъдасидир. Албатта Парвардигор ваъдасига ҳеч хилоф қилмас.

Омонликни имон рўёбга чиқаради. Имонсиз омонлик йўқ. Агар мўмин имонини мустаҳкам қилса, дунёда ҳам, охиратда ҳам (бало-офатлардан) омонда бўлади: «Кимки мўмин бўлган ҳолда эзгу ишларни қилса, бас, у зулмдан (қилмаган гуноҳларига жавоб беришдан), камайишдан (савоби тўла берилмай қолишдан) ҳам хавфсирамас» (Тоҳо сураси, 112-оят).

Инсонларда имон-инсоф мустаҳкам, кучли бўлса, жамият нурафшон бўлади. Шунда инсонлар омонликда, қўрқмасдан, ваҳимага тушмасдан, шунингдек, ҳеч кимни қўрқитмасдан, ҳеч кимни ваҳимага солмасдан яшашади. Балки бошқалар содиқ мўминлардан бошпана сўраб келишади. Жонлари ва молларини ишониб топширишади. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганларидек: “Одамлар жони ва молини ишониб топширган киши мўминдир” (Имом Термизий ривояти).

Мўмин адолатни маҳкам тутиш, зулм­дан тийилиш орқали омонликка эришади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Имон келтирган ва имонларини зулм (ширк) билан қориштирмаганлар – айнан ўшаларга хавфсизлик (бордир) ва улар тўғри йўл топгандирлар» (Анъом сураси, 82-оят).

Саҳобалар ҳам адолатни ушлаб, омонликка эришишди. Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу адолатни татбиқ этганида осудалик ҳукмрон бўлди.

Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло зулмни Ўзига, сўнг бандалари орасида ҳаром қилиб бундай дейди: “Эй бандаларим, Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим. Шунингдек, уни сизларга ҳам ҳаром қилдим. Бас, ўзаро бир-бирларингизга зулм қилманглар”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам зулмдан қайтариб, уни қиёмат кунидаги зулматлардан бири эканидан огоҳлантирганлар: “Зулмдан сақланинг­лар. Албатта, зулм қиёмат кунидаги зулматлардандир”.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзларига мувофиқ имон ва адолат фақат инсоннинг биродарига муҳаббати билангина тугал бўлади: “Ўзингизга раво кўрган нарсани биродарингизга ҳам раво кўрмагунингизча ҳеч бирингиз (ҳақиқий) мўмин бўлмайсиз” (Имом Бухорий риовяти). Ўз биродарига муҳаббат қўйган инсон унга зулм қилмайди ва ёрдамсиз ҳам қолдирмайди.

Имон, солиҳ амал, ўзаро муҳаббат барқарор бўлган жамиятда одамлар тинч, хотиржам, бирдамлик ва муҳаббатда яшашади. Аллоҳ таоло ваъда қилган омонлик ҳукм суради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшилик улашувчи, ҳеч ким у инсондан қўрқмайдиган ва ундан ҳеч кимга ёмонлик етмайдиган кишини мўминларнинг энг яхшиси деб мақтаганлар (Имом Термизий ривояти).

Хулоса қилиб айтсак, Исломга эргашиш, набавий манҳажни татбиқ этиш, имон, солиҳ амал, атрофимиздаги муҳ­тожларга беғараз ёрдамимиз, карантин қоидаларига амал қилиш орқали бугунги синовли кунларни енгиб, омонликка эриша оламиз.

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,

Тошкент шаҳридаги “Новза” жоме масжиди имом-хатиби

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 8-сонидан