Дунё ва охират тинчлигини сўрайлик
Тарихга назар ташланса, барча замон ва маконларда давлатларнинг ривожланиб тараққий топиши, жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечириши тинчлик ва хотиржамликка боғлиқлиги аён бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўплаб ҳадисларида Аллоҳ таолодан тинчлик-хотиржамликни сўраб дуо қилишга буюрар эдилар.
Аббос ибн Абдулмуталлибдан ривоят қилинади. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ё Расулуллоҳ, менга Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўрайдиган нарсани ўргатинг”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таолодан хотиржамликни сўрагин”, дедилар. Бир неча кун ўтгач, у яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўрайдиган нарсани ўргатинг”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таолодан дунё ва охират хотиржамлигини сўра”, деб таълим бердилар (Имом Термизий ривояти).
Тинчлик ва хотиржамлик – энг улуғ неъматлардан. Шундай экан, инсонлар Аллоҳ таолодан доимо тинчлик-хотиржамликни сўрашлари, шу билан бир қаторда мавжуд тинчлик неъматини қадрлаб, шукр айтишлари лозим бўлади.
Бугун мамалакатимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг зиммасида Аллоҳ таолодан тинчлик ва хотиржамликни сўраш бурчи ётади. Зеро, тинчлик қарор топган жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш бўлади. Одамларнинг бир-бирларига бўлган ўзаро ишонч ва садоқатлари, меҳр-мурувватлари хотиржамлик асосини ташкил қилади.Тинчлик ва осойишталик ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини тўкис ва хотиржам адо этишлари учун ўта муҳимдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!» (Бақара сураси, 208-оят).
Ҳозирги зиддиятли ва мураккаб замонда тинчлик-хотиржамликка бўлган зарурат янада ошиб кетди. Шу боис ўзимизни ва фарзандларимизни бу олий неъматнинг қадрига етиб, асраб-авайлашга ўргатишимиз лозим. Зеро, пайғамбарларнинг ҳам йўли шундай:
«Эслaнг: Ибрoҳим (алайҳиссалом): “Эй Рaббим, бу (Мaккa) ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин”, деди» (Бақара сураси, 126-оят).
Бугун дунёда тинчлик-хотиржамлигини йўқотган мамлакат ва юртларнинг ҳамда уларда истиқомат қилаётган инсонларнинг аҳволи не кечаётгани ҳеч кимга сир эмас. Албатта, уларнинг аҳволига ачинамиз. Биз бу ҳолатлардан ўзимизга тегишли хулоса чиқаришимиз, Аллоҳ таолонинг бизга берган тинчлик неъматини қадрлаб, асраб-авайлашимиз лозим.
Шунингдек, уни турли ғаразли хуружлардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, манфур кимсаларнинг макр ва пуч ғояларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, Исломнинг эзгу ғояларини кенг тарғиб этишни долзарб вазифа сифатида билиб, шу асосда фаолият олиб бормоқ зарур. Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «… эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида сураси, 2-оят).
Тинчлик ва хотиржамлик барча замон ва маконларда инсонларнинг асосий мақсади бўлиб келган. Бу икки неъмат учун қилинган ва қилинаётган ҳаракату харажатлар ҳам сўзимизни тасдиқлайди.
Тинчлик ва хотиржамликка эришган банданинг саодатли эканини ҳадислардан ҳам билиб олсак бўлади: “Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, демак, унга дунё тўлиғича берилибди” (“Ал-адаб ал-муфрад”).
Инсон ўзидаги неъматнинг қадри ҳақида мулоҳаза юритиш, қанчадан-қанча инсонлар бу неъматдан бебаҳра эканини ўйлаб кўриш орқали яхши тушуниб етади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукрни адо этишига боғлиқ. Зотан, Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай деб марҳамат қилади: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Бордию ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси, 7-оят).
Тинчлик ва хотиржамлик ҳам сўз билан, ҳам амал билан шукри адо қилинадиган неъматлардан. Бу неъматнинг шукрини отахон ва онахонларимиз дуолари, ёшлар эса ўзларининг хатти-ҳаракатлари, ҳалол меҳнатлари билан бу шарафли бурчни адо этишлари мумкин. Ўз навбатида, бу билан муқаддас динимизнинг талаб ва тавсияларини ҳам амалга оширган бўламиз.
Аллоҳ таоло бутун оламнинг, хусусан, юртимизнинг тинчлик-хотиржамлигини барқарор ва бардавом, халқимизнинг ҳаётини фаровон қилсин!
Исомиддин АҲРОРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 19-сонидан