Мақолалар

Дуоларнинг қабул бўлиш омили

Чоп этилди Dekabr 2, 2020 Дуоларнинг қабул бўлиш омилиda fikr bildirishni o'chirish

Рабиъул аввал ойи қандай ой? Ҳижрийқамарий тақвим бўйича йилнинг (муҳаррам ва сафардан кейинги) учинчи ойи. У Ислом уммати учун энг севимли ойлардан бири саналади. Чунки бу ойда Аллоҳнинг сўнгги пайғамбари ва ҳабиби, сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссалом таваллуд топганлар. Шу боис бу ой “Мавлуд ойи” деб ҳам номланади.

Мавлуд нима дегани? Мавлуд луғатда “туғилиш” деган маънони англатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллуд топган Рабиъул аввал ойи муносабати ўтказиладиган маросим ва тадбирлар “Мавлуди Набий” дейилади.

Мавлуд ойи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни янада қаттиқроқ севишга интилиш, сийратларини ўрганиш, у зотга ҳар бир ишда эргашиш, янада кўпроқ салавоту дурудлар йўллаш ойидир.

Бу ойни қандай ўтказиш керак? Бу ойни Пайғамбар алайҳиссаломни янада кучлироқ севишга интилиш, сийратларини ўрганиш, у зотга ҳар бир ишда эргашиш, кўпроқ салавоту дурудлар йўллаш билан ўтказиш лозим.

Салавот нима дегани? “Салавот” сўзи араб тилидаги “салот” сўзининг жами бўлиб, “дуо” деган маънони англатади. Салавот қандай айтилади? Саҳобалар розийаллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ё Расулуллоҳ, сизга салавот айтиш қандай бўлади?” деб сўраганларида у зот алайҳиссалом: “Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва аъла оли Муҳаммадин, кама соллайта аъла Иброҳийма ва аъла оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд. Аллоҳумма барик аъла Муҳаммадин ва аъла оли Муҳаммадин, кама барокта аъла Иброҳийма ва аъла оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд”, деб айтинглар, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Салавот айтишнинг фазилатлари

Салавот айтиш бахилликдан узоқ қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳузурида зикр қилинсам, менга салавот йўлламаган киши бахилдир”, деганлар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).

Салавот айтиш дуо қабул бўлишининг омилидир. Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:“Ҳар бир дуо Пайғамбарга салавот айтилмагунча, осмон ва Ер ўртасидаги парда туфайли тўхтаб туради, салавот айтилса, ўша парда кўтарилади”, деганлар.

Салавот айтиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларига ноил этади. Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:“Менга жума кунида ва жума кечасида кўп салавот айтинглар, бас, ким шундай қилса, мен унга қиёмат куни гувоҳ ва шафоатчи бўламан”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Салавот айтиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин қилади. Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:“Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп салавот айтганлардир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло салавот айтувчиларнинг гуноҳини мағфират этади, даражасини кўтаради. Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади. Ўн даража юксалтирилади”, деганлар (Имом Насоий ривояти).

Салавот айтувчиларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эшитадилар. Абдуллоҳ ибн Абу Вафо розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жума куни менга салавотни кўпайтиринглар. Албатта, менга етказилади ва мен эшитаман”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).

Салавот айтинг:

– ҳар дуонинг аввали ва охирида;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмларини айтганда ва эшитганда;

– таҳорат олгандан сўнг;

– жаноза намозининг иккинчи такбиридан кейин;

– масжидга кираётганда ва чиқаётганда;

– бошга мушкул тушганда ва хурсандчиликда;

– ҳар намоздан сўнг;

– уйқудан турганда ва уйқуга ётишдан олдин;

– Қуръони каримни хатм қилгандан кейин;

– тонг отганда ва қуёш ботганда;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни соғинганингизда…

Демак, ҳар кун, ҳар соатда салавот айтинг: Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад.

Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 20-сонидан