Мақолалар

Тил офатларидан сақланайлик!

Чоп этилди Dekabr 5, 2020 Тил офатларидан сақланайлик!da fikr bildirishni o'chirish

Тил, нутқ Аллоҳ таолонинг инсониятга ато этган энг улуғ неъматларидан. У орқали инсонлар бир-бирлари билан муомала-муносабатга киришиб, фикрларини, мақсадларини ва ички кечинмаларини баён қилади. Энг асосийси, у билан Раббисига ибодат қилади: Қуръон ўқийди, зикр-дуолар, муножотлар қилади, яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаради, яхши сўзлар айтиб, одамларга қувонч улашади ва ҳоказо.

Албатта, бу неъматни доимо яхшилик учун ишлатиш талаб этилади. Мўмин ҳар бир сўзини обдон ўйлаб, кейин гапириши керак. Акс ҳолда, бу суяксиз тил бошқаларга озор бериб қўйиши мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши сўз айтсин ёки жим турсин”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Яна бир ҳадисда: “Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир”, дейилган (Муттафақун алайҳ).

Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир куни кетаётганимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқинлашиб: “Эй Аллоҳнинг расули, менга мени жаннатга киритадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг”, дедим. У зот: “…Сенга ўшаларнинг ҳаммасига молик бўлган нарсанинг хабарини берайми?” дедилар. “Ҳа, эй Аллоҳнинг Набийси”, дедим. Бас, у зот тилларини ушлаб: “Мана буни тийгин!” дедилар. Шунда мен: “Эй Аллоҳнинг Набийси, биз гапирган нарсамиз учун албатта (иқобга) олинамизми?” дедим. “Онанг азангни тутсин, эй Муоз. Одамларни тилларининг маҳсули дўзахга юзтубан туширмаса, нима туширар эди?!” дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Ҳақиқатан, тилнинг офатлари кўп: бемаъни, бефойда, одобсиз, фаҳш, ёлғон сўзларни сўзлаш, ўзгаларни масхаралаш, уларнинг айбларини айтиб, устларидан кулиш, ғийбат қилиш кабилар. Буларнинг ҳаммаси динимизда қораланган. Чунки бундай сўзлар жамиятда низо-жанжал ва адоватни келтириб чиқаради. Абу Бакр розийаллоҳу анҳу тилини фойдасиз гап-сўзлардан тийиш мақсадида оғзига тош солиб юрган.

Тил офатларининг энг ёмони – ёлғон гапириб, ёлғон гувоҳлик бериш. Ёлғончилик барча разилликлар онаси, кулфатларнинг боши, қабиҳ ишларга бошловчи, обрўни тўкувчи иллатдир. Шунинг учун динимизда ҳатто ёш болани тинчлантириш учун ҳам ёлғон ишлатиш маъқулланмайди.

Абдуллоҳ ибн Омир ибн Робиа розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйимизга ташриф буюрдилар, мен кичкина бола эдим, ўйинга берилдим. Онам менга: “Олдимга кел, сенга бир нарса бераман”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унга нима бермоқчи эдинг?” дедилар. Онам: “Хурмо бермоқчи эдим”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Билиб қўй, агар ҳеч нарса бермаганингда, ёлғончи деб ёзилиб қолардинг”, дедилар» (Имом Абу Довуд ва Имом Байҳақий ривояти).

Беҳуда, фойдасиз сўзларни сўзлаш ҳам тилнинг офатларидандир. Бандага тил бунинг учун берилмаган. Балки у билан Раббисини улуғлаши ва ўзи учун фойдали бўлган нарсаларни сўзлаши керак. Агар инсон беҳуда, фойдасиз гаплардан ўзини тийса, қанчалар вақтини тежаб қолган, балки гуноҳдан ҳам тийилган бўларди.

Абу Зарр розийаллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга бундай дедилар: “Баданга енгил, мезонда оғир амални сенга ўргатайми?” “Ҳа, эй Аллоҳнинг расули”, дедим. У зот: “Жим юриш, гўзал хулқ ва беҳуда гаплардан тийилиш”, дедилар» (Имом Абу Дунё ривояти).

Тилга эрк бериш инсонни ёлғон, ғийбат, чақимчилик, ахлоқсизлик, фаҳш ва адоватга бошлайди. Бундай офатларидан сақланиш учун бемаъни суҳбатлар, зиёфатлар, мажлислардан, шунингдек, нодон, ахлоқсиз кишилар билан ҳамсуҳбат бўлишдан сақланиш керак.

Қиличбек ЭЛМУРОДОВ,
Тошкент шаҳар “Қўйлиқ ота” жоме масжиди имом ноиби

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 21-сонидан