Мақолалар

Кимлар саҳоба дейилади?

Чоп этилди Dekabr 5, 2020 Кимлар саҳоба дейилади?da fikr bildirishni o'chirish

Саҳоба деганда кимлар тушунилиши, истилоҳда кимлар назарда тутилиши ҳақида кўп таърифлар мавжуд. Аксар уламолар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳаётлик вақтларида кўрган, ул зотнинг Расулуллоҳ эканликларига имон келтирган ва шу имон билан дунёдан ўтган зотлар саҳоба дейилади», деганлар.

Бу таърифдан қуйидагилар маълум бўлади. Саҳоба бўлиш учун:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳаётлик вақтларида кўрган бўлиши керак.

Бундан билиниб турибдики,Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга замондош бўлиб яшаган, ул кишининг Расулуллоҳ эканлигига имон келтирган, лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмаган буюк зотлар бўлган. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмаганлари учун саҳоба бўлолмаганлар. Гарчи мўмин бўлиб, замондош бўлиб яшаган бўлсалар-да.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўрмасдан имон келтириб ёки имон келтириш мақсадида ул зотнинг зиёратларига келган-у, бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни оламдан ўтган кунлари келган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак жасадларини кўрган, жанозаларида иштирок этган зотлар ҳам бўлган. Улар ҳам ҳаётлик ҳолларида кўрмаганликлари учун саҳоба саналмайди.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлик вақтларида имон келтирган бўлишлари керак.

Асри саодатда шундай кишилар бўлганки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрганлар, яқин бўлганлар, лекин ўша вақтда имон келтириш насиб қилмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оламдан ўтганларидан кейин имон келтириб, ҳидоятга кирганлар.

Улар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳаётлик вақтларида имон кетирмагани учун саҳоба саналмайди.

3. Келтирган имонларига содиқ қолган бўлишлари керак.

Асри саодатда яшаган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрган, ул зотга имон келтирган, лекин кейинчалик имондан қайтиб муртад бўлганлар ҳам бўлган. Улар ҳам имонларига содиқ бўлолмаганликлари учун саҳоба саналмайди.

Ҳа азизлар! Саҳоба бўлиш – буюк бахт. Саҳобалар фазли ҳақида жуда кўп ривоятлар бор.

Уларнинг орасида тириклик вақтларидаёқ Аллоҳ улардан рози эканлиги хабарини бериб, ҳақига оят нозил бўлганлари бор.

Уларнинг орасида кўплаб оятлар нозил бўлишига сабаб бўлганлари бор.

Уларнинг орасида инсонийлик фикрига мувофиқ, унинг фикрларини қўллаб оятлар нозил бўлганлари бор.

Уларнинг орасида тириклик вақтларидаёқ жаннатийлиги башорат берилганлари бор.

Уларнинг орасида фаришталар билан мунтазам ҳамсуҳбат бўлганлари бор.

Уларнинг орасида фаришталарни кўрганлари бор.

Уларнинг орасида вафотларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга жаннатдаги ҳолатлари кўрсатилганлари бор.

Уларнинг орасида жасадларини фаришталар ювганлари бор….

Ҳа азизлар! Уларнинг таърифига тил, васфига қалам ожиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг саҳобаларим йўлчи юлдузларга ўхшайди. Қайси бирига эргашсангиз ҳам, албатта, ҳидоятга бошлайди», деб бежиз айтмаганлар. Аллоҳ улардан рози бўлсин!

Миршавкат ТЎЙЧИЕВ,
Паркент туманидаги «Беш-каппа» жоме масжиди имом-хатиби

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 21-сонидан