Гуноҳнинг кичиги ҳам – гуноҳ
Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: «Одамлар мендан: “Бу гуноҳи кабирами ё сағирами?” деб гуноҳларнинг катта-кичиклиги ҳақида сўрашади. Менинг эса жавоб бергим келмайди. Чунки улар бу саволларни гуноҳнинг каттасидан сақланиб, кичигини қилса бўлаверади, деган фикрда беришади. Ахир, кичик чўғни пулинг ва кийимларинг турган сандиқ ичига солиб қўйсанг, чўғ сандиғингу ундаги бойликларинг у ёқда турсин, ҳатто уйингни ҳам куйдириб юборади-ку!»
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: “Истиғфор айтиш билан катта гуноҳ катталигича қолмайди ва майда гуноҳларда бардавом бўлиш билан улар майдалигича қолмайди” (Имом Байҳақий ривояти). Яъни, истиғфор билан катта гуноҳлар ҳам ўчиб кетади, тўхтамай гуноҳ қилавериш билан майда гуноҳлар ҳам каттага айланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг наздидаги катта гуноҳ одамлар наздида кичик ҳисобланганидир. Аллоҳ наздидаги кичик гуноҳ одамлар наздида катта бўлганидир”, дедилар.
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Гуноҳкор гуноҳини катта билиб қўрқса, у гуноҳ Аллоҳ наздида кичраяди ва уни кечиради. Аммо гуноҳини кичик санаса, Аллоҳ таоло наздида катта гуноҳга айланади. Чунки кичик гуноҳлар давом этиши билан каттариб бораверади”.
Аввом ибн Ҳавшабдан ривоят қилинади: “Гуноҳдан кейинги тўрт нарса ўша гуноҳнинг ўзидан-да ёмондир: уни кичкина санаш, ғурурланиш (яъни, шунга ҳам кечирим сўрайманми, деб ўйлаш), гуноҳ билан хурсанд бўлиш ва унда давом этиш”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Гуноҳни паст санашдан сақланинг, чунки улар жамланиб инсонни ҳалок қилади”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам онамиз Ойша розийаллоҳу анҳога: “Эй Ойша, гуноҳларни кичик санама, чунки унинг ҳам Аллоҳ тарафидан сўровчиси бор”, деганлар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Гуноҳнинг ошкорасини ҳам, махфийсини ҳам тарк этингиз! Албатта, гуноҳ қилганлар қилмишлари туфайли жазоланурлар» (Анъом сураси, 120-оят).
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: Битта гуноҳнинг 10 ёмон оқибати бор.
– Аллоҳнинг ғазаби келади;
– Аллоҳнинг душмани – шайтонга яқинлашади;
– жаннатдан узоқлашади;
– дўзахга яқинлашади;
– ўз нафсига зулм қилади;
– қалбига доғ тушади;
– елкасидаги икки фариштага азият беради;
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қабрларида хафа қилади, чунки умматнинг ҳар бир амали у зотга кўрсатиб турилади;
– гуноҳига ерни, кеча ва кундузни гувоҳ қилиб, уларга озор беради;
– одамлар ва бошқа махлуқотларга хиёнат қилади. Одамларга хиёнати шуки, агар у бирор кишига гувоҳлик берса, гуноҳи туфайли гувоҳлиги қабул бўлмайди. Махлуқотларга хиёнати эса, унинг гуноҳи туфайли ерга балою офатлар ёғилиши мумкин.
Демак, гуноҳларнинг каттакичиклигидан қатъи назар, барчасини тарк этиш лозим бўлар экан.
Хуршид АСЛАНБАЕВ,
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 21-сонидан