Мақолалар

РАСУЛУЛЛОҲ, СИЗНИ ЖУДА СОҒИНДИМ…

Чоп этилди Dekabr 6, 2020 РАСУЛУЛЛОҲ, СИЗНИ ЖУДА СОҒИНДИМ…da fikr bildirishni o'chirish

Дилда имон сустлигидан қийнар алам,
Ибодатлар сувратдадир, ҳақиқат кам,
Қуръон ўқиб, кўзларда йўқ бир томчи нам,
Қалб ўртанса, писанд қилмас ҳиссиз танам,
“Мен”у “Ўзим” баҳсларидан оғриндим мен,
Расулуллоҳ, сизни жуда соғиндим мен.

Сўзга гоҳо ёлғон кирса, қийналмас тил,
Нафсим билан ўртамизда ўтмайди қил,
Гуноҳларга тўлиб борар – китобим зил,
Нафсиз ўтган дамлар кунмас, ой эмас, йил,
Зор кўнгилнинг сўроғидан оғриндим мен,
Расулуллоҳ, сизни жуда соғиндим мен.

Риёкорман, гарчи кўзга тақводорман,
Қайда пулдор, мансабдор бор – хокисорман,
Тилим ширин, қалбим аччиқ хатокорман,
Азобларни ёдга олмас гуноҳкорман,
Мол-дунёни тарк этолмай оғриндим мен,
Расулуллоҳ, сизни жуда соғиндим мен.

Кибру ҳаво одатий ҳол, қаҳрим ёмон,
Дўстлар танбеҳ айтса, гўё ўтман чунон,
Ғазаб қайнар иш битмаса гар ногаҳон,
Мўмин деган сифатимдан қолмай нишон,
Бугун шайтон васвасидан оғриндим мен,
Расулуллоҳ, сизни жуда соғиндим мен.

Ҳайҳот, мени очлик эмас, тўқлик эзар,
Зиёфат деб, оёқларим тинмай кезар.
Парҳези йўқ, ҳаром, шубҳа, қилмас ҳазар,
Дунё зебу зийнатлари умрим безар,
Тўймас кўзим балосидан оғриндим мен,
Расулуллоҳ, сизни жуда соғиндим мен.

Илму ҳикмат оширмоқ-чун изланиш йўқ,
Ғафлат билан ўтмаган бир ёзу қиш йўқ,
Топталаман олға томон, ҳеч силжиш йўқ,
Ортга қайтмас олтин дамни қизғаниш йўқ,
Сароб кетган нақдларимга оғриндим мен,
Расулуллоҳ, сизни жуда соғиндим мен.

Тингловчи дўст, сен сўзимга осгин қулоқ,
Мен гирифтор бўлган ишлар бўлсин сабоқ,
Шайтон ва нафс маккорона қўйса тузоқ,
Ҳабибимиз тузиб берган суннатга боқ,
Машойихлар пандин олмай, оғриндим мен,
Расулуллоҳ, сизни жуда соғиндим мен.

Ташрифингиз оламларга раҳмат ва нур,
Имон сабаб қалбга буюк неъмат кирур,
Чин мўминга икки дунё ҳурмат, сурур,
Мендек осий гуноҳкор ҳам умматмидур?
Уммат файзи – сизни истаб, оғриндим мен,
Расулуллоҳ, сизни жуда соғиндим мен.

Соғиндиму кўрмоққа кўз лойиқмикан,
Гуноҳ юки азиз бошим қуйи буккан,
Ҳаёсизлик ором бермай санчар тикан,
Қошингизда қад кўтариш мушкул экан,
Ул висолга мос келолмай оғриндим мен,
Расулуллоҳ, сизни жуда соғиндим мен.

Бу зиндонда тўсилгандир ўнгу сўлим,
Умид қилдим ҳар тонг саҳар сўнгги йўлим,
Мен бадкорни қаршиламас ҳатто ўлим,
Кетай десам – юзим қаро, қуруқ қўлим.
Ижобатсиз дуойимдан оғриндим мен,
Расулуллоҳ, сизни жуда соғиндим мен.

Эй Қодир-о, Сенга аён кўп ташвишим,
Ожизликдан ўзга эмас қилган ишим.
Ҳеч бўлмаса ижобат қил, бир сўрашим,
Ҳабибинг-ла нурлантиргин кўрган тушим.
Бир бор тушда кўролмайин, оғриндим мен,
Расулуллоҳ, сизни жуда соғиндим мен.

Бугун барча қилмишингни ўйлаб уял,
Ҳақ инъоми – имонингга берма халал.
Ҳазратингни чиндан севсанг – энди тузал,
Набиюллоҳ тузган бу йўл қандай гўзал!
Ҳабибингдан айирма деб, оғриндим мен,
Эй бор Худо, Расулингни соғиндим мен.

Олимжон ОБИДЖОНОВ,
Қувасой шаҳридаги “Ислом” жоме масжиди имом ноиби

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 21-сонидан