Туббанинг мактуби
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинаи мунавварадаги илк ҳаётлари бошланишида ажойиб бир ҳодиса бўлган. У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинага ҳижратлари билан мусулмонлар учун янги саҳифа очилиб, тарихий давр бошланди. Исломнинг ёйилиши ва мусулмонлар ҳаракат тарзи яққол фаоллашди.
Расули акрам алайҳиссалом Масжиди Набавий қурилгунича Абу Айюб Ансорий розийаллоҳу анҳунинг уйида етти ой меҳмон бўлдилар. Бу қўноқликнинг кўп асрлик тарихи бор эди.
Етти аср олдин Мадинага (ўша пайтдаги Ясрибга) келган Яман ҳукмдорларидан Тубба Абу Кариб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада таваллуд топиб, Мадинага ҳижрат қилишларини яҳудий олимларидан билиб олади ва бу жойга уй қурдиради. Мактуб ёзиб, олтин муҳр билан муҳрлайди. Кейин Мадина олимларининг энг улуғига бериб, ўзи у кунларга етиб бормаса, наслдан наслга омонат қилиб, Хотамун набий алайҳиссаломга тақдим этишни буюради (Имом Ибн Асокир ривояти).
Воқеанинг қизиқ ва ажойиблиги шундаки, мактуб орқали Тубба ўша пайтдаёқ Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга имон келтириб, мусулмон бўлганди (Имом Аҳмад ривояти).
Авлоддан авлодга ўтган ўша уй Мадина олимларидан бирининг наслига мансуб Абу Айюб Холид ибн Зайд розийаллоҳу анҳуга тегишли бўлиб, Масжиди Набавийнинг шарқида эди.
Туббанинг мактубини асраб юрганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинага келаётганларини эшитишди. Хатни эгасига топшириш учун ишончли киши бўлган Сулайм қабиласидан Абу Лайлони юборишди. У Макка йўлида Пайғамбар алайҳиссаломни учратди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўриб, ёнларига чақирдилар ва:
– Сен Абу Лайломисан? – деб сўрадилар.
Абу Лайлодан тасдиқ жавобини олгач:
– Сенинг ёнингда Туббанинг мактуби бор. Уни менга бер! – дедилар.
Абу Лайло Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни танимас эди, ҳайратланиб сўради:
– Сен кимсан? Юзингда сеҳргарлик аломати йўқ. Менда хат борлигини қаердан билдинг?
– Мен Муҳаммадман! Мактубни бер!
Абу Лайло омонатни беркитган жойидан чиқариб, Пайғамбар алайҳиссаломга топширди. Ҳазрат Абу Бакр розийаллоҳу анҳу хатни ўқиб бергач, Оламлар сарвари соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч марта:
– Марҳабо, солиҳ биродар Тубба! – деб хитоб қилдилар.
Абу Лайлога эса ортига қайтишни буюрдилар. Абу Лайло мадиналикларга Пайғамбар алайҳиссалом келаётганларини айтди. Шаҳар аҳли олиб келган хушхабари туфайли унга иззат-икром кўрсатди (Имом Ибн Асокир ривояти).
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 9-сонидан