Уловда намоз ўқиш
Киши, гарчи уловда кетаётган мусофир бўлса ҳам, намоз ўқимоқчи бўлганида, фарзларини уловдан тушиб, қиблага юзланиб, адо этиши керак. Шариатимиз уловда кетаётган мусофир кишининг нафл намоз ўқишида енгиллик ва рухсатлар берган.
Мусофир киши сафари давомида фақат нафл намозлар (фарз ва вожиб намозлардан бошқа намозлар)ни уловнинг барча турларида: хоҳ у енгил ёки юк ташувчи машина бўлсин, хоҳ сувда юрувчи ёки ҳавода учувчи восита бўлсин, ўтириб, имо-ишора қилиб ўқишига шариатимиз рухсат беради.
Бу ҳақда Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. У зот айтадилар: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам нафл намозларини улов минган ҳолатларида қиблага йўналмасдан ҳам ўқир эдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Нафл намозларини улов устида ўқиш ҳақида “Ал-мавсуъатул фиқҳийя” китобида бундай дейилган: “Мусофир киши нафл намозларни, улов қайси тарафга қараб кетишидан қатъи назар, улов устида ўқиши жоиз эканига уламолар иттифоқ қилишган”. Демак, нафл намозларни улов устида ўқиш мумкин.
“Ҳидоя” китобида фарздан олдинги ва кейинги суннатлар ҳам нафллар қаторига киради, дейилган. Шундай экан, фарз намозларидан олдинги ёки кейинги суннат намозларини ҳам мусофир киши уловда ўтириб ўқиса бўлади. Лекин мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: “Бомдоднинг суннатини уловдан тушиб ўқиш афзал. Чунки у бошқаларига нисбатан таъкидлироқ”, деганлар (“Ал-мавсуъатул-фиқҳийя”). .
Фиқҳий китобларимизда нафл намозларини уловда ўқиётган кишининг қиблага юзланиши шарт қилинмаган. Демак, улов қайси томонга қараб кетаётган бўлса, унинг устида киши ўша томонга қараб нафл намозини ўқиб кетаверади.
Фарз ва вожиб намозларни уловда ўқиш
Мусофир киши беш вақт фарз ва витр намозини енгил машина ёки юк уловларида узрсиз ўтириб ўқиши жоиз эмас. Сабаби, бундай намоз ўқилганда қиём, руку, сажда каби фарз амалларни ерга тушиб бажаришга қодир бўлатуриб, бажармаган ҳисобланади. Натижада ўқилган намоз дуруст бўлмайди. Бу ҳақда Ибн Умар розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. У зот айтдилар: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафар пайтида уловлари қаерга қараб кетишидан қатъи назар, фарзлардан бошқа намозларни имо-ишора билан улов устида ўқир эдилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
“Ал-мавсуъатул фиқҳийя” китобида бундай дейилган: “Ҳанафийларнинг наздида фарздан бошқа вожиб амаллар ҳам бор. Масалан, витр намози. Витр намозини узрсиз улов устида ўқиш жоиз эмас. Шунингдек, тиловат саждасини ҳам улов устида адо қилиш жоиз эмас.
Уламоларимиз юқоридаги маълумотларга суяниб, фарз ва вожиб ҳамда жаноза намозларини енгил ёки юк автоуловларида узрсиз ўтириб ўқиш дуруст эмас, дейдилар.
Фиқҳий китобларимизда узрли ҳолатлар баён қилинган. Жумладан, “Муҳит” ва “Фатавои ҳиндийя” китобларида қуйидаги ҳолатлар узрлардан деб саналган:
1) уловдан тушса, ўзига, молига ёки уловига йиртқич ёки душман тажовуз қилишидан қўрқиш;
2) уловдан тушса, моли ёки улови ўғриланишидан қўрқиш;
3) уловдан тушса, беморлиги зиёда бўлиши;
4) уловдан тушса, қарилиги ёки беморлиги сабабли уловга қайтиб минишига кўзи етмаслиги;
5) уловдан тушса, ер лой ёки сув бўлиб, ерда намоз ўқишга умуман шароит бўлмаслиги.
Демак, юқорида зикр қилинган бешта узрдан бири бўлса, фарз ва вожиб намозларини мусофир киши машинада ўтириб, имо-ишора қилиб адо этиши мумкин. Аммо узрлардан бири бўлмасдан туриб, машинада ўтириб намоз ўқиса, намози дуруст бўлмайди. .
“Раддул муҳтор” китобида бундай дейилган: “Узр сабабли улов устида ўқилган намозни узр кетганидан кейин қайта ўқимайди”.
“Хулосатул фатаво” китобида фарз ва вожиб намозларни узр сабабли уловда ўқиётган киши имкон бўлса, албатта, қиблага юзланиб ўқийди. Мабодо, қиблага юзланишнинг имкони бўлмаса, улов кетаётган тарафга қараб намозини адо этиши мумкин дейилган.
Поезд, кема ёки самолётда намоз ўқиш
Агар мусофир киши поезд, кема ёки самолётда кетаётган бўлса-ю, унда қиблага юзланиб, тик турган ҳолда руку, сажда қилиб намоз ўқишга имкон ва шароит бўлса, албатта, намозни барча қонун-қоидаларига амал қилиб, мукаммал ҳолда адо қилади. Агар имкон ва шароит бўлмаса, мусофир киши намозни қазо қилмасдан, ўтириб, имо-ишора қилиб, улов кетаётган тарафга қараб адо қилади. Бунга уламоларимиз қуйидаги ояти каримани далил қиладилар: «Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди» (Бақара сураси, 286-оят).
Агар улов автобус бўлиб, намоз вақтида тўхтамайдиган бўлса ва тўхтатишнинг ҳам иложи бўлмаса, мусофир киши намозни қазо қилмасдан ўтирган жойида имо-ишора билан улов кетаётган тарафга қараб ўқийди. Баъзи уламолар: “Автобусда мана шундай ҳолатда ўқилган намозни киши манзилига етганидан кейин эҳтиёт нуқтаи назаридан қайта ўқиб олиши мақсадга мувофиқ”, деганлар.
Ҳайдовчи уловини ҳайдаш пайтида ҳеч бир намозни ўқиши дуруст эмас. Чунки унинг қўл ва оёғи ҳаракатланиб туради ва бундай ҳолатда намоз бузилиб қолади. Бу ҳақда “Хулосатул фатаво” китобида бундай дейилган: “Ҳайдовчи уловни ҳайдаш жараёнида нафл ёки фарз намозларни ўқиши жоиз эмас”.
Ғуломиддин ХОЛБОЕВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 9-сонидан