Мақолалар

Савобнинг баҳоси

Чоп этилди Dekabr 13, 2020 Савобнинг баҳосиda fikr bildirishni o'chirish

Ҳаётнинг турган-битгани синов. Унинг чи­ғириғидан ўтмоқ учун турфа қийинчиликлар­га дуч келамиз. Аммо Аллоҳ таоло шундай меҳ­рибон Зотки, у ҳар бир кишининг тоқатига яраша ғам-ташвиш, мусибат ҳам беради. Кимки ана шу синовларга сабр қилса, юксак мақомларга эришади.

Тақдир аталмиш турмуш чорраҳаларида турфа қисмат, муаммоларни ечишнинг ажо­йиб бир йўли борки, буни фақат комил инсонларгина юракдан ҳис қила оладилар.

Агар киши ўз ҳожати раво бўлишини хоҳласа, иложи борича ўзгаларнинг ҳожати­ни раво айлаши керак. Бир мўминнинг кўнглига шодлик етказиш савоби жуда улуғ. Донишманд ва ориф зотлар савоб ишни ҳаёт махзани деб билишган.

Бир куни Искандар Зул­қарнайн қабулига ҳеч ким келмади. Оқшом тахтдан тураётиб: «Мен бугунни умрим ҳисобида санамайман», деди.

– Нега? – сўрашди.

Ҳукмдор жавоб берди:

– Мискин ва ночорларнинг ҳожати раво бўлмаса, уни қандай қилиб умр ҳисобига қўшиш мумкин?

Машойихлар барча нарсанинг уволи бор, бироқ савобнинг уволи йўқ, деганларида ҳам бу эзгу амалнинг нақадар беназир, нақадар зарур экан­лигини назарда тутган бў­лишса, не ажаб.

Савоб фақат моддият билан белгиланмайди. Бир инсон қалбини шодлантириш, зулм кўрганларнинг пешонасини силаш, жамоатни чиройли лутф ила сийлаш ҳам савобларнинг улуғидир.

Искандар Зулқарнайндан сўрадилар:

– Ҳукмдорлик лаззатини нимадан топдингиз?

Деди:

– Душман ҳолини забун этишдан, дўстларни севинтиришдан, муҳтожлар ҳожати­ни раво қилишдан.

Кўп йиллик кузатишлардан маълумки, уч тоифа одамда савоб ишга мойил­лик сезилмайди. Булар: паст­кашлар, бахиллар ва ҳасад­гўйлардир. Яна уч тоифа одамда қалб юмшамайди. Булар: жоҳиллар, худбинлар, мунофиқлар. Шу боис эсини таниган одам шу иллатга гирифтор кишилардан йироқ юриши лозим.

Савобнинг яхшиси – беминнати. Савобнинг улу­ғи – ихлос билан қилингани. Араб­ларда Маъан бинти Заида исмли саховатли муслима яшаган. У топганини киши­ларга хайр-эҳсон қилган. Кимгадир мурувват кўрса­таётганида чеҳраси офтоб мисол кулиб турган.

Ўзаро машварат чоғида Бузургмеҳрдан сўрадилар:

– Саховат бобида заминни ёмғири ила сийлаган булут аъломи ёки Маъан?

Жавоб берди:

– Шубҳасиз, Маъан бинти Заида.

– Сабаб?

– Чунки булут нима берса, йиғлаб беради. Маъан бинти Заида эса нима берса, кулиб беради.

Ҳусайн Воиз Кошифий­нинг “Ахлоқи муҳсиний” кито­бида қуйидаги ҳикоят эъти­боримизни тортди.

Бир мамлакатнинг под­шоҳи ҳажга боришни ихтиёр этибди-ю, лекин йиллар ўтса ҳам, ниятига етолмабди. Шунда вазирлар тўпланишиб: “Муҳтарам зот, чиндан ҳам мамлакатни ташлаб кетишингиз хатарли. Боз устига, мусулмонликнинг бешинчи фарзи ҳам бажарилиши керак. Биз бир чорасини топ­дик. Давлатингиз соясида яшаётган хокисор дарвеш бор. У олтмиш марта ҳажни адо этган. Илтимос қилиб кўрсак, ана шу амалнинг биттасини сотар”, дейишди.

Бу гапни эшитган ҳукмдор дарвешнинг ёнига борди. Дунё лаззатларидан воз кечган ориф бир марталик ҳажи учун бир олам олтин сўради. Шунда хоқон: “Менда шунча бойлик йўқ, демак, қўлни ювиб, қўлтиққа ураверсам бўлар экан-да”, дея ранжибди. Дарвеш эса кулиб: “У ҳолда халқ учун бир соат адолат қилганнинг савобини олтмишта ҳаж савобига алмаштиргин, агар хўп десанг, мен кўпроқ фойда кўрган бўламан”, деди у.

Қарангки, инсонларга яхшилик қилиш муҳтожларнинг ҳолидан хабар олиш, маънавий ва руҳий далда бериш савоби қанчалар юксак! Бу ҳикмат ва ҳақиқатни ҳар бир киши юрагига жойлаб олса, қандай яхши…

Абдумутал ҳожи АБДУЛЛАЕВ

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 9-сонидан