
Фитнага аралашган адашади
Ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши жамиятнинг осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқ бўлган. Тинчлик – барча миллат ва элатлар қаторида ўзбек халқининг ҳам асраб-авайлайдиган энг олий қадриятларидан ҳисобланади. Қуръони каримда 50 дан зиёд сурадаги юзлаб оятларда инсонлар тинчликпарварлик ва бағрикенгликка чақирилган.
Сўнгги йилларда давлатимиз Раҳбари бошчилигида юртимизда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва эришилган ютуқлар замирида ҳам айнан мамлакатда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик ётгани ҳеч кимга сир эмас.
Афсуски, бугунги кунда қора кучлар томонидан Яқин Шарқ минтақасида, қўшни Афғонистонда қонли тўқнашувлар уюштирилиб, сиёсий ва иқтисодий танглик келтириб чиқарилмоқда. Мазкур ҳудудларда гўёки ҳақиқий “исломий давлат” қуриш шиори остида очиқдан-очиқ зўравонлик, ваҳшийликларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар кўпайиб кетди. Ушбу ҳолат биздан доимо огоҳлик ва ҳушёрликни, содир бўлаётган ҳодисаларга зийрак кўз ва теран нигоҳ билан қарашни талаб этади.
Таассуфки, Ислом динини ниқоб қилиб олган бузғунчи кучлар ижтимоий тармоқларнинг ўзбек контентида Ироқ ва Сурия каби мамлакатларда террорчилик ҳаракатлари олиб бораётган жангариларни қўллаб-қувватлашга тарғиб қилмоқда. Хусусан, шу кунларда инстаграм тармоғида мутаассиб ғоялар тарғиботчиларидан бири фуқароларимизни жангариларга қарши кураш олиб бораётган Сурия ва Россия Федерациясига қарши гўёки “жиҳод” қилишга чақиряпти.
Таъкидлаш жоизки, бу каби радикал ғоя тарғиботчилари “ҳижрат”, “жиҳод” каби диний тушунчаларни бузиб талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг тарбиясидан чалғитиш, тинчлик ва омонликда яшаётган ватанларини тарк этишга чақирмоқда. Уларнинг асл мақсадлари алданган ёшларни қуролли тўқнашувлар кетаётган Сурия, Ироқ, Ливия ёки Афғонистон каби мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангари ёки “тирик бомба”га айлантиришдан иборатдир.
Шу ўринда юқорида келтирилган тушунчаларга изоҳ берадиган бўлсак, “ҳижрат” сўзи луғатда бирор нарсадан ажраш, тарк этиш, истилоҳда эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Макка шаҳрини тарк этиб, Мадина шаҳрига боришларига қиёсан Ислом дини йўлида мусулмонларнинг яшаб турган ерларини ташлаб, бошқа юртларга кўчиб кетиши назарда тутилади. Бироқ ғараз мақсадларни кўзлаётган кимсалар “ҳижрат килмаганлар кофир, куфр юртида яшамоқ куфр” деган сохта даъво билан ватандошларимизни алдамоқчи бўлишяпти.
Аслида Ислом таълимотига мувофиқ, Ислом диёри бўлган, яъни, аҳолисининг 90 фоизидан зиёди мусулмон бўлган, мўминлар ўз эътиқодларига тўла-тўкис амал қиладиган, азон айтиладиган, беш вақт намоз, жума ва ҳайит намозлари эмин-эркин адо этиладиган, йил сайин масжид ва мадрасалари ҳамда ҳожилари кўпаяётган, хуллас, фуқаролари хотиржам ҳаёт кечираётган Ўзбекистон каби мамлакатдан “ҳижрат” қилинмайди.
Айни вақтда Абу Усмон Мужошиъ ибн Масъуд ривоят қилган ҳадисда «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ…”, дедилар», (Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий; Саҳиҳи Бухорий, Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ; 3078–3079-ҳадислар) дейилганини ҳам эслаш жоиз.
Ўз навбатида, “жиҳод” сўзи “жидду жаҳд”, яъни мақсадга эришиш йўлида бор имкониятини ишга солиб, ҳаракат қилиш маъносини англатади. Хусусан, дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларни ишга солиб ҳаракат килаётган ўсмирни илм йўлида жиҳод қилмоқда, деса бўлади. Ҳадисда айтилади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига жиҳодга изн сўраб келди. Шунда унга: “Ота-онанг борми?” дедилар. “Ҳа”, деди. “Бас, икковлари (хизмати)да жиҳод қил!” дедилар».
Бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг наздида жиҳоднинг афзали ҳавои нафсингга қарши жиҳод қилмоғингдир”, деб таъкидлаганлар.
“Жиҳод” тушунчаси такрор ва такрор Ислом уламолари томонидан шарҳланиб, жиҳод бу – жанг қилиш эмаслиги, араб тилида урушни англатувчи “қитол” сўзи мавжудлиги алоҳида таъкидланган бўлса-да, радикал оқимларнинг тарғиботчилари доим ёшлар онгида “жиҳод” қуролли кураш деган тушунчани шакллантиришга ҳаракат қилади.
Ваҳоланки, “жиҳод”нинг асосий негизи Ислом ва унинг асосларини инсонларга тўғри талқин этишдир. Бунга турли фиқҳ китобларида жиҳод боби борлиги ҳужжат бўла олади. Мазкур асарларда инсонларни яхшиликка чорлаш ва ёмонликдан қайтариш жиҳоднинг асосий мағзи экани баён этилган.
Имом Нававий “Ал-Манҳаж фий аввал китаб ал-жиҳад” асарида “жиҳод”нинг таърифи ва турлари баёнида “…яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш” марказий ўринда туришини баён қилган. Имом Дирдийр “Ақроб ал-Масалик” номли асарининг “Жиҳод” бобини шариат илмларини тарқатиш, яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш вожиб эканини тушунтириш билан бошлаган.
Ислом оламининг етук олимлари томонидан бугунги кунда мусулмонлар эмин-эркин яшаётган мамлакатлар ислом диёри экани нуқтаи назаридан, “жиҳод” бу – ўша давлатларнинг мудофааси бўлиши лозимлиги, ушбу мамлакатларда беқарорлик келтириб чиқараётганлар эса фитна қилаётгани таъкидланмоқда.
Шу ўринда, инстаграмда ўзбекларни гўёки “жиҳод” қилишга чақираётган профил эгасига савол. Фараз қилайлик, Сурияга “жаннат” излаб борган ака-укалардан бири вазият тақозоси билан “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” жангариларига, иккинчиси эса ўзини “Ислом давлати” деб атаётган гуруҳга бориб қўшилди. Маълумки, бу иккала гуруҳ ҳукуматга қарши чиқиш баробарида, ўзаро ҳам жанг олиб бормоқда. Хўш, жанг майдонида улар ўзаро рўбарў келиб қолса, ака-укалардан қайси бири “мужоҳид”, қайси бири эса Ислом душмани саналади? Бир-бирларини ўлдиришса, қайси бири шаҳид бўлади, қайси бири дўзахга тушади? Ушбу саволларга жавоб битта. Сурияда ҳам, Ироқда ҳам, Афғонистонда ҳам ҳеч қандай “жиҳод” бўлаётгани йўқ, балки бузғунчи кучлар томонидан катта фитналар амалга оширилмоқда. Юқорида айтилган профил эгаси эса ёвуз ниятли ҳомийларга малайлик қилиб, ёшларимизни ушбу фитна оловига отишни истайди.
Ислом таълимотида бегуноҳ одамларни ўлдириш, уларнинг мулкига эга чиқиш, аёлларини ўзларига ҳалол деб эълон қилиш каби қабиҳ ишлар орқали фитна чиқариш, халқнинг хавфсизлиги ва хотиржамлигини бузиб, таҳликага солиш катта гуноҳлар экани маълум.
Мусулмонларга фитнада қатнашиш Қуръони каримда қатъий ман этилган: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (Зот)дир” (Анфол сураси, 25-оят).
Имом Бухорий ҳазратлари Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда мусулмонлар фитнадан огоҳлантирилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Фитналар содир бўлганда тик тургандан кўра ўтирган афзалдир. Тик турган эса, юриб кетаётгандан, юриб кетаётган эса югуриб кетаётгандан афзалдир. Ким фитнага аралашиб қолса, ҳалокатга учрайди ва кимки фитнадан паноҳ топса, дарҳол яширинсин!”
Уламолар ушбу ҳадисларни мусулмон одам жамиятда беқарорлик келтириб чиқарувчи фитналардан қанчалик узоқда бўлса, ўзи ва мусулмон жамияти учун шунчалик фойдали бўлади, деб шарҳлайдилар.
Ёшларимиз юқоридаги ҳадислардан тўғри хулоса олиб, фитна бўлаётган жойларга югурмасликлари, она-Ватани ва оиласи бағрида илм ва ҳалол ҳунар эгаллаб, камол топишлари лозим.
Масаланинг яна бир жиҳати шундан иборатки, бугунги кунда 6,5 миллиондан зиёд фуқаро жон сақлаш мақсадида Сурияни тарк этган бир пайтда террорчи ташкилотларнинг домига илинган шахслар ушбу мамлакатга турмуш ўртоқлари ва болаларини ҳам етаклаб бораётгани на мантиққа сиғади, на Ислом таълимотига тўғри келади.
Зеро, Қуръони каримда Аллоҳ таоло барчамизни огоҳлантириб айтади: “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара сураси, 195-оят).
Террорчи ташкилотлар сафида бўлган, жанговар ҳаракатлар давомида аянчли ўлим топган ёки Ироқ ва Сурия қамоқхоналарида жазо ўтаётган шахсларнинг турмуш ўртоқлари ва болалари аянчли аҳволда, бир бурда нонга зор, абгор ҳолатда қолиб кетмоқда. Бегуноҳ норасида болаларнинг руҳий ва жисмоний қийинчиликларда қолиб кетишига бир томондан ота-оналарининг нотўғри қадам босиши сабаб бўлган бўлса, асосий айбдорлар четда туриб, интернет орқали уларни алдаётган, мусулмонлар орасига фитна солаётган бузғунчиларнинг қўлида “қўғирчоқ” бўлаётган кимсалардир.
Ҳаётимизда жамият барқарорлигига рахна солиши мумкин бўлган айрим ноқонуний хатти-ҳаракатларни кўриб кўрмасликка оладиган, тинчликни асраш фақат давлатнинг иши деб ўйлайдиганлар ҳамда фарзандлар тарбияси ва юрт келажаги билан қизиқмайдиган фуқаролар ҳам борлигини афсус билан қайд этиш лозим.
Ёш авлодни ватанпарвар, халқпарвар, миллий ва диний қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш нафақат ҳукуматимиз, балки жамоат ва диний ташкилотлар, ҳар бир оила, ҳар бир ота-онанинг бурчидир.
Ўткир ҲАСАНБОЕВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 10-сонидан