Имом Абу Мансур Мотуридий. Тавҳид китоби
Аразлар (сифатлар)нинг яратилганлиги
Таъкидлаш жоизки, ҳар қандай жисм ё ҳаракат ҳолатида ёки тинч ҳолатда бўлади. Бу икки ҳолат бир жисмда бир вақтнинг ўзида содир бўлиши мумкин эмас. Жисм босиб ўтган барча вақт ҳаракат ёки тинч ҳолат учун сарфланади.
Ҳар қандай яримлик сифатига эга бўлган нарса ниҳояланувчидир. Ҳаракат билан тинч ҳолат азалдан бир вақтда содир бўла олмаганига кўра, иккисидан бирининг кейин вужудга келгани аниқ. Жисмдаги ушбу ҳаракат ёки тинч ҳолатлардан бирининг азалда яратилмагани иккинчи ярмининг аҳволи ҳам шундайлигини юзага чиқаради. Юқорида айтилган жараён бир жисм маълум бир вақтда ё ҳаракатда ёки тинч ҳолатда бўлишини исботлайди.
Шунингдек, ҳар бир жисм доимий ҳаракатда ёки доимий тинч ҳолатда бўлади. Бу эса шуни англатадики, жисм устида содир бўлаётган ушбу икки ҳолат жисмни уларга боғлиқ қилиб қўяди, бўйсундиради ҳамда бошқаларнинг манфаатларига хизмат қилдиради. Демак, ҳаёт сифатига эга бўлмаган оламдаги жавҳарларининг сифати шундай экан, бу уларнинг яратилганига далилдир. Чунки бу нарсалар ўз зоти билан тура олмайди, лекин бошқа нарсаларга бўйсуниб, таслим бўлиб, турли эҳтиёжи йўлида ишлатилади. Агар жавҳарларнинг асл моҳияти шундай бўлса, демак, жавҳар ичида ва жавҳарлар билан қарор топадиган, улар билан кун кўрадиган тирик мавжудотларнинг яратилгани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Аслида тирик мавжудотлар табиатан турли нарсаларга муҳтож ҳолда яратилган. Тавфиқ Аллоҳдандир.
Яна бир далил шуки, олам қуйидаги ҳолатлардан холи эмас:
а) қадим; бу қадимликда ўзининг жамланиш ва ажралиш, ҳаракат ва сукунат; кир ва тоза; чиройли ва хунук; ортиқ ва кам хусусиятлари билан бирга бўлади. Бу хусусиятлар ҳиссиёт ва ақл орқали яратилгани маълум. Чунки икки зид нарса бир ерда жамланмайди. Демак, улар кетма-кет содир бўлган. Бу ҳолатда кейин пайдо бўлиш сифати мавжуд. Борлиқдаги барча кейин пайдо бўлган нарсалар олдин бўлмаган. Шунингдек, юқорида айтилган сифатлардан таркиб топган ва улардан олдин пайдо бўлмаган нарсалар ҳам кейин пайдо бўлган нарсалар сирасига киради.
б) ёки табиат бу хусусияти бўлмаган бир аслдан ижод этилган ва хусусият натижада ўзида вужуд топмоқ сурати ила унга интиқол этган (ўтган)дир. Шундай экан, оламнинг яратилгани аён бўлмоқда. Бу ҳудус (кейин пайдо бўлган)ни инкор этган тамалдан йиқилур. Агар аҳвол бундай бўлмаса, уни ижод этган “Илк” – “Биринчи” эса, худди биз “Яратувчи” (“Борий”) деганимиз Зотдир. Агар интиқол (ўтиш) ҳақида гап борса, илк ўртадан кўтарилган ва ундан ташқари(да) бир нарса вужуд бўлган (вужуд топган), демакдир. Бу охиргиси илк бўлмагани (учун)дан Яратилмиш (муҳдас), илк эга, иккинчига интиқол этмоқ сурати ила йўқ бўлганидан яратилмиш мақомидадир.
Шуни ҳам аниқлашимиз керак, бир нарсадан ташкил топган (пайдо бўлган) иккинчи нарса ё унда яширин бўлур ва зуҳур этур ёки унда иҳдас этилур (янги нарса ижод қилинур) ва туғиш йўли билан намоён бўлур. Ёки биринчи талаф (йўқ), иккинчи пайдо бўлур. Бу ерда бошқадан зуҳур этган (кўринган, пайдо бўлган) нарса(нинг мисоли) бола ёки дағал қўйилган нарсадир. Бундай пайдо бўлиш (ташкил топиш) ҳолидаги бир нарса ҳажмининг бир неча қатламининг ичида бўлган нарсада бўлмоғи имконсиздир. Бу сабабли ҳам инсон нутфа ичида, ёғоч эса данак ичида эканини илгари сурган қараш асоссиз саналур. Пайдо (ташаккул) бўлишнинг қувват билан майдонга келганини (намоён бўлганини) айтганнинг аҳволи ҳам шундайдир.
Шу тариқа сўз мавзуи намоён бўлишда “пайдо бўлган, вужудга келган” билқувва (куч билан) эмас, билфеъл (ҳаракат) билан мавжуд бўлгандир; ёки “илк” аввал нутфа, сўнгра жонлига ва шунга ўхшаш нарсаларга интиқол этиб, асари қолмайдиган тарзда йўқ бўлур, иккинчи борлиқ “Илк”нинг ҳеч бир изини ташимайдиган тарзда пайдо бўлур; бу тизимда эса, ҳам “Илк”нинг ҳамда иккинчининг яратилгани аён бўлади.
Бир киши: “Сизнингча, охиратда жавҳарларнинг бақоси узлуксиз давомлилик арз этмаган бир ҳаракатли восита (механизм) билан мумкин бўлишига кўра, ортга қараб узлуксиз давомлилик арз этмайдиган тарзда қидами ҳам нечун жоиз бўлмасин? (Таржимон изоҳи: Ислом олимлари охират ҳаётининг давомлилигини “тажаддуди имсол” тизими билан изоҳлайдилар. Тажаддуди имсол – ўхшашларнинг, яъни айни моҳиятда бўлган сифат ёки аразларнинг бирин-кетин давом этароқ янгиланиши маъносида келади. Жонлилардаги ҳужайраларнинг ўзгариши каби жаннат ва жаҳаннамдаги инсонларнинг аслида араз-хусусият ташиган ҳаёти Илоҳий қудрат пайдо қилган воситали ҳаракат, ҳаракатли восита (механизм) ила бирин-кетин, кетма-кет янгиланароқ давом этади.
Жавоб берилади: Бунинг бир неча сабаблари бор. Улардан бири танокуз (зидлик) заруратидир. Шундайки, “Ҳадис”нинг маъноси бир замонлар йўқ экан, кейинроқ бор бўлмоқ. Ҳадисдан (шу сабабли) аввал мавжуд бўлмаган бир нарсада ҳадис хусусияти ҳақиқий маънода (ҳақиқатда) бордир, бундайига қидам нисбат этмоқ унинг тамал сифатига зиддир. Бақонинг маъноси эса, замон бирликларининг келажак бўлимида – қисмида бор бўлмоқдир. Шу ҳолатда ўзи билан бирга бошқасининг бўлиб-бўлмаслигининг фарқи йўқ. Шу сабаблики, Қидам билан Бақо бир-биридан айри мақомларга соҳибдир.
Иккинчи хусус шу: сен сўз мавзуи қилган Бақо (охират ҳаётининг давомийлиги) насс билан собит бўлган. Буни ё қабул қиларсан (қилсанг) (у ҳолда, насс билан собит бўлган жавҳарлар яратилмишлиги ҳам зарурат қозонур) ё қабул қилмассан (қилмасанг), бу ҳолда ҳам нассга таянароқ (деймизки) табиат яратилганини инкор этишинг асоссиз иддаога айланур. Ёрдам сўраладиган Ёлғиз Аллоҳ таолодир.
Яна бир нарса, фақат ўзидан аввал бўлган бир бошқа (ғойр) билан бор бўла олур ва бу тобелик барча бошқалар учун ҳам шарт бўлса, бу ҳолда ҳам ўзининг, ҳам бошқанинг бор бўлмоғи мумкин эмас. Бақо аҳволи бунга ўхшамайди. Кўряпсанми, бири наригисига “(Бошқа) бир нарса емасдан (емоқдан), (бошқа) ҳеч нарса ема!” деса, бу тобелик ҳар “бошқа” учун шарт бўлса, одам ҳеч вақт бир нарса еёлмаганнинг аҳволида қолур. Бунга муқобил “Қачон бир луқма есанг, (бошқасини) иккинчисини ҳам е!” деса, у давомли емоқ ҳолида (аҳволида) бўлур. Юқорида келган мавзу ҳам худди шундай. Ҳисоб юз бериб, саноқларнинг қатланмоқ амалиёти ҳам шу тамалга таянади. Ўртача бошланғич қабул қилинадиган бир бирлик қўйилмаса, ҳисоб деган нарса ташаккул этмоғи (ташкил топмоғи) ҳеч қачон мумкин бўлмас. Бунга муқобил бир бошланғич вужудга келса (келган бўлса), воқе бўладиган ортишлар тамали қурилган бўлур. Энди ҳисобнинг ортароқ илгарилаши доим имкон дохилидадур. Бутун куч-қудрат Аллоҳга оиддир.
Бу сўзланганларга шуни ҳам қўшгаймизки, сон (саноқ) сўз мавзуи бўлган ҳар ҳолатда ҳисобнинг бошланиши айтилур, чунки саноқ (сон) бундан ҳаракатланиб маълум бир рақамга етур. Фақат ниҳоятидан сўз юритилмайди. Шу сабабли ҳол бошланиши билан натижа фарқли мақомлардан жой олади.
Йўлдош ЭШБЕК таржимаси
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 10-сонидан