Ҳожатни Аллоҳдан сўраш – шарт
Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир ЭЛОВ билан суҳбат
– Ассалому алайкум, домла. Бухорои шариф қадимдан азиз авлиёлар, илмли, кароматли зотлар вояга етган замин ҳисобланади. Дунё аҳли бу маконни етти пирга бешик бўлган табаррук жой, дея эъзозлайди. Аммо етти пир кимлар эканини ҳамма ҳам билмайди. Шу боис, аввало, уларни эслаб ўтсак…
– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Тўғри айтдингиз. Уларни эслаб ўтсак, билмаганлар учун билим, билганларга такрор бўлади. Кетма–кетликда биринчи Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларидир. У зот милодий 1103 йили Ғиждувонда таваллуд топган. Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг шогирди, халифаси бўлганлар. Хожагон тариқатининг беназир муршиди комилларидан. Тариқатининг услуби хуфя зикрдир. Бизгача “Рисолаи тариқат”, “Рисолаи соҳибия”, “Васиятнома” асарлари етиб келган. 1179 йили вафот этган.
Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий милодий 1132 йили Ревгар қишлоғида туғилган. Умрларининг асосий қисмини шу қишлоқда ўтказиб, деҳқончилик билан шуғулланган. Юз йилдан зиёд умр кўриб, ١٢٣٤ йили вафот этган. Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий Фағна қишлоғида туғилган. Қишлоқнинг ҳозирги номи Анжирбоғ. Унинг касби гилкорлик (лой-сувоқ ишлари билан шуғулланувчи) бўлган. 1286 йили вафот этган. Хожа Али Ромитаний милодий 1191 йили Ромитан тумани Қўрғон қишлоғида туғилган. “Хожаи Азизон” номи билан машҳур бўлган. Мато тўқиш билан шуғулланган. ١٣٢١ йили вафот этган. Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий милодий 1259 йили Самос қишлоғида туғилган. Деҳқончилик билан шуғулланган. Ҳузурига янги туғилган Баҳоуддин Нақшбанд олиб келинганида ҳақига дуо қилиб: “Буни маънавий фарзандликка қабул айладик”, деган. 1354 йили вафот этган. Саййид Амир Кулол милодий 1281 йили Сухор қишлоғида дунёга келган. Манбаларда кулолчилик билан шуғуллангани, шу сабабдан “Кулол” тахаллусини олгани тўғрисида ёзилган. «Мақомоти Амир Кулол» асарида Соҳибқирон Амир Темур Саййид Амир Кулолнинг ҳузурларига келиб, дуо сўрагани келтирилган. 1370 йили боқий оламга кўчган. Еттинчи пир саналган Хожа Баҳоуддин Нақшбанд милодий 1318 йили Қасри Ҳиндувон қишлоғида туғилган. Кейинчалик қишлоқнинг номи Қасри Орифонга айланади.
Халқ орасида Баҳоуддин, Хожа Баҳоуддин, Хожайи Бузрук, Шоҳи Нақшбанд номлари билан ҳам машҳур. Асл исми Муҳаммад. Кимхобга нақш солиш ҳунари билан машғул бўлгани учун “Нақшбанд” тахаллусини олган. “Баҳоуддин” сўзи “Диннинг нури” деган маънони англатиб, Хожа Нақшбандга кейинчалик берилган фахрли унвондир. ١٣٨٩ йили 71 ёшида вафот этган.
– Баъзи кишилар тариқат соҳиблари, тасаввуф алломаларини диндан алоҳида тасаввур қилишади. Ҳолбуки, пири комиллар тариқатлари асоси Қуръони карим ва ҳадиси шарифдир. Шундай эмасми?
– Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари айтади: «Бизнинг тариқатимиз “Урватул вусқо”, яъни, мустаҳкам тутқичдир». Мустаҳкам тутқич бу – Қуръони карим. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Оли Имрон сураси ١٠٣-оятида «Ҳаммангиз Аллоҳнинг“арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг», деб амр қилган.
Энди учта ҳадис келтирайлик. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга икки нарсани ташлаб кетмоқдаман. Уларни маҳкам тутсангиз, ҳаргиз адашмайсиз: Аллоҳнинг Китоби ва менинг суннатимдир”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Нўъмон ибн Башир розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Огоҳ бўлинглар! Инсон танасида бир гўшт парчаси бор. Агар у соғлом бўлса, бутун тана соғлом бўлади, у бузилса, бутун тана бузилади. У қалбдир”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Мен яхши хулқларни камолига етказиш учун юборилдим” (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадисларни нега келтирдим? Чунки пири комиллар тариқатининг асосини мана шу ҳадисларда кўраман. Абдулхолиқ Ғиждувоний: “Эй фарзанд, илм билан бирга одобни ҳам ўрган. Зеро, одобсиз одам Аллоҳ лутфидан маҳрумдир”, дейди. Баҳоуддин Нақшбанд эса: “Бизнинг йўлимиз пайғамбар мутобаатига урмоқдур. Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига эргашиш ва саҳобаи киром осорига иқтидо қилмоқ ва бу йўлда оз амал билан кўп футуҳга етишдур. Аммо суннат мутобаати улуғ ишдурки, ҳар киши бу тариқимиздин юз ўгирса, анга дин хатарлидур”, деганлар.
Уларнинг асосий вазифаларидан бири тариқат илмини суҳбат орқали етказиш ҳам бўлган. Тариқат пирлари инсонларга суҳбат орқали Аллоҳга етиш йўлини кўрсата билган ва уларни садақа билан кун кўриб яшашдан қайтарган. Яна бир тарғиботлари “Зикрул хафий”дир. Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд инсонни манманликдан қайтариш учун паст овозда зикр қилишга чақирган. Аслида бу ҳақда Қуръонда оят бор. Шуларнинг ўзи нотўғри тушунча ва чигал тасаввурларни бартараф этишга кифоядир.
– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир ҳадисларида дин деб дунёни, дунё деб дин ишини ташлаб қўймаганлар умматнинг энг яхшилари экани айтилади. Нақшбандия тариқатининг улуғвор ғояси ҳам ҳаммага таниш – “Дил ба Ёру, даст ба кор”, яъни, “Қалбинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин…”
– Ана кўрдингизми? Уларнинг йўли диндан айри бўлмагани учун ҳам Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби аллома зотлар нақшбандия тариқатида бўлишган. Тариқат ўгитлари кенг тарғиб қилинган. Асрлар ўтса-да, ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг ўгитларига халқ орасида ҳали-ҳануз амал қилиб келинмоқда.
– Балки илм етишмаслигиданми, одамлар орасида бирор ҳожати борлар зиёрат асносида улуғ зотлар руҳига мурожаат қилиб, ёрдам сўраган ҳоллари учрайди. Баъзан дарахтга латта боғлаш ё қабр бошида жонлиқ сўйишдай бидъат ишлар содир бўлади. Бу ишлар васила қилишни яхши билмасликдандир. Шунинг учун тавассул ҳақида ҳам тушунтириб ўтсангиз.
– Тавассул, яъни васила қилиш – бир ишни битириш учун бошқа кишига унинг яхши кўрган одами воситасида мурожаат қилиш. Шариатда бирор–бир ёмонликни даф қилиш ёки яхшиликни талаб этиш учун Аллоҳ таолога илтижо қилганда Аллоҳга яқин бандаларни васила қилишга айтилади. Жумҳур уламолар васила қилиш жоиз деб топган. Аллоҳ таоло Моида сураси, ٣٥–оятида: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга (яқинлаштирувчи савобли ишлардан) васила (восита) излангиз», деб буюрилган.
Уламолармиз василани бир неча қисмга бўлади. Аллоҳ таолога Унинг гўзал исм ва сифатлари билан дуо қилиш: «Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Унга ўша исмлар воситасида дуо қилинглар» (Аъроф сураси, 180-оят). Яхши ва солиҳ амалларни восита қилиб Аллоҳдан сўраш. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган машҳур саҳиҳ ҳадис шарифда уч киши ғорда экан, катта харсангтош ғор оғзини тўсиб қўяди. Шунда улар Аллоҳга солиҳ амаллари билан тавассул қилади. Аллоҳ уларни ғордан халос этади.
Ҳаёт бўлган солиҳ кишиларнинг дуолари билан тавассул қилиш. Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳу қурғоқчилик йилларида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни, амакилари Аббосни васила қилиб ёмғир сўраган. Бу ҳақда Имом Бухорийнинг китобларида саҳиҳ ривоятлар бор.
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 10-сонидан