Бир зум ҳам ўз ҳолимизга ташлама!
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима розийаллоҳу анҳога дедилар: «Васиятимни диққат билан тингла ёки тонгда ва кеч кирганда бундай дегин: “Йа Ҳаййу, йа Қоййум, бироҳматика астағису. Аслиҳ лий шаъний куллаҳу ва лаа такилний ила нафсий торфата ъайнин”».
Маъноси: “Эй Барҳаёт, эй Абадий тирик Зот. Сенинг раҳматинг ила ёрдам сўрайман. Барча ишларимни Ўзинг тўғрилагин. Ҳатто кўз очиб юмгунча мени ўз ҳолимга ташлаб қўймагин” (Имом Насоий ривояти).
Ҳадисда оламлар Раббисига ҳақиқий бандалик қилиш, У зотга исм ва сифатларини васила этиб, яқин бўлишни таълим берувчи дуо ўргатилмоқда.
“Эй Барҳаёт, эй Абадий тирик Зот. Сенинг раҳматинг ила ёрдам сўрайман”. Аллоҳ таолога исм ва сифатлари билан ҳамду сано бўлсин. Парвардигор Барҳаёт, Абадий Тирик Зот, Раҳмон, Раҳимдир. Банда Унинг ёрдамига суянади ва Барҳаётлиги билан қўллаб– қувватлашини хоҳлайди. Барча нарсани қамраб олган раҳмати билан паноҳ тилайди. Шояд, шу туфайли дунё ва охират саодатига етишса.
Шундан сўнг банда Аллоҳ таолодан иш ва ҳолатларини ўнглашини сўрайди: “Барча ишларимни Ўзинг яхшилагин”. Яъни: “Менга тегишли барча нарса – хонадоним, оилам, қўшниларим, дўстларим, корхонам, таълимим, нафсим, қалбим, соғлигим… борасидаги ишларимни Ўзинг яхшилагин. Ё Раббим, тақдирим ва насибамни офиятли ва яхшиликда қилгин”.
Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг фазлидан. “Ҳатто кўз очиб юмгунча мени ўз ҳолимга ташлама”. Яъни, бир лаҳза бўлса ҳам, мени ожиз ва заифлигимга ташлаб қўйма. Балки менга доимо офиятни йўлдош эт. Куч-қудратинг билан қувват бер. Зеро, ким Аллоҳ таолога таваккал қилса, унга Унинг Ўзи етарлидир. Ким Парвардигордан ёрдам сўраса, паноҳ беради. Банда кўз очиб юмгудек муддатда ҳам Аллоҳ таолодан беҳожат бўлолмайди.
Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссалом ҳақида: “Агар уларнинг макрларини мендан нари тутмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қолурман” (Юсуф сураси, 33-) оятини нозил қилган.
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Яъни, агар мени нафсимга топшириб қўйсанг, уни енгиб олишга қодир эмасман. Фақат куч-қудратинг ила ўзимга зарар ёки фойда келтиришим мумкин. Сенга суянамиз ва Ўзингга топширамиз. Ўз ҳолимизга ташлаб қўйма”.
Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга бундай марҳамат қилди: “Агар (Биз) сизни (ҳақ йўлда) собитқадам қилмаганимизда, уларга бироз мойил бўлишингизга оз қолган эди” (Исро сураси, 74-оят).
Қатода розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий алайҳиссаломга ушбу оят нозил бўлганида: “Мени ўз ҳолимга ташлаб қўймагин”, дедилар».
Инсон ҳеч қачон ўзининг ақли, ҳимояси, фаҳми ёки қобилияти билан мағрурланмаслиги керак. У фақат Аллоҳ таолога таваккал этмоғи ҳамда: “Аллоҳ таоло қандай ҳам яхши, етарли вакилдир”, демоғи лозим. Сабаби, банда ўзини нафсига топшириш билан заифлик, ҳалокат, ҳожатмандлик, муҳтожлик ва ҳимоясизликка учрайди. Мана шунда у ҳар қандай ёмонликка яқинлашиб, яхшиликлардан узоқлашади.
Солиҳлар бундай дуо қилишарди: “Ё Аллоҳ агар ўз ҳолимизга ташлаб қўйсанг, дарҳақиқат, бизни заифлик ва муҳтожлик, гуноҳ ва хатокорликка топширган бўласан. Фақат раҳматингга суянамиз. Бизнинг барча гуноҳларимизни кечир. Зеро, гуноҳларни фақат Ўзинг афв этасан. Шунингдек, тавбамизни қабул эт. Албатта, Сен тавбаларни қабул этувчи Зотсан”.
Аллоҳ таоло бизни асло ўз ҳолимизга ташлаб қўймасин. Омин.
Манбалар асосида Тошкент вилояти бош
имом-хатиби ўринбосари Миродил МИРЖАЛИЛОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 10-сонидан