Мақолалар

Ким жаннатни истаса…

Чоп этилди Dekabr 23, 2020 Ким жаннатни истаса…da fikr bildirishni o'chirish

Жобир розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам орамизда туриб бундай дедилар: “Саҳобаларимни ҳурмат қилинглар. Сўнгра улардан кейин келадиганларни, сўнгра улардан ҳам кейин келадиганларни. Кейин ёлғон тарқалади. Ҳатто гувоҳлик сўралмаса ҳам, киши гувоҳлик беради. Ҳатто қасам ичиш сўралмаса-да, киши қасам ичаверади. Ким жаннатнинг ўртасини истаса, жамоатни лозим тутсин. Албатта, шайтон ёлғиз одамни танлайди. Икки кишидан эса узоқлашади. Огоҳ бўлинглар, ҳеч бир эркак бегона аёл билан хилватда қолмасин. Бу ҳолда шайтон уларнинг учинчиси бўлади. Яна огоҳ бўлинглар, кимни яхши иши хурсанд этса ва ёмон иши хафа қилса, у мўминдир” (Ибн Асокир ривояти).

Жуда кўп ўринларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мавъиза ва насиҳатни жамлар эдилар. Зеро, у зот алайҳиссалом калималарни жамловчидирлар. Ушбу ҳадиси шарифда ҳам умматларига бир неча ишни таълим бериб, айримларидан эса огоҳлантирмоқдалар.

Набий алайҳиссалом: “Саҳобаларимни ҳурмат қилинглар”, дейишларидан мурод саҳобаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини бериш, ҳурматларини жойига қўйиш ва уларни қадрлашга ундашдир.

“Сўнгра улардан кейин келадиганларни”. Саҳобалардан кейин келадиганлар борасида ҳам васият қилмоқдалар. Улар саҳобаларнинг фарзандлари ва тобеинлардир.

“Сўнгра улардан ҳам кейин келадиганларни”. Учинчи авлод борасида ҳам худди шу насиҳат. Булар табаа тобеинлардир.

“Кейин ёлғон тарқалади”. Яъни, булардан кейин бир авлод келадики, ҳеч кимнинг қистовисиз, мажбурловисиз ёлғон сўзлашади ва бу иллатни кўпайтиришади. Бу билан у зот алайҳиссалом яхшилик кетиб, ёмонлик тарқалишини назарда тутмоқдалар.

“Ҳатто гувоҳлик сўралмаса ҳам, киши гувоҳлик беради”. Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан: “Гувоҳларнинг энг яхшиси гувоҳлик талаб қилинмасдан олдин берилганидир”, мазмунида ҳадис ворид бўлган. Ушбу икки ҳадисни жамлаб уламолар бундай дейишади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Гувоҳларнинг энг яхшиси”, деганларидан мурод кишининг ҳақи поймол бўлмаслиги учун гувоҳликни яширмасликдир, ҳали талаб қилинмасидан бурун гувоҳлик беришдир.

Шу билан у ўзганинг ҳақини ҳимоя қилади. Аммо: “Ҳатто гувоҳлик сўралмаса ҳам, киши гувоҳлик беради”, деб айтишларида эса ҳақ эгасининг ҳақи аниқланиб бўлганидан кейин гувоҳлик берувчилар тушунилади. Бу ҳолатда уларнинг гувоҳликлари ортиқча. Уларга талаб, эҳтиёж ҳам йўқ.

Айрим уламолар: “Ҳатто гувоҳлик сўралмаса ҳам, киши гувоҳлик беради” деганларида гувоҳлик беришга ярамайдиган, омонатдор ва ишончли бўлмаган кишилар назарда тутилмоқда. Улардан гувоҳлик талаб этилмайди ва бунга мажбур қилинмайди. Лекин ўзлари келиб, гувоҳлик беришади”, деб шарҳлашади. Ҳадисда бу тоифа инсонларнинг эътиборсиз, шошқалоқ ва ишончсиз эканлари айтилмоқда.

“Ҳатто қасам ичиш сўралмаса-да, киши қасам ичаверади”. Ушбу замонда содир бўладиган ёмонликлардан яна бири кишининг бўлар-бўлмасга, ҳеч бир талабсиз қасам ичаверишидир. Бу унинг фосиқ, фожир ва Аллоҳ таолога журъатли эканидан дарак беради.

“Ким жаннатнинг ўртасини истаса”. Ким жаннатнинг ўртаси ва энг яхши маконини истаса, “жамоатни лозим тутсин”. Яъни, ҳамжиҳатликда иш тутинглар. “Албатта шайтон ёлғиз одамни танлайди”. Фирқаларга бўлинманглар, деб огоҳлантирилмоқда.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломдан ривоят қилади: “Ким итоатдан чиқиб, жамоатдан ажраса ва вафот этса, жоҳилият ўлимини топган бўлади”. Имом Бухорий ва Имом Муслимдан ривоят қилинган ҳадисда: “Мусулмонлар жамоасини ва уларнинг имомларини лозим тутинглар”, дейилган. Мен: “Агар уларнинг жамоатлари ва имомлари бўлмаса-чи?” деб сўрадим. Жавоб бердилар: “Барча фирқалардан узоқлаш. Вафот этиш пайтинг келгунича дарахтнинг илдизини тишлаб бўлса ҳам (жамоатни лозим тут)”.

Ҳофиз раҳматуллоҳи алайҳ: “Жамоатни лозим тутсин”, яъни мусулмонлар жамоасини ва уларнинг имомлари ёки раҳбарларини, деб шарҳлаган. Бир гуруҳ олимлар “жамоат” сўзида саҳобалар назарда тутилган, дейишади. Айрим уламолар эса, “илм аҳли”, дейишган. Сабаби, Аллоҳ таоло уларни халққа, дин ишларида уларга эргашган инсонларга ҳужжат қилган.

“Икки кишидан эса узоқлашади”. Яъни, шайтон яқин йўламайди. Жамоа икки кишидан бошланади. Бу ерда ёлғиз кишидан кўра, икки киши афзаллигига ишора бор.

“Огоҳ бўлинглар, ҳеч бир эркак бегона аёл билан хилватда қолмасин. Бу ҳолда шайтон уларнинг учинчиси бўлади”. Яъни, биронтангиз маҳрами ёнида бўлмаган ёки турмуш ўртоғи олдида бўлмаган аёл билан ёл-ғиз қолмасин. Имом Термизий ривоятида бундай келади: “Ҳеч бирингиз эри олдида бўлмаган аёлнинг ёнига кирмасин. Албатта, шайтон одам боласининг томирида юради”.

Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: “Ҳеч ким ёнида эри бўлмаган аёлнинг олдига кирмасин. Фақат ёнида бир ёки икки киши бўлса, майли”.

“Яна огоҳ бўлинглар, кимни яхшилиги хурсанд этса ва ёмон иши хафа қилса, у мўминдир”. Чунки қиёмат кунига ишонмайдиган мунофиққа яхшилик билан ёмонликнинг фарқи йўқ. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас” (Фуссилат сураси, 34-оят).

Манбалар асосида Исмоил НУРИЙМОН тайёрлади.

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 4-сонидан


Fatal error: Uncaught wfWAFStorageFileException: Unable to save temporary file for atomic writing. in /home/hidoyatu/public_html/wp-content/plugins/wordfence/vendor/wordfence/wf-waf/src/lib/storage/file.php:35 Stack trace: #0 /home/hidoyatu/public_html/wp-content/plugins/wordfence/vendor/wordfence/wf-waf/src/lib/storage/file.php(659): wfWAFStorageFile::atomicFilePutContents('/home/hidoyatu/...', '<?php exit('Acc...') #1 [internal function]: wfWAFStorageFile->saveConfig('livewaf') #2 {main} thrown in /home/hidoyatu/public_html/wp-content/plugins/wordfence/vendor/wordfence/wf-waf/src/lib/storage/file.php on line 35