Аёл – оиланинг биллур чироғи
Аллоҳ таоло аёл зотини эркакларга нисбатан таъсирчанроқ қилиб яратган. Бу аёлга бириктирилган муҳим вазифа – наслни давом эттириш ва болаларни тарбиялаш учун жуда муҳимдир. Мазкур илоҳий вазифага хилоф иш тутиш аёлнинг асл табиати, хилқатига мутлақо зиддир.
Аёлларнинг эркаклардай бўлишга ноўрин уринишлари, оламлар Парвардигори жорий қилиб қўйган қонунларга зид бу рақобат аёлларнинг асл вазифаларини унутиб қўйишларига сабаб бўляпти. Бу эса, ўз навбатида, оилалардаги хотиржамликка путур етказиб, жамиятда парокандаликларни келтириб чиқармоқда.
Табиатдан эркак ва аёлнинг жисмоний, руҳий ҳолати бир-бириникидан тубдан фарқ қилади. Лекин бу тафовут уларнинг тўлақонли ҳаёт кечириб, бахтли бўлишлари учун асло халал бермайди. Аксинча, бир-бирларидаги камчиликни тўлдиришда хизмат қилади. Ҳамма ишларда тенгҳуқуқли бўлиш эмас, балки ҳақ-ҳуқуқларда тенг бўлиш муҳимдир.
Аллоҳ таоло эркагу аёлнинг жамиятдаги ўрнига қараб, уларнинг ҳар бирига ўзига муносиб хусусият ато этган. Уларнинг ташқи кўриниши ва ички оламидаги ўзгачалик улуғ мақсад – оилавий саодатга етиш учун асосий омил ҳисобланади. Албатта, оиланинг бахтиёр бўлиши жамиятнинг фаровон бўлишини таъминлайди.
Аёл киши ўзининг вазифаси – вафодор ёр, меҳрибон она бўлишни садоқат билан адо этар экан, у асл аёллик хилқати ва хусусиятларини йўқотмайди. Аксинча, у ўзига муносиб бўлмаган иш ва вазифалар билан машғул бўлса, ор-номусини хатарга қўйса, у ҳолда аёлнинг латофати, гўзаллиги, нозиклиги ва қадр-қиймати йўқола боради. Оқибатда оиладаги меҳр-муҳаббат, тотувлик, фарзандлар тарбиясида нуқсонлар пайдо бўлади.
Инсоф билан айтадиган бўлсак, ҳеч биримиз – хоҳ эркак, хоҳ аёл – оиламиз мустаҳкамлиги ва фарзандлар тарбияси билан жиддий шуғулланмай қўйдик. Эркак: “Оиламни боқишим, болаларимни таъминлашим керак”, деб ўзини кўчага, касбу корга уради. Аёл ҳам шундай: “Оила таъминотида эримга ёрдам беришим керак, қўшимча даромад зиён қилмайди”, деган ўй-хаёл билан пул топиш, даромад қилишга уринади.
Эркакларни-ку, тушунса бўлади: хотин ва болаларнинг нафақаси уларга юклатилган, қолаверса, табиатлари ҳам шунга мос. Аммо аёлларнинг бу борадаги хатти-ҳаракатларини оқлаб бўлмайди. Чунки уларнинг оила ва фарзанд тарбиясидаги ўрнини бошқа бирор нарса билан тўлдириб бўлмайди. Улар тўлдиришга ҳаракат қилаётган моддий етишмовчилик эса ё эр, ё ота, ё акаука томонидан қопланиши мумкин. Гоҳида эса давлат томонидан белгиланган моддий ёрдамлар ҳам бу борада яхши кўмак бўлади.
Агар аёл киши ўзига муносиб тарзда ҳаёт кечирадиган бўлса, у ўзи яшаётган оила ва жамиятни жаннатдай гўзал қилиши мумкин. Аёл оила ва жамиятнинг биллур чироғидир. Тарих саҳифаларини кўздан кечирсак, баъзи машҳур аёллар бутун бошли миллатнинг ривож топиб, тараққий этишида муҳим ўрин тутганига гувоҳ бўламиз. Айни пайтда бошқа бир аёллар бутун бир давлат ёки халқнинг барбод бўлишига сабаб бўлган. Дарҳақиқат, нотўғри ахлоқ йўлини танлаган аёлларнинг ҳаёти ноумидлик, афсус ва надоматга тўладир.
Албатта, аёлнинг бахти, иффати ор-номусини ва оиласини авайлаб, эҳтиёт қилишдадир. Ислом бундай аёлларнинг қадрини, мартаба-мақомини юксакларга кўтариб қўйган. Муборак ҳадисларда: “Жаннат оналар оёғи остидадир”, деб марҳамат қилинган (Имом Суютий,“Жомеъус-сағир”).
Ҳа, меҳрибон ва мушфиқ она – оилавий роҳат-фароғат ва сокинлик манбаи бўлиб, ўзининг меҳр-шафқати билан оила аъзоларининг дилларию кўзларини қувнатувчи шамчироқдир. Ҳақиқатан, аёли меҳрибон, ширинсўз, вафодор бўлган эркак имкон қадар тезроқ уйига – оиласи бағрига қайтишга ошиқади. Фарзандлар ҳам ўқиш, машғулотлардан сўнг меҳрибон оналарининг бағрига талпинишади. Аёл вафодор қаллиқ, меҳрибон она бўлиб, оила аъзоларининг парвариши ва тарбияси учун қанчалик кўп эътибор берса, худди оҳанрабодек уларни доимо ўзига тортиб туради. Бундай аёлга эга бўлган хонадон энг бахтиёр ва тинч оила ҳисобланади.
Орамизда мансаб-мартаба эгаллаш ёки обрў-эътибор қозониш ёки ҳусну жамоли билан бошқаларни лол қолдириш орзусида елиб-югураётган аёл-қизлар ҳам йўқ эмас. Афсуски, улар ўз бахтларини кўчадан топмоқчи бўлишади. Оқибатда эса бахт деб югурганлари сароб бўлиб чиқади. Чунки улар ҳақиқий бахтлари – оиладаги ўринларини қандайдир арзимас нарсаларга алмашиб қўйишади. Агар улар ўзларини фарзандларни яхши парваришлаб, соғлом, зийрак ва одобли қилиб тарбиялашга бағишлаганларида нафақат ўзлари, балки жамият, давлат учун жуда ҳам катта фойда келтирган бўлишарди.
Фарзандларнинг ҳалол, фидойи, олижаноб, омонатдор инсон бўлиб вояга етиши оилавий муҳитга чамбарчас боғлиқ. Бола ҳеч қачон ўзидан-ўзи жамият, халқ учун керакли инсон бўлиб қолмайди. Бунинг учун ота-онанинг меҳр-муҳаббати, эътибори, таълим-тарбияси зарур. Бу масалада оналарнинг ўрнини ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайди.
Азиз НАЗАРОВ тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 4-сонидан