Мақолалар

Ҳомилани бирор сабаб билан олдириш жоизми?

Чоп этилди Dekabr 23, 2020 Ҳомилани бирор сабаб билан олдириш жоизми?da fikr bildirishni o'chirish

Савол: Ҳомиладорга ҳомиласини олдириш учун узрли ҳолатлар, сабаблар борми?

Жавоб: Исломда инсон ҳаёти азиз эканига алоҳида урғу берилади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир» (Моида сураси, 32-оят).

Қуръони карим инсоннинг она қорнидаги ривожланиш босқичларини аниқ баён қилган бўлса-да, лекин уларнинг давом этиш муддатини муайян вақтга белгилаб қўймайди. Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Қасамки, Биз инсонни (Одамни) лойнинг сарасидан яратдик. Сўнгра уни (инсон наслини, аввало) мустаҳкам қароргоҳ (бачадон)даги маний қилдик. Сўнгра (бу) манийни лахта қон қилиб яратдик, бас, лахта қонни парча гўшт қилиб яратдик, бас, парча гўштни суяклар қилиб яратиб, (бу) суякларга гўшт қопладик, сўнгра (унга жон киритиб, олдинги ҳолидан бутунлай) бошқача бир вужудни пайдо қилдик. Яратувчиларнинг энг гўзали – Аллоҳ баракотлидир!» (Мўминун сураси, 13–14-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Дарҳақиқат, ҳар бирингиз она қорнида қирқ кун мобайнида уруғ томчиси, сўнг шунча муддат лахта қон ва яна шунча муддат гўшт парча ҳолида бўлади. Сўнг унга фаришта юборилиб, руҳ пуфланади. Фариштага тўрт нарсани ёзиш буюрилган бўлади: (боланинг) ризқи, умри, амаллари ҳамда бахтли ё бадбахт бўлиши” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Мусулмон олимлари юқоридаги оят ва ҳадисларга таяниб, ҳомиладорликнинг аввалги тўрт ойи (120 куни)ни ҳал қилувчи давр, деб хулоса қилганлар. Ҳомила 120 кунлик бўлганидан сўнг унга тўлақонли инсон сифатида қаралади ва уни нобуд қилиш қотилликка тенглаштирилади. Шундан келиб чиқиб, ҳомилани (ўта жиддий сабаблар юзага келганида) олдириш учун мазкур тўрт ой ичида рухсат берилади.

Аммо жиддий сабабларсиз ҳомилани олдириш, гарчи 120 кунга тўлмаган бўлсада, асло мумкин эмас. Аллоҳ таоло ҳомилага ҳаёт ато этар экан, бирор жиддий сабабсиз ҳеч ким унинг тақдирига дахл қилолмайди. Ҳеч бир муаммонинг ечимига инсон ҳаёти эваз қилинмайди.

Қуйидаги сабабларга кўра (дастлабки тўрт ой ичида) ҳомилани олдиришга рухсат берилади: номусга тажовуз қилинганида; ҳомиланинг ривожланишида жиддий муаммо пайдо бўлганида (анэнцефалия – бош миянинг етишмаслиги), Даун синдроми, трисомия (ирсий ривожланишдаги бузилиш – инсон ДНКсидаги хромосомаларнинг ностандарт жойлашуви), мусбат таъсирга эга бўлган ОИТС, туғма қизилча синдроми, руҳиятдаги жиддий ўзгаришлар ва ҳоказо.

Аммо ҳомиланинг ривожланишида бирор иллат аниқланмаган, лекин онанинг саломатлигига жиддий катта хавф бўлса, у ҳолда адолатли, ишончли ва тажрибали мусулмон шифокорнинг маслаҳати билан ҳомила 120 кунлик бўлгунича олдириш жоиз.

Қайд этиш лозимки, булар ҳомилани олдиришга рухсат бериладиган истисно ҳолатлардир. Яна бир бор таъкидлаш лозимки, бунинг учун жиддий тиббий асослар зарур бўлади. Камбағалликдан қўрқиб ёки бола кўришни истамаслик боис ҳомилани олиб ташлашга мутлақо йўл қўйилмайди.

Савол: Туғилажак боланинг жинсини аниқлаш мумкинми?

Жавоб: Тиббий ускуналар воситасида она қорнидаги боланинг жинсини аниқлаш жоиз. Аммо мазкур воситалар орқали аниқланган маълумотга тўлиқ суяниб қолмаслик керак. Чунки бундай маълумотлар ҳар доим ҳам тўғри чиқавермайди. Одатда ота-оналар скрининг марказларидаги маълумотга суяниб, туғилажак фарзандлари учун ё ўғил ё қиз болага мўлжаллаб кийим-кечак ва ўйинчоқ-буюмларни харид қилишади. Бола дунёга келганида эса унинг жинси кутилганидан бошқача бўлиб чиқади ва ўртада ноқулай вазият пайдо бўлади. Шунинг учун яхшиси, то бола туғилмагунича унинг жинси борасида якуний хулоса қилмаслик керак.

Савол: Урф-одатларимизда кўзи ёриган аёллар қирқ кунгача кўчага чиқмай, “чилла” сақлашади. Бунинг шаръий асоси борми?

Жавоб: Чилла (уйдан чиқмай, қирқ кун ўтириш) сақлаш одати Қуръон, ҳадис кўрсатмаси ва солиҳ зотларнинг амалларига асосланмаган. Аммо нифоснинг қирқ кунгача чўзилиш эътиборидан аёллар шу кунларда намоз ўқимай, рўза тутмай туришади. Мазкур вақт мобайнида улар ҳам жисмонан, ҳам руҳан толиқишни бошидан кечиришади. Шу сабабли уларнинг то нифосдан покланиб, одатий ҳаёт тарзига қайтгунларича ўзларини эҳтиёт қилиб туришлари мақсадга мувофиқдир. “Чилла”нинг моҳияти шундан иборат бўлиб, у ҳаётий тажриба асосида шаклланган махсус бир эҳтиёткорлик, ўзини яккалаш ҳолатидир.

Абдулазиз РАҲМИТДИН тайёрлади.

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 4-сонидан


Fatal error: Uncaught wfWAFStorageFileException: Unable to save temporary file for atomic writing. in /home/hidoyatu/public_html/wp-content/plugins/wordfence/vendor/wordfence/wf-waf/src/lib/storage/file.php:35 Stack trace: #0 /home/hidoyatu/public_html/wp-content/plugins/wordfence/vendor/wordfence/wf-waf/src/lib/storage/file.php(659): wfWAFStorageFile::atomicFilePutContents('/home/hidoyatu/...', '<?php exit('Acc...') #1 [internal function]: wfWAFStorageFile->saveConfig('livewaf') #2 {main} thrown in /home/hidoyatu/public_html/wp-content/plugins/wordfence/vendor/wordfence/wf-waf/src/lib/storage/file.php on line 35