Медия

ЮТУҚ ВА КАМЧИЛИКЛАР ЎЗИМИЗНИКИ, ЯНГИ МАРРАЛАРГА ИНТИЛАЙЛИК!

Чоп этилди Dekabr 23, 2020 ЮТУҚ ВА КАМЧИЛИКЛАР ЎЗИМИЗНИКИ, ЯНГИ МАРРАЛАРГА ИНТИЛАЙЛИК!da fikr bildirishni o'chirish

Сарҳисоб

Халқимизда бир эзгу одат шаклланган: йил поёнида ортга бир қур назар ташлаб, амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш, йўл қўйилган хато-камчиликлардан тўғри хулоса чиқариб, янги йилга янги-янги режалар билан кириб бориш – муваффақиятларга чорлайди.

Яқинда пойтахтимиздаги “Шайх Мухаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуасининг мажлислар залида “Тошкент шаҳар имом-хатибларининг йил давомида амалга оширган ишлари сарҳисоби, ютуқлар ва камчиликлар, келгуси йилда амалга ошириладиган вазифалар” юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Йил якунларига бағишланган йиғилишга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳ.Ишматбеков, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари А.Қаршиев таклиф этилди.

Тадбир, одатдагидек, Қуръони карим тиловати билан бошланди.

– Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида, яъни поёнига етаётган йилда диний ташкилотлар ва муассасаларда турли мавзуларда ўтказилган тадбирларда имом-хатибларимиз ўз маърузалари билан жами  5533 марта (175 таси таълим муассасаларида, 1855 таси маҳалла ва бозорларда, 3678 таси бошқа ташкилотларда) иштирок этди, – дейди Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров. – Имом домлалар маҳалла фаоллари, участка нозирлари билан ҳамкорликда ўз масжидлари яқинидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи, адашиб диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган ва жазо муддатини ўтаб чиққан ёки рўйхатда турувчи минг нафарга яқин фуқаро ва уларнинг оила аъзолари билан якка тартибда профилактик суҳбатлар ўтказиб, уларга зарур моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.

Имом-хатибларимиз “Жаҳолатга қарши – маърифат” эзгу ғояси остида оммавий ахборот воситалари орқали, хусусан, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибидаги ҳамда шахсий теле ва радиоканаллар орқали жами 1,5 минг мартага яқин чиқишлар қилишди. Шу билан бирга, “Ҳидоят”, “Ислом нури” ва бошқа газета, журналларда ҳамда интернет сайтларида жами 10451 марта мақолалар эълон қилинди.

Бугун имом-хатибларимиз юртимиз мўмин-мусулмонларига муқаддас динимизнинг асл моҳиятини етказишга ҳам бел боғлашган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эҳтиёжманд аҳоли қатламига шаҳар имом-хатиблари томонидан жами 2 169 821 600 (икки миллиард бир юз олтмиш тўққиз миллион саккиз юз йигирма бир минг олти юз) сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.

Бундай ишларнинг кўлами келгуси йилда янада кенгайишига шубҳа йўқ. Чунки хайрли ва савоб амалларни қилиш имомларнинг кундалик аъмолига айланиб кетган.

Йиғилишда, шунингдек, Тошкент шаҳридаги имом-хатибларнинг йил давомида амалга оширган ишлари, ютуқ ва камчиликлар, имом-хатибларни ижро интизомига қатъий риоя этилиши, тизимда фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом ноибларини Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунига сўзсиз риоя этилиши масалалари ҳамда бошқа турли масалалар муҳокама этилди.

Тошкент вилоятида ўтказилган йиғилишда ҳам жорий йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Йиғилишда дастлаб яқинда вилоятга бош имом-хатиб бўлиб тайинланган Жасурбек домла Раупов сўзга чиқиб, 2020 йилда ҳудудда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ишлар ҳақида маъруза қилди.

Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳам қатнашиб, имомларга жуда таъсирчан маъруза қилдилар:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Имом зиммасига олувчидир, муаззин омонатдордир. Аллоҳим, имомларни иршод қил ва муаззинларни мағфират айла» (Имом Абу Довуд ривояти).

Аслида, йиғилиш иштирокчиларига биргина мана шу ҳадисни айтишнинг ўзи кифоя. Чунончи, пайғамбарларнинг меросхўрлари, яъни имом-хатиблар (ноиблар ҳам) Аллоҳнинг буйруқларини халққа етказишда жонбозлик кўрсатишмоқда. Соҳада амалга оширилаётган ишларда фаол бўлиб, динимиз равнақигаа муносиб ҳисса қўшиишяпти.

Йиғинларда Тошкент шаҳри ва вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиблар, имом ноиблари иштирок этди.

Ишчан руҳда ўтган йиғилишлар сўнгида устувор вазифалар ҳамда режалар белгилаб олинди.

Тадбир сўнгида “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйи бош директори Султонбек Имомназаров 2020 йилда фаол бўлган имом-хатиб ва тизимдаги раҳбар-ходимларни совғалар ва ташаккурнома билан тақдирлади.

Йиғилишлар сўнгида хайрли дуолар қилинди.

Толибжон НИЗОМ