Сизни қизим деган эдим…
Эсингиздами, совчи бўлиб борганимда, уялиб чой олиб кирган эдингиз. Ўшанда юзингизга термулиб боқарканман, юрагим орзиқиб кетган эди. Эҳ, қани ўша иболар?..
Янги келинсиз! Ҳовлимда чарх уриб юраркансиз, қараб тўймайман. Табассум билан: “Ойижон” деганингизда, шодликдан ўзимга сиғмай кетардим. Эҳ, қани ўша очиқ чеҳралар, сертабассум рухсорлар?..
Эрта тонгдан ҳовли-кўчаларни супуриб, сувлар сепганингизда, қувониб кетардим ва: “Аллоҳга шукр, чаққон, озода келин насиб этди”, деб пинҳона дуолар қилардим. Эҳ, қани ўша покизалик?..
Дастурхонга пишириб келтирган таомларингизнинг лаззатли таъми ҳануз тилимда. Мазза қилиб, роҳатланиб еб: Қўлингиз дард кўрмасин, деб роса алқардим. Эҳ, қани ўша лазиз таомлар?..
Кир юваркансиз, мендан ҳам ювиладиган кийимларим бор-йўқлигини сўрардингиз. Ўша пайтлар қанчалар севинганимни тушунтириб беролмайман. Яна ортингиздан дуога қўл очардим. Эҳ, қани ўша дамлар?..
Бетоб бўлиб ётсам, ҳол сўрардингиз. Меҳрибон келин бердинг, шукр, деб Аллоҳга ҳамдлар айтардим. Ҳозир-чи?! Ҳолинг нима, демайсиз! Эҳ, қани ўша ҳол сўрашларингиз?..
Нима ўзгарди, ҳайронман?! Орадан бор-йўғи бешўн йил ўтди. Бари шунчалик ўзгардики, ҳозир буларнинг барчасини орзу қилиб ўтираман.
Бугун қовоғингиз тунд, кибр, ғазаб балқиб турадики, аввалгидек табассумлар йўқ. Ҳар куни чеҳраси очиқмикин, деб бетингизга термуламан. Аммо бу юз кулмай қўйган. Ҳаракатларингиз қўпол. Қадамларингиз залвори юрагимга тушаётгандек гўё. Иш буюришга чўчийман. Ширин сўзга очилмаган тил гап қайтаришга шундай сайрайдики, бекор гапирибман, деб афсусланиб қоламан гоҳида.
Бирор тўй-маърака бўлса, ўзингиз томондан келган меҳмонларга энг яхши таомлару ширин сўзлар, қаҳ-қаҳ отиб кулишлар, хуллас, мен кўришни истаган муомалани кўрсатасиз, чиройли хизмат қиласиз. Аммо менинг меҳмонларим билан тил учида сўрашишга ярайсиз, холос. Бунинг устига, маҳалла-кўйдаги хотинларга уйдаги гапларни олиб чиқиб, ғийбатлашасиз.
Деярли ҳар куни ўз уйингизни тозалайсиз, кеча ювилган чойшабингизни бугун яна дорга иласиз. Меники эса ойлаб ётади. Кир бўлиб кетса ҳам, индай олмайман.
Пиширган овқатларингиз таъми ҳам, кўриниши ҳам анча ўзгарган. Умуман, жуда ўзгаргансиз. Ҳаммасини атай қилаётгандексиз. Аввалги латофату аёлларга хос назокатларингиз қаерга кетди?!
Менга муомалангизни кўриб, ОНА эмас, кундошдек кўрасиз, деган хаёлга бораман. Ўғлим олдида чиройли муносабат кўрсатмайсиз-у, лекин ҳар ҳолда қўрслик ҳам қилмайсиз. Болаларингизни шундай уриб-уришасизки, шундай қарғайсизки, қалбимга ўқдек тегади. Менга аччиқ қилаётганингизни, мени кўришни истамаётганингизни шундоқ сездирасиз.
Хуллас, кўп ўйланаман, сиқиламан, яна жим бўламан. Майли, барчаси ўтиб кетар, аммо кўнгил қолгани ёмон-да.
Мен барини тушунгандек бўламан: сизга кўп бино қўйиб юбордим, шекилли, қизларимдан аъло кўрдим, доим ёнимда, хизматимда деб. Ҳа, қаттиқ меҳр қўйибман. Аммо сиз эл бўлмадингиз, дуоларимга, меҳримга лойиқ бўлмадингиз. Аксинча, тезроқ алоҳида яшашни истадингиз. Бу инжиқликларингиз шу истакни амалга ошириш учунлигини кеч англабман. Бироқ мен сиз билан бир умр яшайман, деб ўйлаган эканман.
Майли, мана, ҳадемай ўз уйингизга чиқиб кетасиз. Мен бир она сифатида ўғлим билан яхши, бахтли яшашингизни Худодан сўрайман. Илоҳим, мендек ҳолатга тушиб, умидларингиз пучга айланмасин. Лекин бир кун келиб, уйингизга келин олиб келганингизда менинг кечинмаларимни тушунасиз, деб ўйлайман, қизим…
Раънохон ДЎСМАТОВА
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 4-сонидан