Идданинг ҳикматлари
Аллоҳ таоло кўплаб фойда ва манфаатларни, жумладан, ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш, никоҳни улуғлаш, насабларни муҳофаза қилиш, эр ва боланинг ҳаққини қарор топтириш учун никоҳи бузилган аёлларга идда сақлашни буюрди.
Қуйида идданинг айрим ҳикматлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Биринчиси, умумий ҳикмат бўлиб, Аллоҳ таолонинг ҳаққини адо этишдир. Бу буйруқларга итоат қилиш ва қайтариқлардан тийилиш билан бўлади. Мана шу нарса ибодатларнинг асли ҳисобланади. Дунё ва охиратнинг барча хайр-баракаси ҳамда икки дунё ташвишларидан қутулишнинг чораси ҳам шундадир.
Иккинчиси, аввалги турмушига вафо қилиш ва Аллоҳнинг ибодати – никоҳни қадрлаш. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло никоҳни, эрхотинлик алоқаларини мустаҳкам, қатъий аҳду паймон деб атаган: «…бир-бирингиз билан қовушиб, у (хотин)лар сизлардан қатъий аҳд олганларидан сўнг…» (Нисо сураси, 21-оят).
Шу маънода идда ўтириш ижтимоий муносабатларни ҳам мустаҳкамлайди. Бошқа тарафдан эса Аллоҳнинг амрига бош эгиб, идда ва мотам ҳукмларига риоя қилгани учун собиқ эрининг оиласи ҳамда қариндошлари қалбида келинга бўлган муҳаббат янада зиёда бўлади.
Учинчиси, насл-насабни муҳофаза қилиш. Аллоҳ таоло бир инсоннинг насли бошқасиники билан аралашиб кетмаслиги учун аёл бачадонининг ҳомиладан холи эканига аниқлик киритишни буюрди. Акс ҳолда насл-насаблар аралашиб, ер юзида фитнафасод кенг тарқалган бўларди.
Тўртинчиси, талоқ қилинган аёлнинг уч ҳайз кутиши. Бунда бир қанча фойдалар бор: масалан, бачадоннинг ҳомиладан поклигини билиш, эр-хотинлик аҳдининг ҳурматини жойига қўйиш, муддатнинг чўзилиши – шояд, эр-хотин ўз қилмишларидан пушаймон бўлиб, қайта ярашиб олишга улгуришса. Шунингдек, бу муддатда хотинни нафақа ва тураржой билан таъминлаш эрга катта машаққат туғдирмайди. Қолаверса, боланинг ҳам насаби – агар хотин ҳомиладор бўлса – қарор топади.
Аммо бошқа ҳолатларда, масалан, чўри сотиб олинганда ёки аёл киши зўрланганида идда ўтириш талаб қилинмайди. Фақатгина ҳомиладор бўлган-бўлмаганлиги аниқланса, бас. Бунинг учун бир ҳайз кутиш кифоя. Чунки ҳайз ҳомила йўқлигининг аломатидир. Бундай қилинишининг сабаби тезроқ хожаси чўридан фойдалана олсин. Зўрланган аёл эса тезроқ турмушга чиқиб, ор-номусини сақлаб қолади.
Бешинчиси, эри вафот этган аёлнинг тўрт ойу ўн кун кутиши. Бунда ҳам кўп сир-асрор ва ҳикматлар бор. Улардан бири, бу муддат мобайнида она қорнидаги ҳомила одам шаклига кириб, ҳаракатлана бошлайди. Агар ораларини ўлим ажратмаганида, эр хотини билан яшашда давом этган бўларди. У хотини билан ҳаёт кечиришга бошқасидан кўра кўпроқ ҳақли эди. Бироқ энди у ўлим сабабли на хотинининг иффатини ва на болаларининг насабини ҳимоя қилишга қодир. Ана шундай пайтда хотиннинг ҳимоя ва хавфсизлигини таъминлаш учун идда Аллоҳ таоло берган улуғ иноят ҳисобланади.
Олтинчиси, аза ва мотамнинг жорий этилиши. У эри ва оиласини йўқотгани учун маҳзунлик ва надоматни изҳор қилишдан иборатдир. Мусибат пайтида маҳзун бўлиш табиий ҳолат. Бир ёстиққа бош қўйиб, бутун ҳаётини бирга ўтказиш учун аҳду паймон қилган жуфти ҳалолидан ажраб қолиш янада оғирроқ мусибатдир. Мусибатзада хотин эрига аза очиб, мотам тутиши ва қалбидаги жароҳатлар битиши учун идда муддатича муҳлат берилади. Албатта, мотамнинг идда муддатига чеклаб қўйилиши аёллар учун фойдалидир. Зеро, жоҳилият пайтида аёллар йиллаб, ҳатто умрбод мотам иддасида ўтиришарди. Ислом эса бу муаммони оқилона ҳал этиб, аёллар ўз ҳаётларини қайта йўлга қўйишлари учун имкон яратди.
Шариатнинг ҳар бир кўрсатмаси талаб этилганидек адо этилар экан, унинг ортидан фақат барака, саломатлик, хотиржамлик ва саодат келади.
“Иъламул анам шарҳу Булуғил маром”асари асосида
Нилуфар ҚЎЧҚОРОВА тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 4-сонидан