Қайнона қайнамаса…
Хонадонга келин тушди. У кўнглида эзгу ниятлари, яхши хислатлари билан янги оила аъзоларининг ҳурматини қозонишга ҳаракат қилади. Айрим вақтлар тажрибасизлиги боис хатоларга ҳам йўл қўяди. Чунки бу хонадоннинг унга таниш бўлмаган тартиб-қоидалари бор. Уларни ўрганиб олиши учун бироз вақт керак. Бундай ҳолатда ёш келинчакка онасидай кўмакдош инсон, яъни қайнона самимий ёрдам бериши жуда муҳимдир.
…Кечки овқат пайти. Келинчак бор маҳоратини ишга солса-да, ички ҳаяжон ва қўрқув сабаб таомнинг тузи бироз баланд чиқди. Дастурхон бошида овқатнинг шўрлигини билган заҳоти зийрак қайнона: “Қизим, овқатнинг тузини меъёрида солган экансиз-у, тотганимда пастроқдек туюлиб, бир чимдим туз солиб юборгандим. Шунга сал шўрроқ бўлиб қолибди…. Энди кўнглим хотиржам, ошхонани сизга бемалол топширсам бўлар экан”, дея келинни ноқулай вазиятдан чиқариб юборади. Келин қайнонасига миннатдор боқади, кўнглида бу аёлга нисбатан меҳри ошади.
Қайнона келинини янги хонадоннинг паст-баландини тушуниб олгунига қадар қўлласа, меҳр бериб ўргатса, албатта, натижа яхши бўлади. Шундай қилинганида, оиладаги қаттиқ-қуруқ гапларнинг, катта жанжалларга сабаб бўладиган дилхираликларнинг олди олинади. Буни яхши тушунган қайноналар ҳар бир масалада юқоридагидек иш тутишади. Аммо, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, келиннинг кичик хатосидан фожиа ясаб, оиланинг тинчини бузадиган, ҳатто ажримларга сабаб бўладиган қайноналар ҳам йўқ эмас.
Келинчак ёш, тажрибаси оз. Шу боис турмуш чорраҳаларида қоқилиши табиий. Шундай ҳолатларда айрим “инжиқ” қайноналар оила аъзолари олдида келинни ерга уради, хатосини юзига солади. Совчи бўлиб борганида: “Ўз қизимдек кўраман”, деб ваъда берганларини тезда унутади.
Халқимизда бир мақол бор: “Сўксанг – бети, урсанг эти қотади”. Арзимас хатоси учун ҳадеб гап эшитаверадиган келин бора-бора гап қайтарадиган бўлади. Кейин айрим қайноналар ҳолатга янаям фожиавий тус беради: “Ё мени дейсан, ё хотинингни!” Бу билан улар ўғлини ҳам жуда оғир аҳволда қолдиради.
Ҳой, сал оғирроқ бўлинг! Мана шу келин – ўғлингизнинг жуфти ҳалоли, бўлажак набираларингизнинг онаси. Ўғлингиз ё қизингизнинг кўплаб хатоларига кўз юмиб, айбларини кечирасиз-у, нега келинингизни кечиролмайсиз?
Ўзига нимани муносиб кўрса, бошқаларга ҳам шуни илиниш – чин мўминга хос хислат. Азиз ва меҳрибон қайноналар! Катта рўзғорни ана шу асосда чиройли тарзда юритиб турибсиз, бунга шубҳа йўқ. Келинни ҳам яхши муомала билан тўғри йўлга солиш қўлингиздан келади, иншоаллоҳ.
Бошқалардан қандай муомала кутсак, уларга ҳам шундай гўзал муносабатда бўлайлик, азизлар…
Холида БИЛОЛ қизи, фахрий отинойи
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 5-сонидан