Мақолалар

Яхши қўшни

Чоп этилди Yanvar 6, 2021 Яхши қўшниda fikr bildirishni o'chirish

Бомдод намозини масжидда ўқиб қайтаётган Матмурод отанинг кўзи халтача кўтариб йўлак четидан оҳиста келаётган қўшниси Манзурага тушди. Келин одоб билан салом бериб ўтиб кетди. “Эрининг қазо қилганига икки йилдан ошди. Рўзғор ташвиши ёлғиз унинг бўйнида».

Эртаси ва индинига ҳам шу ҳолат такрорланди. Чол ҳайрон бўлди: “Ҳар куни тонг саҳарлаб кўчада нима иши бор?..” Аёлнинг ўзидан сўраш ноқулай.

– Манзура қўшнимиз ҳар куни саҳарлаб қаёққадир бориб келади, шекилли, – деди у кампирига нонушта пайтида.

– Гузардаги дўконга, сут олиб келади, – тушунтирди кампири келини узатган чойни олаётиб.

Ота индамай қолди. Салом бериб кирган ўғлига оҳиста алик олди-да, бир нуқтага тикилиб ўтираверди. Табиатан инжиқроқ бобонинг кайфиятидаги ўзгариш хонадондагиларга дарров сезилди.

– Тинчликми, отаси? – кампири хавотирланиб сўради, – тобингиз қочмадими?

– Дўхтир чақирайми? – ўғли ташвишланиб ўрнидан турди. – Нега чой ичмаяпсиз?

– Ўтир, – отанинг овози зарда аралаш чиқди. – Мен бир хулосага келдим. Билишимча, биз яхши қўшни эмас эканмиз…

Оиладагилар ҳайратдан донг қотиб қолишди. Анча фурсат ҳеч ким оғиз очишга журъат этмади.

– Нега ундай дейсиз, отаси, – ниҳоят Розия момонинг овози чиқди. – Худога шукр. Қўшнилар билан апоқ-чапоқмиз. Тўй-маъракаларида ўғиллару келинларимиз хизматда… Яна…

– Бу айтганларинг ўз йўлига, – энди отанинг овози яна ҳам баландроқ эшитилди. – Яхши қўшни бўлганимизда, уч боласи билан бева қолган келинчак ҳар саҳар сут олай деб гузарга бориб юрмасди. Рўзғоримизда битта эмас, иккита соғин сигир бор…

Ўртага оғир жимлик чўкди. Ўтирганларнинг боши эгилди. Розия момонинг дами ичига тушиб кетди. Ўғли хижолатомуз хўрсинди. Келин юзини ёнга бурди…

Эртасига тонгда намоздан қайтаркан, йўлда қўшни келин кўринмади, чол енгил тортгандай бўлди: “Худога шукр…”

Содиқжон ИНОЯТОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Хоразм вилояти Гурлан тумани

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 3-сонидан