Мақолалар

Доктор Али Саллобий: Қаноат ва ризолик бахти

Чоп этилди Yanvar 8, 2021 Доктор Али Саллобий: Қаноат ва ризолик бахтиda fikr bildirishni o'chirish

Шайх Ҳасан Ҳабаннака Майдоний Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ (1908–1978) бир воқеани ҳикоя қилади:

«Мен Рамазон кунларининг бирида кун ботишидан олдинроқ уйга қайтдим. Мени йўлда бир фақир киши тўхтатди. У шу қадар иштиёқ билан аломлашдики, натижада машинадан тушишимга тўғри келди. У менга: “Аллоҳ розилиги учун, бугун бизникида овқатланинг!” деди.

Унинг безовталигидан тилим айланмай қолди. Аллоҳ розилигини ўртага қўйиб ўтиниши юрагимни эритиб, таклифини қабул қилишга ундарди.

Нотаниш уйга борарканман, хаёлимдан “шароити қандай экан, ахир, ифторгача оз вақт қолди?” деган ўй ўтди.

Биз унинг унча катта бўлмаган уйига етиб келдик: у уйни ўзининг танишларидан сотиб олган экан. Уйнинг кириш қисмида ёғочдан пиллапоя бўлиб, бир вақтнинг ўзида икки кишини кўтариши амримаҳол эди.

Ҳалиги кишининг қувончи ичига сиғмас, тилидан миннатдорлик ва ташаккур тушмасди. У менга: “Ҳазрат, бу уй меники. Салтанат эса Аллоҳникидир. Бу дунёда ҳеч кимдан қарзим йўқ. Ҳазрат, бу хонамга қуёш нури тушиб туради. Бу ерда мен тонгда ва қуёш ботишидан олдин Қуръон ўқийман. Аёлим эса нариги дераза ёнида ўтириб, менинг ҳақимга дуо қилади. Мен гўё жаннатда яшайман”, деб ҳаётидан розилигини билдирди.

Буларни эшитарканман, пиллапояга кўтарилаётиб, унинг синиб кетишидан хавотирландим. Бирпасда биз унинг хонасига кириб бордик. Мен ўтирдим, у эса аёлининг олдига кетди. Мен уй эгасининг паст овозда турмуш ўртоғига: “Ифторлик тайёрла, шайх бугун бизникида ифтор қиладилар”, деганини эшитдим. Аёли эса: “Аллоҳга қасамки, бизда фуля (янчиб, қайнатилган ловия, арабларнинг миллий таоми)дан бошқа нарса йўқ. Шомга азон этилишига ярим соат қолди. Бизда эса таом тайёрлаш учун ҳеч нарсамиз йўқ. Бўлган тақдирда ҳам уни тайёрлаш учун вақт етмасди”, деди.

Мен уларнинг ҳамма гапларини эшитиб турардим. Уй эгаси олдимга қайтганида, унга бундай дедим: “Эй биродар! Менинг бир шартим бор: шомга азон айтилганда сув ва ёнимдаги хурмо билан оғзимни очиб, намоз ўқийман. Сўнг овқатланишга ўтираман, унгача сув билан хурмо ҳам ҳазм бўлади. Яна мен фуля билан картошкадан бошқа нарса емайман”.

Мезбон жавобан: “Ихтиёрингиз, ҳазрат” деди. Мен унга: “Энди мени холи қолдир, Раббимга юзланаман”, дедим. Картошкани ҳам қўшиб қўйишимга сабаб, қанчалик фақир бўлмасин, уйида картошкаси бўлиши керак, деб ҳисобладим. Хуллас, ҳаммаси мен айтгандай бўлди. Мен унинг уйидан мамнун ҳолда қайтдим. Унинг уй ва ўзи таърифлаган жаннатий ҳаёти учун Парвардигорга ҳамд ва шукроналаридан ҳаётга, яшашга бўлган муҳаббатим ортди».

Бир неча кундан сўнг мени бир бадавлат тижоратчининг уйига ифторликка чақиришди. У Аллоҳ бойлик, мартаба, фарзанд ва олий насаб билан икром қилган кишилардан эди. Меҳмондорчилик данғиллама ферманинг қуриб битказилгани муносабати билан уюштирилганди. Ферма ғоят гўзал ва ажойиб эди: унинг қоқ марказида саройга ўхшаган уй, ҳовуз ҳамда отхона бўлиб, унда кам учрайдиган, зотдор отлар бор эди.

Ифторлик тугаб, одамлар тарқала бошлаганида, зиёфат эгаси мен билан ёлғиз қолиб, турмушнинг танглиги, тижорат қийинчиликлари, хотинининг ярамас феъли, фарзандлар ташвиши, атрофидагиларнинг тамагирлигидан шикоят қилди. У гўё тезроқ ўлиб, бу ташвишлардан халос бўлишни орзу қилаётгандай эди.

Уйдан чиқиб то машинам ёнига келгунимизча у менга ҳаётни шунчалар ёмонладики, сиқилиб, нафас олиш оғирлашиб кетди…

Қаноат ва розиликни берган Аллоҳга шукр! Бахт пулга сотиб олинадиган нарса эмас. Балки у Аллоҳ таоло билан боғланиш ва У зот берган нарсага рози бўлиш эканига яна бир бор амин бўлдим”.

Бек ХОЛНАЗАР таржимаси

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 3-сонидан