Эроннинг АҚШ устидан шикоятини Халқаро суд кўриб чиқади
БМТ Халқаро суди Эроннинг АҚШ устидан 2018 йилда берган шикоятини кўриб чиқиш учун зарур юрисдикцияга эга. Бу ҳақда суд раиси Абдулқави Аҳмад Юсуф маълум қилди, дея хабар бермоқда ТАСС.
2018 йилда АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Дональд Трамп унинг мамлакати Эрон билан тузилган ядровий келишувдан чиқишини ва Теҳронга нисбатан санкциялар тикланишини эълон қилган эди.
Устига-устак, ўшанда Трамп эски санкциялар тикланиб қолмай, янгилари ҳам жорий этилишини билдирганди. Америка санкцияларининг бир қисми 2018 йилнинг августида кучга кирди ва Эроннинг автомобилсозлик сектори, олтин ва бир қатор металлар олди-сотдисини қамраб олди. Ноябрь ойида эса нефт маҳсулотлари экспортига чеклов жорий этилди.
Эрон Халқаро судга мурожаат қилиб, АҚШ 1955 йилда имзоланган дўстлик шартномасини бузганини даъво қилди. Теҳроннинг мақсади – Вашингтоннинг сакцияларини бекор қилиши ва янги санкциялар билан таҳдид қилмаслиги.