Улуғлар баракоти
Курз ибн Вабра Қуръони каримни кечаси ҳам, кундузи ҳам тўрт марта хатм қилган.
Ибн Идрис эса уйида Каломуллоҳни 4000 марта хатм қилган.
Имом Шофиъий ҳар йили Рамазонда Қуръонни 60 марта,
Имом Бухорий эса 30 марта хатм қилган.
Имом Аҳмад ҳар куни 300 ракат намоз ўқиган.
Абу Талҳа Ансорий умри давомида 40 йил рўза тутган.
Ибн Мусаййиб 60 марта ҳаж қилган.
Имом Аҳмад 60 ёшида минг масалага далил асосида фатво берди.
Ибн Ҳазмнинг барча китоблари ёниб кетади. У китобларининг ҳаммасини ёддан қайта кўчиртиради.
Имом Қатода бир туя китобни ёд олган.
Имом Шаъбийнинг: “Оқ нарсага ёзилган ҳар бир нарсани ёд олдим”, дегани ривоят қилинади.
Ашраф Али Таҳонавий қисқа умри давомида 1500 китоб ёзади. Шунингдек, ўзидан кейин кўпгина муршид ва валий даражасига эришган шогирдлар ҳам қолдирган.
Имоми Аъзам 500 000 масалага фатво берган. 55 марта ҳажга борган. Бир умр илм олиш ва бериш билан машғул бўлган. Қуръонни бир неча минг марта хатм қилган.
Аҳмад ибн Ҳанбал илм олишга кўпроқ вақт қолсин дея, кунига бир ёнғоқ катталигида таом ер экан. У киши 750 000 ёки 1 000 000 ҳадисни ёд билган.
Имом Ғаззолий, Имом Фахриддин Розий, Имом Суютий каби олимлар кунига ўртача 15–20 бет асар битган.
Имом Бухорий илм сирлари билан қизиқиб, дунё кезиб, олтмиш мингдан зиёд ҳадис тўплаганида, эндигина 16 ёшдан ошган эди. У зот 300 000 ҳадисни ёд билган.
Форобий жуда ёшлигидан тил ўрганиш билан шуғулланиб, умри давомида 70 дан кўп тилда мулоқот қила олган.
Муҳаддис, фақиҳ Имом Нававий қисқа умри давомида 500 та китоб таълиф қилган.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ҳар куни 12.000 марта, Холид ибн Марвон эса 100.000 марта тасбеҳ айтар эди.
Имом Табарий 86 йил (224–310) умр кўрган. Ёзиб қолдирган китоблари 358 минг варақни ташкил қилади. Алломанинг балоғатгача бўлган ёшини тахминан 14 йил деб белгилаб, 86 дан айирсак, 72 йил қолади. Шунда у зотнинг ёзганлари умрининг ҳар бир кунига 14 варақдан тўғри келади.
Насриддин ҳожи НИЗОМОВ тайёрлади
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 11-сонидан