Сўраган эдингиз…
Савол: Бир ўртоғим билан баҳслашиб қолдим. Унинг айтишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир аёлдан “Аллоҳ қаерда?” деб сўраганларида, у: “Осмонда”, деган экан. Мен: “Бу ҳадисни илмли кишилардан сўраб олиш керак, Аллоҳ осмонда, деб бўлмаслигини эшитган эдим”, дедим. Саволим шуки, шунақа ҳадис борми? Агар бўлса, уни қандай тушуниш керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Муовия ибн Ҳакам Суламий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўша жориям ҳақида сўраб: “Ё Расулуллоҳ, уни озод қилайми?” дедим. У зот: “Уни (ҳузуримга) олиб кел”, дедилар. Бас, уни у зотга олиб келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қарата: “Аллоҳ қаерда?” дедилар. У: “Осмонда”, деди. У зот: “Мен кимман?”, дедилар. У: “Сиз Аллоҳнинг Расулисиз”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни озод қил, у мўминадир”, дедилар».
“Жория ҳадиси” номи билан машҳур бўлган ушбу ҳадиси шарифни илмий омонатдорлик ила ўрганиб чиқсак, уларнинг даъволари пуч экани маълум бўлади.
Биринчидан, ушбу ҳадис матнини ровийлар турлича ривоят қилишган. Буни биринчилардан бўлиб Имом Баззор ва Имом Байҳақий каби буюк муҳаддислар айтиб, ундан огоҳлантирганлар. Чунки матнида турли ўзгаришлар билан ривоят қилинган бундай ҳадис “музтариб” ҳадис дейилиб, уни бирор масалада ҳужжат қилиб келтириб бўлмайди. Чунки бошқа ривоятларда ўша чўрининг кимлиги, хожасининг исми ва бошқа жиҳатларида катта фарқлар билан нақл қилинган.
Иккинчидан, айнан салафийлар далил қиладиган лафз ҳам тўртта саҳиҳ манбада тўрт хил зикр қилинган. Имом Аҳмаднинг ривоятида юқоридаги Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг “Аллоҳ қаерда?”, деган саволлари ўрнида ўша чўрига қарата: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига гувоҳлик берасанми?” деганлари зикр қилинган (Аллома Нуруддин Ҳайсамий “Мажмауз завоид”да саҳиҳ эканини таъкидлаган).
Имом Насоийнинг ривоятида эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Раббинг ким?” деганлари, у: “Аллоҳ”, деб жавоб бергани ривоят қилинган.
Имом Молик “Муватто”да Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳудан саҳиҳ санад билан келтирган ривоятда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у чўрига: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига гувоҳлик берасанми?” деганлар. Аҳли сунна уламолари ушбу ривоятлардан “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига гувоҳлик берасанми?” деган ривоятни энг мўътабари, деб қабул қилганлар. Чунки кишининг мўмин эканини аниқлаш Аллоҳнинг қаердалигини эмас, балки У Зотнинг ваҳдониятига имон келтирганини сўраш билан аниқланиши маълум ва машҳурдир. Агар “Аллоҳ осмонда” деган сўз имонга далил бўлса, бугунги кунда Худо осмонда, деб эътиқод қиладиган ғайридинларни ҳам мусулмон дейиш лозим бўлиб қолади. Учинчидан, “Аллоҳ қаерда?” деган саволнинг маъносини “Аллоҳ таолонинг улуғворлиги, олийлиги ва қадрининг буюклиги тўғрисида эътиқодинг қандай?” деб ҳам тушуниш мумкин. Чунки араб тилида (ҳатто она тилимизда ҳам) баъзан “қаерда?” деган савол “мавқе, мартаба, қадрқиммат” тўғрисидаги савол учун ҳам ишлатилади. Масалан, икки шахс ўртасидаги фарққа “Иккаласининг ўртасида ер билан осмончалик фарқ бор”, дейилади. Бу билан мавқе, қадрқиммат назарда тутилади. Ҳаргиз бунда макон, жойлашган ўрин назарда тутилмайди.
Хулоса қилганда, биз – Аҳли сунна вал жамоа Аллоҳ таоло ҳақида шундай эътиқод қиламиз: «Аллоҳ таоло бирор тарафда ҳам, бирор маконда ҳам эмас. Унга вақт ҳам, замон ҳам жорий бўлмайди. Агар кўнглимизга “Аллоҳ қаерда?” деган савол келадиган бўлса, имон ва ихлос билан: “Бирор макон бўлмаган пайтда ҳам У зот бўлган. Кейин маконларни пайдо қилган, замонларни жорий қилган. У зот замонлару маконлар йўқ пайтда қандай бўлса, ҳозир ҳам ўшандайдир”, деймиз». Валлоҳу аълам.
Савол: Айримлар бирор авлиё номига атаб жонлиқ (ҳўкиз, эчки ёки товуқ) сўйишади ёки таомлар (ширгуруч, шавла) пиширишади. Шу тўғрими?
Жавоб: Бирор жонлиқни Аллоҳ таолодан ўзгага атаб сўйиш мутлақо мумкин эмас. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: «У сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларни (қатъий) ҳаром қилди…» (Бақара сураси, 173-оят).
Ҳазрати Али розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳдан ўзгага атаб жонлиқ сўйган кишига Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Шундай экан, мусумон инсон бошига қандай мушкул иш тушса, нажотни фақат Аллоҳ таолодан сўраши, шариатга хилоф тарзда турли хурофотларга берилмаслиги лозим. Валлоҳу аълам!
Савол: Аср намозини кечикиб ўқиётган одам шом намозига азон айтилганини эшитиб қолган ҳолатда нима қилади?
Жавоб: Аср намозининг вақти – ҳар бир нарсанинг сояси (заволдаги соядан ташқари) ўзининг узунлигидан икки баробар бўлганидан то қуёш ботгуничадир. Аср намозини қуёшнинг нури кўзни қамаштирмайдиган вақтгача кечиктириб ўқиш макруҳдир. Мабодо киши аср намозини ўқиш пайтида қуёш ботиб қолса, охиригача давом эттираверади ва намози бузилмайди (“Фатҳу бабил иная”). Агар сиз аср намозини ўқишга қуёш ботишидан аввал киришиб, қуёш ботаётган вақтда ёки ботганидан сўнг тугатган бўлсангиз, бу намозни қайта ўқиш шарт эмас. Лекин аср намозини бу вақтгача кечиктириб ўқиш макруҳ, эртароқ ўқиш керак. Валлоҳу аълам.
Савол: Aёлига ҳайз келганини билмай алоқа қилиб қўйса, гуноҳ бўладими? Агар шундай бўлса, эрхотин нима қилиши керак?
Жавоб: Хотин киши ҳайз кўраётган пайтда эр унга жинсий яқинлик қилиши Исломда ҳаром саналган амаллардан. Аллоҳ таоло айтади: «Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар. Сен: “У кўнгилсиз нарсадир. Ҳайз
чоғида аёллардан четда бўлинг. Уларга пок бўлмагунларича яқинлашманглар. Агар пок бўлсалар, уларга Аллоҳ амр қилган жойдан келинг. Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади”, деб айт» (Бақара сураси, 222-оят).
Бу ишга мубтало бўлган киши Аллоҳга истиғфор айтиб, тавба қилиши ва бошқа такрорламаслиги лозим. “Баҳрур роиқ” китобида бундай дейилади: “Ҳайз кўраётган аёлининг фаржига ўз хоҳиши билан, онгли равишда ҳаром эканини билатуриб, жимо қилиш гуноҳи кабирадир. Аммо билмасдан ё унутган ёки мажбурланган ҳолда жинсий яқинлик қилса, гуноҳи кабира эмас. Бу инсон истиғфор айтиб, тавба қилиши лозим. Бир динор (4,25 гр. тилло ёки унинг қийматига тўғри келади) ёки ярим динор миқдорида садақа бериши мустаҳабдир. Агар ҳайз қонининг ранги тўқ қизил бўлса, бир динор, сариқ рангда бўлса, ярим динор. Бунга Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис далолат қилади: “Киши аёлини ҳайз кўраётган вақтида жимо қилса, агар қон қизил рангда бўлса, бир динор, сариқ рангда бўлса, ярим динор садақа қилсин” (Имом Абу Довуд ривояти). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 24-сонидан