Имом Зуфар ибн Ҳузайл раҳимаҳуллоҳ
Имом Зуфар Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари орасида энг каттасидир. Тўлиқ исми – Абу Зуҳайл Зуфар ибн Ҳузайл ибн Қайс Анбарий. У зот ҳижрий 110 йили туғилган.
Имом Зуфар фиқҳда бамисоли денгиз, ақлли, фаросатли, тақводор инсон эди. У Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг қўлларида фиқҳни ўрганди. Узоқ муддат у зотдан сабоқ олди. Бу ҳақда Имом Зуфарнинг ўзи бундай дейди: “Йигирма йилдан ортиқ Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан таълим олдим. Инсонларга у зотдан кўра кўп насиҳат қиладиган, уларга ҳамдард бўладиган бирор кишини кўрмадим”.
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Имом Зуфарни бошқа шогирдларидан афзал кўрар ва ҳурмат қилар эди. Имомнинг ўзи шогирди ҳақида: “Зуфар ибн Ҳузайл мусулмонлар имомларининг пешвоси, шараф, насаб ва илмда буюк арбобдир”, деган.
Вакиъ ибн Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ буюк олим бўлишига қарамай, Имом Зуфар зиёратига кўп борар ва у кишига: “Биз учун сизни Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ўринбосари қилган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин”, дер эди. Яна айтардики: “Мен Имом Зуфарнинг дарс ҳалқасидан олган манфаатимдек бошқа ҳеч кимнинг ҳалқасидан фойда олмаганман”.
Яҳё ибн Кулсум айтади: “Вакиъ умрининг охирида илм ўрганиш учун эрталаб Имом Зуфар олдига, тушдан кейин Абу Юсуф ҳузурига борар эди. Кейинчалик Абу Юсуфнинг олдига боришни тарк этиб, доимий равишда Имом Зуфарнинг олдига борадиган бўлди”.
Имом Зуфар раҳимаҳуллоҳ устози Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг вафотидан кейин у зотнинг дарс ҳалқасига бошлиқ бўлади. Бу Имом Зуфарнинг ҳанафий мазҳаби ривожи йўлида қилган хизматларининг энг биринчиси эди. Имом Зуфар Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан таълим олгач, Басрага келади. У ерда Усмон Баттийнинг фиқҳи тарқалган эди. У Басра фақиҳи ва раиси эди. Имом Зуфар унинг дарс ҳалқасига қатнаб, у айтган масалаларни тингларди. Унинг бирор фиқҳий қоидасидан воқиф бўлса, унинг шу қоидага кўра истинбот қилган фаръий масалаларини текширар эди. Қачон улар ўзларининг фиқҳий қоидасига амал қилишни тарк этганидан хабар топса, ўз қавлига амал қилишни ва нима сабабдан ўз фиқҳий қоидасига амал қилмаганининг сабабини сўрарди. Усмон Баттийнинг шогирдлари Имом Зуфарнинг бу сўзини маъқул топишди. Сўнг Имом Зуфар бу борада Усмон Баттийнинг қоидасидан кўра яхшироқ фиқҳий қоида бор эканини айтиб, ҳужжат ва далилларини келтиради ҳамда Усмон Баттийдан ҳам шогирдларининг гувоҳлигида шу қавлга қайтишини таклиф қилади. Сўнг уларга: “Бу Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг қавлидир”, дейди. Шу воқеадан бир неча кун ўтгач, Басра уламоларининг дарс ҳалқасига Имом Зуфар бошчилик қила бошлайди. Кейинроқ Имом Зуфар раҳимаҳуллоҳ Басра қозилигига ҳам тайинланади.
Одатда қўшни шаҳар ва вилоятлар мусобақалашганидек, Басра аҳли ҳам куфаликлар билан ўзаро мусобақалашар эди. Дастлаб, басраликлар ҳанафий мазҳабига эътироз билдиришар эди. Имом Зуфар басраликларни Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳабига даъват қилиб, уни Басрада ҳикмат билан ёйди.
Саймарий раҳимаҳуллоҳ Ҳилол ибн Яҳёдан қуйидагиларни ривоят қилади: “Юсуф ибн Холид Самтий Басрадан Куфага келиб, Абу Ҳанифадан фиқҳни ўрганган эди. Сўнг Басрага қайтмоқчи бўлганида Абу Ҳанифа унга бундай деди: “Агар Басрага борадиган бўлсанг, илмда пешқадам кишилар олдига боряпсан. Зинҳор масжиднинг бирорта устуни ёнида ўтириб, дарс ҳалқасини ташкил қилиб: “Абу Ҳанифа бундай деган”, “Абу Ҳанифа ундай деган”, дейишга шошилмагин. Агар шундай қилсанг, кўп ўтмасдан сени масжиддан чиқариб юборишади”. Сўнг Юсуф ибн Холид Басрага келиб, ўзидан ажабланади. Басра масжидида бир устун ёнида ўтириб: “Абу Ҳанифа бундай деган”, дея дарс беришни бошлаганида басраликлар уни масжиддан чиқариб юборишади. Сўнг Имом Зуфар Басрага келгунича, ҳеч ким у ерда Абу Ҳанифа номини тилга олмади. У зот келгач, Басранинг катта устозлари ҳузурига бориб, уларнинг сўзларига улар билмайдиган ҳужжатлар келтирар эди. Бу эса уларга ёқиб тушарди. Сўнг: “Бундан ҳам яхшироқ қавл бор”, деб, уни далиллари билан келтирар ва ҳеч кимга уни Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзи эканини айтмасди. Улар: “Ким айтган бўлса ҳам, яхши сўзлар экан”, дейишади. Абу Ҳанифанинг сўзлари басралик катта уламолар қалбига ўрнашиб, манзур бўлгач, Имом Зуфар: “Бу Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзи”, дейди. Шундай қилиб, улар Имомнинг қавлларини ҳам қабул қилишди”.
Имом Зуфар раҳимаҳуллоҳ устози Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан сўнг кўп яшамади. У устозининг вафотидан 8 йил ўтиб, ҳижрий 158йили Басрада вафот этди.
Аллоҳ таоло улуғ имомларимизни Ўз раҳматига олсин!
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 24-сонидан