Жобир ибн Ҳайён
Пристон университети профессори Филипп Ҳитти ўрта асрларда кимёнинг пайдо бўлишини таҳлил қилиб, бундай ёзади: “Мусулмонлар тиббиёт, астрономия, математика ва кимё фани ривожига улкан ҳисса қўшишди”.
Кимёвий тажриба ўтказадиган асбобускуналар, колба, кристаллаш учун шиша ликопча, кўза, лампа, керосин лампаси, қўра, эритадиган печ, эгов, андава, чўмич, қайчи, болға, омбур, қум ва сув ҳаммомчаси, мато ва юнгдан тайёрланган сузгич ва ҳоказолар… Ушбу сатрларни ўқиган киши ўзини замонавий лабораторияга тушиб қолгандек ҳис этади. Ҳа, бу кимёнинг асосчиси аллома Жобир ибн Ҳайённинг лабораториясидир.
Шарқ ва Ғарбда яшаб ижод этган барча кимёгарлар Жобир ибн Ҳайённи устоз деб эътироф этишади. Чунки аллома инсон умри етмайдиган кўплаб ишларни амалга оширди. Ибн Халдун Жобир ибн Ҳайён ҳақида айтади: «Одамлар кимёни Жобирга тегишли деб билишади, шунинг учун ҳам уни “Жобирнинг фани” деб аташади».
Абу Абдуллоҳ Жобир ибн Ҳайён Аздий Суфий форс кимёгари, шифокор, ҳаким, математик ва астрономдир. Тус шаҳрида асли эронлик доришунос Ҳайён Аздий оиласида таваллуд топди. Ҳаётининг асосий қисмини Бағдодда ўтказди. Ўрта асрларда Европада “Гебер” номи билан танилди.
Жобир ибн Ҳайён кимё фани асосчиси сифатида фаннинг ўзаги ҳисобланган бир қанча илмий тажрибаларни амалиётга киритди. Алкимё – кимё фанининг бошланғич кўриниши бўлиб, ушбу фанда оддий металларни олтин ва кумушга айлантириш ҳақида баҳслар юритилди. Шу боис ушбу фанни “Жобир кимёси” ёки “Жобир ҳунари” номи билан аташди. Шунингдек, олимга “Кимёгарлар шайхи” ҳамда “Кимёнинг отаси”, деган шарафли унвон берилди.
Дастлаб кимё турли фанларнинг бўлаклари сифатида тасвирланган. Олим кимёни яхлит бир фан кўринишига келтирди ва уни юқори чўққига олиб чиқди. Бу эса узоқ йиллик тинимсиз тажриба ва кузатувларнинг амалий самараси бўлди.
Кимёда тажриба услуби ҳақида Жобир ибн Ҳайён бундай дейди: “Бу ҳунарни такомиллаштиришнинг асосий мезони тажрибадир. Бинобарин, ким тажриба ўтказмаса, амалиётда синамаса, ҳеч нарсага эриша олмайди”.
Олимнинг “Алҳавас алкабир” асаридаги биринчи мақола бу сўзлар билан бошланади: “Биз мазкур китобга қаердандир эшитган нарсаларимизни эмас, балки ўзимиз кўрган нарсаларни киритамиз. Шунингдек, кимдир айтган ёки ўзимиз ўқиган маълумотларни ҳам тажрибадан ўтказгач, ёзиб қўямиз. Хулоса шуки, нимаики ҳақиқатга мувофиқ келса, уни китобда белгилаймиз, тўғри келмаса, воз кечамиз”.
Жобир ибн Ҳайён металларнинг пайдо бўлиш назариясини ишлаб чиқди. Асарларида моддаларни ҳайдаш, эритиш, кристаллаш ва бошқа амалий ишларнинг тасвирига катта ўрин берди. Кўп кимёвий препаратлар (мае, аччиқтош, тўтиё, кумуш нитрат, новшадил, сулема ва бошқалар)ни олиш, металларни эритиш, газламаларни бўяш усулларини аниқ баён этди.
Металларнинг пайдо бўлишида олтингугуртсимоб назариясини олға сурди. Яъни, ер қаърида қуруқ боғланишдан олтингу-гурт («металлар отаси»), нам буғланишдан эса симоб («металлар онаси») пайдо бўлади. Уларнинг турли нисбатларда бирикишидан олтин, кумуш, мис, темир, қалай, қўрғошин, шиша ҳосил бўлади, деган фикрни айтади. Шу аснода оддий металларни нодир металларга ўтказиш ҳақида маълумотлар беради. «Элемент» тушунчасига кўра, олтингугурт — ёнувчанлик, симоб — учувчанлик, туз эса эрувчанликни билдиради. Шунга кўра, бу моддалар турининг кашф қилиниши асосий воқеа бўлди.
Тажрибаларда юқори аниқликка эришиш учун олим реторта – реакциялар амалга ошириладиган мосламани ихтиро қилди. Бирбирига уланган бир нечта шишалардан иборат реторта ёрдамида моддаларни қиздирди. Ҳосил бўлган газсимон учувчи ёки суюқ моддалар аппаратда қайта ишланди. Реторталар ҳанузгача кимёвий лабораториялар ва заводларда ишлатилади.
Жобир ибн Ҳайён рудалардан аралашмаларни самарали ажратиб олиш йўлларини баён этди. Биринчи бўлиб, магний оксидидан ойна саноатида қўллаш бўйича таклиф киритди. Шунингдек, у олтин эритмасини олиш, занглашнинг олдини олиш ҳамда пўлат тайёрлашга доир асосий тажрибавий усулларнинг ихтирочиси саналади.
Француз тарихчиси Гюстав Лебон олимнинг асарлари ҳақида бундай дейди: “Жобир ибн Ҳайённинг китобларидан арабларнинг кимё фанидаги барча ютуқларини қамраб олган катта энциклопедия тузиш мумкин. Унинг асарларида олдинлари маълум бўлмаган кимёвий бирикмалар тавсифланган”.
Жобир ибн Ҳайён кўплаб асарлар муаллифи. Абул Фараж Муҳаммад ибн Надим Бағдодий олимнинг кимёга оид 306 та асари борлигини қайд этади. Ушбу китобларнинг кўпи бизгача етиб келмаган. Аммо 80 га яқини дунёнинг турли бурчакларидаги кутубхоналарда сақланади.
Машҳур китобларидан бири “Заҳарлар ва уларга қарши воситалар”да жониворлар, ўсимликлар ва жонсиз моддаларнинг одам танасига таъсири ёритилган бўлиб, тиббиёт ва кимё фанларини боғлаб турувчи кўприк вазифасини ўтайди.
Манбалар асосида
Мунаввар НИЁЗАЛИЕВА тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 11-сонидан