Мақолалар

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Абу Умоманинг ҳақига қилган дуолари ижобат бўлгани

Чоп этилди Fevral 16, 2021 Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Абу Умоманинг ҳақига қилган дуолари ижобат бўлганиda fikr bildirishni o'chirish

Абу Умомадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ғазотга чиқадиган бўлдилар. Мен у зотнинг олдиларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, шаҳид бўлишимни сўраб дуо қилинг”, дедим. У киши: “Эй Аллоҳим уларни соғ-омон ва ўлжали қилгин”, деб дуо этдилар. Жангдан соғ-омон ва ўлжалар билан қайтдик.

Кейин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна ғазотга чиқадиган бўлдилар. Мен у зотнинг олдиларига бориб: “Ё Расулуллоҳ, шаҳид бўлишимни сўраб дуо қилинг”, дедим. У киши: “Эй Аллоҳим, уларни соғ-омон ва ўлжали қилгин”, деб дуо этдилар. Ғазотда жанг қилиб, соғ-омон ва ўлжалар билан қайтдик.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна ға­зотга чиқадиган бўлдилар. Мен олдиларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, икки марта келдим, шаҳид бўлишимни сўраб дуо қилинг”, дедим. У зот яна: “Эй Аллоҳим, уларни соғ-омон ва ўлжали этгин”, деб дуо қилдилар. Жангдан яна соғ-омон, ўлжалар билан қайтдик.

У Содий ибн Ажлон ибн Ҳорис Абу Умома. Шу куня билан машҳур бўлган. Шомда яшаган. 86 йил Сиффин жангида Али (розияллоҳу анҳу) билан бирга вафот этган. Исоба (2/182).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олди­ларига яна келдим ва: “Ё Расулуллоҳ, менга бошқа бир иш буюринг, шу сабабли Аллоҳ менга манфаат берсин”, дедим. У киши: “Рўза тут, чунки унга ўхшаши йўқ”, дедилар».

Шундан сўнг Абу Умома, унинг аёли ва ходими доим рўзадор юрадиган бўлишди. Умоманинг уйидан ўт ёки тутун чиқса уникида меҳмон борлигини билса бў­ларди.

Умома айтади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига яна келдим ва: «Ё Расулуллоҳ, менга буюрган ишингизни Аллоҳ манфаатли этишини умид қиламан. Яна бошқа иш буюринг, токи у билан Аллоҳ менга манфаат берсин», дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Билгинки, сен Аллоҳ учун бир сажда қилсанг, Аллоҳ даражангни кўтариб, сендан бир хатони ўчиради”, дедилар».

Имом Аҳмад Муснадда (5/248–249), Имом Байҳақий “ад-Далоил”да (6/234–235) рақам билан келтирган.

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган