Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда кимлар коронавирусга қарши бепул эмланиши аниқ бўлди

Чоп этилди Fevral 17, 2021 Ўзбекистонда кимлар коронавирусга қарши бепул эмланиши аниқ бўлдиda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёши катта ва аҳолини бошқа заиф қатламлари вакилларини коронавирусга қарши эмлаш бепул тарзда амалга оширилади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниевнинг ёзишича, бу ҳақда Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида маълум қилинди.

Йиғилишда Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналарни ишлаб чиқиш ҳамда аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишларини бошлаш ва ташкиллаштириш чоралари муҳокама қилинган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ҳукумати аҳолининг катта қисмини, биринчи навбатда, ёши катта, сурункали касаллиги бор, фуқароларга биринчи хизмат кўрсатувчи соҳа ходимларини (шифокор, ўқитувчи, ИИО ходимлари ва ҳоказо) 2021 йил охиригача коронавирусга қарши вакцина билан тўлиқ эмлашни ўз олдига мақсад қилган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёши катта ва аҳолини бошқа заиф қатламлари вакилларини вакцина билан эмлаш бепул тарзда, яъни бюджет маблағлари ҳисобига амалга оширилиши кўзда тутилган.

 Президент Шавкат Мирзиёев давлат дастури бўйича йиғилишда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишларини бошлаш зарурлигини таъкидлаганди. Санитария-эпидемиология хизмати Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш март ойининг биринчи ярмида бошланишини маълум қилди. Бунда биринчи навбатда коронавирус юқиш хавфи даражаси юқори бўлган шахслар эмланади ва у фақатгина ихтиёрийлик тамойили асосида амалга оширилади. Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина учун 3 триллион сўм ажратиш режалаштирилган.