Тузатиб бўлмас хато
Болам, қиёмат келдими, Она бегона бўлдими…
(Халқ қўшиғидан)
Зоҳиджон уйқудан уйғонганида аллақачон тонг отиб, кун ёйилиб кетган эди. Анча вақтгача ўзига келолмай ётди. Ўзига келганида эса…
У ёшлик қилди. Йўқ, ёшлик қилмади, кўнгилнинг беўхшов майлига қурбон бўлди. Санамжонни кўрдию, унга меҳри тушиб қолди. Қизни кўрмаса туролмайдиган, гўёки ҳаёти тўхтаб қолаётгандек туюлди. Онасига дардини айтди. Гулрухсор опа суриштириш учун манзилини сўради. Ўғли айтган манзилга бориб маҳалла аҳлидан, қўниқўшнидан Санам ва унинг оиласини суриштирди. Уларнинг ҳаммалари бир оғиздан қизнинг яхшилигини, аммо онаси ёмон феълли эканлигини айтишди. Айниқса, кекса бир онахон:
– Қизим, турмуш, оила қуриш – оғир масала. Чуқур ўйлаб, ўрганиш керак, токи тўрт кунда янги оила бузилиб кетмасин. Яна бир гапимни қулоғингга ил, болам. Донишмандлар: “Онаси яхши бўлсаю қизи ёмон бўлса, у қизни ҳеч иккиланмай келин қил. У барибир онасига тортади. Аммо қизи яхши бўлсаю онаси ёмон бўлса, у қизнинг яхшилигига алданиб қолма”, дейишган. Шунинг учун бу қиз борасида хулоса чиқаришга шошилманглар, – деди.
Гулрухсор опа уйга қайтганида Зоҳиджон уни интиқ бўлиб кутиб турганди. Опа:
– Ўғлим, маҳалладошлари қизнинг оиласи ҳақида яхши гап айтишмади, нима қиламиз? – деб сўради.
Зоҳиджон:
– Санамни яхши қиз дейишибдику! Уйлантирсангиз, унга уйланаман, бошқа қиз керак
эмас. Мени десангиз, дадамни ҳам кўндирасиз!
Чораси қолмаган онаизор турмуш ўртоғи билан маслаҳатлашиб, тўй қилишга рози бўлишди. Орзуҳавасли тўй бўлиб ўтди. Салкам бир ойгача Зоҳиджонларнинг уйидан меҳмонлар қадами узилмади. Иккинчи ой бошланди. Гулсанам опа ва турмуш ўртоғи келин олдик, бир боламиз иккита бўлди, деб хурсанд. Келинимиз бизга келин эмас, қиз бўлсин, деб роса алқашди.
Санам аввалига қайнонақайнота хизматини елибюгуриб бажара бошлади. Нима ҳам бўлдию, тўсатдан келиннинг авзои бузилиб, эрига хархашасини бошлади:
– Жон хўжайин, илтимос, ўзимиз алоҳида кўчиб чиқайлик. Мен қачон турмушга чиқсам, алоҳида яшайман, деб орзу қилганман.
– Э, қизиқмисан, мен биттаю битта фарзанд бўлсам, отаонамни қандай қилиб ташлаб кетамиз?
– Нима қипти, тезтез келиб турамиз.
Зоҳиджон кўнмади. Санам ялинибёлвориб, ниҳоят, ҳовлини иккига ажратиб олишга эрини кўндирди. Зоҳиджон бу гапни айтишга юзи бўлмаслигини айтганида:
– Сиз эркаксиз. Оилада ҳукмингиз бўлиши керак. Қандай айтасиз, нима қиласиз – бу сизнинг ишингиз. Айтасиз, тамомвассалом! – сўзига якун ясади Санам.
Зоҳиджон ўйлайўйлай ечим тополмагач, уйга ичиб келди. Шайтон унга кучини кўрсата бошлади. У “шер”га айланди. Тавба, кечаги истиҳола, андиша қаерга чекинди, билмайди. Отаонасига алоҳида яшашмоқчилигини айтди, ҳовлини иккига бўлиб, ўзларига тегишли қисмини ажратиб беришларини сўради.
Бу гапдан ота нима деярини, она нима қиларини билмай талмовсираб қолишди. Айниқса, она ўзини буткул йўқотиб қўйди. У бор бўйи билан ерга гурсиллаб йиқилди. Ота тез ёрдамга қўнғироқ қилди. Ер гўё остинустин бўлди. Етиб келган тез ёрдамда онани шифохонага олиб кетишди. Саросимада қолган ота ҳам хотини билан бирга кетди. Зоҳиджон бошқа нима бўлганини билмайди…
Кечаги воқеалар эсига келдию, нима қиларини билмай, бошини чангаллаб қолди. Ўзининг қандай хатога йўл қўйганини англади. Англадию… бир хотиннинг макри минг туяга юк бўлибгина қолмай, қалбни, хонадонни вайрон қилишга ҳам қодирлигини ўйладию, тузатиб бўлмайдиган даҳшатли хатога йўл қўйганини тушунди.
Зебо ОМОНОВА
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 24-сонидан