Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилайлик!
Азиз юртимизни улуғ алломаларга бешик, уларни бутун Ислом оламига ибрат қилган Аллоҳ таборака ва таолога чексиз ҳамду саноларимиз бўлсин.
Умматларига зиёратни суннат қилиб қолдирган оламлар сарвари Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга чексиз салавотларимиз, саломларимиз бўлсин.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 9 декабрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида буюк аллома Имом Абу Мансур Мотуридий мақбараси ва унинг яқинида дафн этилган саккиз буюк уламо қадамжосини мотуридия таълимоти издошларининг зиёрат марказига айлантириш лозимлигини айтдилар.
Давлатимиз раҳбари 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга мурожаатномасида эса: “Туризмни ривожлантириш бўйича 2021 йилда ҳам изчил ислоҳотларни давом эттирамиз. Айниқса, зиёрат туризми ва ички туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилади”, дея таъкидладилар.
Дарҳақиқат, юртимизга ҳар йили дунёнинг 70 давлатидан икки миллионга яқин сайёҳ ташриф буюрар экан. Муқаддас жойларни зиёрат қилиш одамларни ёмон йўллардан узоқ юришга, инсофли, диёнатли бўлишга, ўзидан фақат яхшилик қолдириш сингари хайрли ишларга чорлайди.
Ўзбекистон тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўнта мамлакатдан бири ҳисобланади. Ана шу жиҳатдан юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича кенг имкониятлар мавжуд. Хусусан, 7300 дан ортиқ қадимий-меъморий ва археологик обидаларнинг 200 дан зиёди ЮНЕСКОнинг номоддий маданий репрезентатив мероси рўйхатига киритилган.
Ўз навбатида, мусулмон оламининг машҳур олимлари Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд, Маҳмуд Замахшарий, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний каби улуғ алломалар Ўзбекистон ҳудудида яшаб ижод қилгани ҳам мамлакатда зиёрат туризмини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилайлик!. Ўзбекистон қадимдан кўплаб маданиятлар ва цивилизациялар ўчоғи бўлган. Бу ерда барча дин вакиллари аҳиллик ва ҳамжиҳатликда яшаб келган.
Бинобарин, зиёратгоҳлар миллий-диний қадриятларимизнинг асл намуналарини ва анъанавий миллий урф-одатларимизни ҳам ўзида мужассамлаштирган. Зиёратгоҳларнинг ҳар бири маълум бир туман, қишлоқ ва маҳаллаларда яшовчи аҳоли турмушида ҳамда уларнинг диний қарашларини ифодаловчи маскан сифатида муҳим аҳамият касб этади.
Ёшларда инсонпарварлик, меҳнатсеварлик хислатларини кучайтиришда улуғ авлиёлар ҳаёт тарзини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Буюк зотларнинг авлиёлик даражасига етиши асосида тинимсиз меҳнат ётгани боис аҳоли ўртасида меҳнатга бўлган муносабат авлиёлар ҳаётига тақлидий равишда кечган. Бу қарашлар Баҳоуддин Нақшбанднинг «Дил ба ёру даст ба кор» шиорига ҳамоҳанг ҳолда олиб борилган.
Муқаддас қадамжолар билан боғлиқ халқ қарашларида аввало поклик бош мезон бўлиб, дилозорлик, бировлар ҳақига кўз олайтириш, фоҳишабозлик, ичкиликбозлик каби қабиҳ ишлар қаттиқ қораланган. Ўтганларни ҳурмат билан хотирлаш қон-қонимизга сингиб кетган. Бундай ҳурмат намунасини мисол тариқасида буюк бобомиз Амир Темур қилган ишларда кўришимиз мумкин. Соҳибқирон Амир Темур Аҳмад Яссавий ва Қаффол Шоший каби улуғ зотлар қабрлари топталишининг олдини олиш мақсадида мақбаралар қурдирган.
Ислом динида дастлаб қабрларни зиёрат қилиш ман қилинган эди. Негаки, жоҳилият даврида араблар мусибат етганида Аллоҳнинг тақдиридан норози бўлиб, ғазабланишар, қабр тепасига бориб, оҳу воҳ қилишарди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларини фитнадан сақлаш учун қабр зиёратидан қайтарган эдилар. Кейинчалик саҳобаи киромлар қалбларига имон чуқур ўрнашиб, эътиқодлари мустаҳкам бўлгач, қабрларни зиёрат қилишга рухсат бердилар.
Юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган хайрли ишларга биз мўмин-мусулмонлар ҳам ўз ҳиссамизни қўшиб, ҳам ибодат қилиб, ҳам улуғ савобларга эга бўлиб олиш имконимиз бор. Ана шу имкониятни қўлдан бой бермайлик.
Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2021-йил, 1-сонидан