Дунё янгиликлари

ЖССТ вакцинанинг ножўя таъсиридан жабрланганларга товон пули тўлайди

Чоп этилди Fevral 24, 2021 ЖССТ вакцинанинг ножўя таъсиридан жабрланганларга товон пули тўлайдиda fikr bildirishni o'chirish

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) COVAX дастурининг 92 та қашшоқ аъзо-давлатларининг вакцинация акс таъсиридан жабрланган фуқароларига товон пули тўлайди. Бу ҳақда The Guardian нашрига таяниб «Korrespondent.net» хабар берди.

Таъкидланишича, ташкилот компенсация режасини келишиб олган.

«Ҳар қандай даъволарни тўлиқ ва узил-кесил қоплашда бир марталик компенсация бериш COVAX дастури устидан судга мурожаат қилиш заруриятини сезиларли даражада камайтиради, чунки бу анча узоқ чўзиладиган ва қимматга тушадиган жараён», — дейилади The Guardian нашри хабарида.

COVAX вакцинаси доирасида жиддий ножўя таъсирларга дучор бўлган одамлар товон пули олишлари мумкин.

Компенсация режаси 92 та қашшоқ мамлакатни, шу жумладан, Африка ва Жануби-Шарқий Осиёдаги кўплаб мамлакатларни қамраб олади. Дастур 2022 йил 30 июнгача давом этади.

Таъкидланишича, COVID-19 вакцинасини сотиб олиш учун ўзини ўзи молиялаштира оладиган мамлакатлар ҳам жавобгарлик дастурларини жорий этишни режалаштирмоқда.

Аввалроқ ЖССТ 130 га яқин мамлакат коронавирусга қарши вакцинасиз қолишини айтган эди.