Мақолалар

Солиҳ ота ва солиҳ фарзанднинг бир-бирига ҳайратлари

Чоп этилди May 5, 2021 Солиҳ ота ва солиҳ фарзанднинг бир-бирига ҳайратлариda fikr bildirishni o'chirish

Каҳф сурасининг 82-оятида шундай дейилади:
«Деворга келсак, у шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида икковларининг хазинаси бор эди. Уларнинг оталари солиҳ одам эди. Бас, Роббинг икковларининг вояга етишини ва хазиналарини чиқариб олишини ирода қилди. Бу, Aллоҳнинг раҳмати ила бўлди. Мен ўзимча қилганим йўқ. Мана шу, сен сабр қила олмаган нарсанинг таъвилидир». 

“Уларнинг оталари солиҳ одам эди…” 

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ оятнинг шу қисмига келтирган тафсирида, бу солиҳ кишининг зурриётига ғамхўрлик қилиниши ва ибодатининг баракаси бу дунёда ва охиратда уларга насиб этишини ёзган. Бу уларнинг шафоат ва охиратда қувонч топишлари жаннатнинг энг юқори даражаларига кўтарилиши билан содир бўлади. Бу Қуръон ва суннатда баён қилинган”.

Саъид ибн Жубайр Ибн Aббосдан ривоят қилади: “Уларга ғамхўрлик қилинди, чунки уларнинг оталари солиҳ одам эди, лекин уларнинг ўзлари солиҳ эканлиги айтилмаган”.

Бўлажак фарзандга ота танлашда Aллоҳ солиҳ инсонни тақдир қилишини сўраш, чунки бунинг аҳамияти шунчалик муҳимки, бу худди омонатингизни топширишга омонатдор инсонни танлашга ўхшайди. Aхир, фарзанд ҳам энг катта ва масъулияти тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада улкан бўлган омонат – Aллоҳнинг омонати. Бунинг масъулиятини омонатдор инсон билан, яъни шу омонатнинг қийматини, қадрини биладиган инсон билан бўлишиш мақсадга мувофиқ.

Демак, солиҳ инсоннинг Aллоҳ олдидаги мавқеъи ҳатто унинг фарзандларига ҳам манфаат келтирар экан. Буни доимо ёдда тутишимиз лозим!

Энди солиҳ фарзанднинг ўрни ҳақида:
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Инсон вафот этса ҳамма амали тўхтайди. Фақат ҳаётлик вақтида қилган учта амалининг савоби етиб туради. Улар: садақаи жория, фойдали илм, (ота-она ҳаққига)  дуо қиладиган солиҳ фарзанд” (Имом Муслим ривояти).

Солиҳ бўлишга ҳаракат қилишимиз билан биз нафақат фарзандларимизга балки, бизларда Aллоҳ ва Расулидан кейин устимизда ҳаққи энг кўп бўлган зотлар — ота-оналаримизга ҳам дунё ва охиратда узилмайдиган манфаат келтириб туришга сабабчи бўлар эканмиз. Субҳаналлоҳ! Нақадар ажойиб!