Мақолалар

Инсонпарварликнинг юксак намунаси

Чоп этилди May 5, 2021 Инсонпарварликнинг юксак намунасиda fikr bildirishni o'chirish

Кишиларга меҳр-мурувват кўрсатиш, бағрикенглик қилиш ҳамда адашганларни тўғри йўлга бошлаш, кечириш халқимизнинг миллий анъаналаридан ҳисобланади.

Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг бевосита топшириғи ва назорати остида «Меҳр» операциялари орқали хорижий давлатларда қийин шароитларга тушиб қолган, хусусан, уруш ўчоқларида сарсон-саргардон юрган ватандошларимизга кўмак бериш, юртимизга қайтариб, уларга муносиб ҳаёт тарзини яратиб бериш борасида амалга оширилаётган оламшумул саъй-ҳаракатлар замирида ҳам ана шундай юксак инсонпарварлик тамойиллари ўз ифодасини топган.

Муборак Рамазон ойининг мағфират даҳасида Президентимизнинг бевосита топшириғига биноан, ҳамкор давлатлар кўмаги билан «Меҳр-5» операцияси амалга оширилди. Сурия ҳудудидаги уруш олови кетаётган «қайноқ нуқталар»га бориб қолиб, «Ал-Хол» лагерида уч йилдан ортиқ вақт давомида ушлаб турилган 24 нафар аёл ва 69 нафар боланинг мамла­катимизга қайтарилиши эса ­давлатимиз раҳбарининг ­халқона ҳамда инсонпарварлик сиёсатидан далолат беради.

Улар мутаассиблик, террорчилик йўлига кирган турмуш ўртоқларининг ундови билан Сурияга борган ва эрларини жангларда йўқотиб, ўзлари бева, фарзандлари эса етим қолган. Юртимизга ушбу олиб келинганлар орасида ҳам ­отаси, ҳам онасидан айрилган 7 нафар чин етим бола ҳам бор.

Бу жабрдийдалар махсус санаторийга жойлаштирилиб, тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Мазкур фуқаролар ўз хатосини тушуниб етиб, тавба қилиб, Президентимиздан, халқимиздан кечирим сўраган инсонлардир. Ана шундай ­пушаймон бўлганларгина ­Ватанга қайтарилди. Фикридан қайтмаган, танлаган йўлини тўғри деб билганлар ҳали-ҳамон можароли ҳудудларда хору зорликда юрибди. Улар мусофир юртларда ўзгаларнинг алдовига ишониб, фарзандларини нафақасиз, тарбиясиз, қийин шароитларда яшашга мажбур қилган виждонсиз кишилардир.

Меҳру мурувватга ташна, моддий-маънавий кўмакка муҳтож, ота-онасидан айрилган етимларга икки карра кўпроқ меҳр улашиш динимизнинг муҳим кўрсатмаларидандир.

Ойларнинг энг улуғи — Рамазонда яхшилик, кечиримлилик, ўзгаларга меҳр-оқибат кўрсатиш, адоватни унутиш каби инсоний фазилатлар янада кўпроқ намоён бўлади. Бу каби эзгу амалларнинг ажри Рамазонда ниҳоятда каттадир. Ана шу жиҳатдан қараганда, «Меҳр-5» тадбири ўз вақтида ташкил этилгани билан аҳамиятлидир. Чунончи, ҳадиси шарифда:

«Одам боласининг ҳар бир эзгу амалига (Рамазон ойида) ортиғи билан мукофот берилади. Бир яхшиликка ўн баробардан то етти юз баробаргача савоб ато этилади» (Имом Бухорий ривояти), дейилган.

Алоҳида таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбарининг бағрикенгликка асосланган ушбу сиёсати қанчадан-қанча ўксик дилларга қувонч улашиб, муносиб турмуш тарзига қайтиш имкониятини берди. Уларга ўз ҳаётини янгидан бошлашга, порлоқ келажак йўлида ширин орзу-истакларини амалга оширишга шароит яратди. Шу маънода, «Меҳр» адашганларга тўғри йўлни кўрсатишга ёрдам бермоқда. Бу йўл одамийлик, меҳр-оқибат, юксак инсонпарварлик йўли, десак, адашмаган бўламиз. Ўзбекистон ана шу тўғри йўлни бугун бутун дунёга намоён қилмоқда.

Зеро, ҳазрат Алишер Навоий бобомизнинг:

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай,

деган лутфида ҳам кишиларга яхшиликлар улашиш, уларнинг кўнглини шод қилишдек улуғ амаллар ифода этилган.

Чиндан ҳам, инсон ҳар доим ўзига ҳамда яқинларига эзгуликларни соғиниб яшайди. Яхши кунлари кўп бўлишини, тўйлар қилиб, фарзандлари бахту камолини кўришни истайди. Бироқ шундай тоифалар борки, кишиларни сохта чақириқ ҳамда алдов йўли билан тинч-тотув, хотиржам ҳаётидан маҳрум қилиб, не бир синов ҳамда саргардонликларга дучор қилмоқда. «Ҳижрат қилиш» умидида Яқин Шарқ минтақаларидаги можароли ҳудудларга чиқиб кетган ватандошларимиз ана шундай аянчли қисматни бошдан кечирмоқда.

Минг афсуски, бугунги кунда ҳам ҳижрат, жиҳод қилишга уринаётган ёшлар орамизда учраб турибди. «Меҳр» операцияси доирасида юртимизга олиб келинганлар тақдири эса бизга катта сабоқ бўлмоғи лозим. Зотан, тинч-тотув ҳаётнинг қадрига етиш, ота-оналаримизнинг хизматида бўлиб, дуоларини олиш ҳамда туғилиб ўсган она Ватанга сидқидилдан меҳнат қилиш муқаддас динимизнинг ҳам асосий талабларидандир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Иброҳим» сураси, 7-оятида шундай марҳамат қилади:

«Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Бордию, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир».

Ояти каримадаги ушбу даъват эса барчамизни ҳушёрликка, огоҳликка чорламоғи лозим.

Шундай экан, тўғри йўлдан адашмайлик, юртимиздаги кенг имкониятлар ҳамда шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, Аллоҳ таолога шукрона келтирайлик.

Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий