Дунё янгиликлари

Бошқирдистонда 1914 йили қурила бошланган масжид очилди

Чоп этилди Iyun 4, 2021 Бошқирдистонда 1914 йили қурила бошланган масжид очилдиda fikr bildirishni o'chirish

Бошқирдистон Республикаси Бураево қишлоғида қурилиши 107 йил олдин – 1914 йилда бошланган масжид очилди, деб хабар бермоқда mynamaz.ru.

Маҳаллий татар савдогари Шарафутдин Хамитов 1914 йилда “Тарихий масжиди”ни қуришга киришди. Фақат том ва минораларни тугатиш қолди, лекин қулоқлаштириш ва тазйиқ остига тушмаслик учун савдогар ва унинг оиласи ўз она юртларини тарк этиб, Хитойга йўл олди. Бураевонинг еттинчи жоме масжиди ўшанда очилмай қолди. Инқилобдан кейин масжид биноси дон омбори, кутубхона, клуб ва кинотеатр сифатида ишлатилган. 2000 йиллар бошида бинони бузиб, унинг ўрнида кўнгилочар савдо марказини қурмоқчи бўлишган, бироқ маҳаллий аҳоли масжид биносини ҳимоя қила олган. Унга тарих ва маданият ёдгорлиги мақоми берилди ва 2003 йилда масжид барпо этишга киришилди.

“Масжид қурилиши 1914 йилда бошланган, аммо тўхтатилган. Бино социализм даврида ҳам халққа хизмат қилган. Турли вақтларда клуб, кутубхона ва кинотеатр сифатида ишлатиб келинди. Қодир Аллоҳ бу жойни қайтариб, масжид қила оламизми ёки йўқми дея бизнинг халқимизни синовдан ўтказди”, – дейди Бошқирдистон Республикаси Бураев тумани имом-муҳтасиби Рифат Зарипов масжиднинг очилиш маросимида.

Бошқирдистон муфтийси Айнур Биргалин эса 1906 йилда Бураевода олтита масжид ва тўртта мадраса бўлганини эслатди.

Масжиднинг очилиш маросимида Россия Федерацияси Мусулмонлари диний идораси раисининг муовини Рушан Аббясов, Саратов вилояти муфтийси Муқаддас Бибарсов, Пенза вилояти муфтийси Ислям Дашкин, Ульяновск вилояти муфтийси Муҳаммад Байбиков, Бошқирдистон муфтийси Айнур Биргалин ва унинг биринчи ўринбосари Аюп Бибарсов, Бош Казй, Татаристон Республикаси бош қозиси Жалил Фазлиев, Бошқирдистон Республикаси раҳбари маслаҳатчиси Руслан Карамишев, Бураев туман маъмурияти раҳбар ўринбосари Марат Ахунов ва бошқа фахрий меҳмонлар иштирок этишди.

Бу ерда тарихий масжид биносининг ўзини қайта тиклаш билан бир қаторда ободонлаштириш ишлари олиб борилди, жамоат жойи учун зарур бўлган барча турдаги ишлар амалга оширилди. Масжид қошида мактаб ҳам очилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати