Мақолалар

Ўғригина бола ва ҳакима она

Чоп этилди Iyun 8, 2021 Ўғригина бола ва ҳакима онаda fikr bildirishni o'chirish

Ёшлик чоғимда саҳрода яшар эдик. Қишлоқдагиларнинг қўйларини боқиб берар, тонгда уйдан чиқиб, шомда қайтар эдим. Биз ўта ночор яшар эдик. Онам бемор бўлиб, кун сайин дардлари ортиб борар эди.

Кунларнинг бирида масжид олдида қўйларни боқдим. Шу пайт масжид ховлисидаги сандиққа кўзим тушди. Масжидга кирдимда, сандиқни очдим. Қарасам ичида уч ярим қирш бор экан. Хурсанд бўлиб кетдимда, уни олиб, кечки пайт ўзим билан турли хил ҳолваларни онамга олиб бордим. Онамнинг касалидан хавотирда бўлиб, бир оз бўлсада бу ишим билан муаммоларини енгиллатишни истадим. Онам хурсанд бўлиб, мен келтирган ширинликлардан едилар, раҳмат дедиларда, бирданига мендан “бу ширинликларни қайси пулга олдинг?” деб сўраб қолдилар.
Ёлғон гапира олмадим, ҳақиқатни айтдим.
Онам қўлларимни ушлаб: “болажоним мени хурсанд қилиш мақсадида бу ишни қилганинг учун катта раҳмат, лекин биз ҳаром ея олмаймиз. Чунки ҳаром нарса фойда бермайди, балки зарар беради, дедилар” ва қўлимга уйимиздаги охирги пул беш қиршни бериб, масжиддаги сандиққа ташлашимни буюрдилар.

Эртаси куни масжидга бориб беш қиршни сандиққа ташладим. Кечаси уйга қайтиб, онамга айтганларини қилганимни хабарини берган эдим, хурсанд бўлдилар ва табассум қилиб: “Баракалла болам, энди бу ишинг учун Аллоҳга тавба қил ва душанба ҳамда пайшанба кунлари рўза тутгин”, дедилар.

Мана шу ишга қирқ йил бўлибдики, ҳалигача душанба ва пайшанба кунлари рўза тутишни тўхтатмадим. Бугунги кунда муҳандисман, шароитим яхши, бироқ уч ярим қиршни ҳали ҳамон унутмадим ва душанба ҳамда пайшанба кунлари рўза тутишни тўхтатмадим. Онажоним, сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!

Яҳё Убайдуллоҳ ўғли таржимаси