Мақолалар

Ҳазрати Умарнинг оёқ кийими

Чоп этилди Iyul 28, 2021 Ҳазрати Умарнинг оёқ кийимиda fikr bildirishni o'chirish

Асҳоби киромдан Ториқ ибн Шуҳоб розияллоҳу анҳу ҳикоя қилади:

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалик қилган йилларнинг бирида Абу Убайда ибн Жарроҳ билан биргаликда Шомга кетаётган эди. Уларнинг олдидан бир дарё чиқди. Ҳазрати Умар туясидан тушдилар. Оёқ кийимини ечиб, елкасига ташлади. Туянинг юганидан ушлаб, сувга тушди. Буни кўрган Абу Убайда ибн Жарроҳ:

– Эй мўминлар амири, – дея хижолат бўлди, – нега бундай қиляпсиз? Оёқ кийимингизни олиб, елкангизга ташлаяпсиз, туянинг юганидан ушлаб, сувга кираяпсиз, шаҳар халқи сизни бу ҳолатда кўриши, тўғриси, менга жуда алам қилади.

Буни эшитиб ҳазрати Умар Абу Убайдага бундай деди:

– Бу нима деганинг, эй Абу Убайда! Агар бу сўзларни сен эмас, бошқа бирортаси сўзлаганида уни Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматига ибрат бўладиган тарзда жазолаган бўлар эдим. Шуни унутма! Биз оддий бир қавм эдик, Аллоҳ таоло бизни Ислом билан шарафлантирди. Шон-шарафни диндан бошқа ердан қидирсак, Ҳақ таоло бизни яна ўша ҳолимизга тушириб қўяди[1].

 

Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан

Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ

 

[1] Абдуллоҳ ибн Муборак, Китоб уз-зуҳд (ношир. Ҳабибурраҳмон ал-Аъзамий), Байрут 1419/1998 йиллар. 196; Ҳоким, ал-Мустадриқ (Мустафо Абдулқодир Ато), I, 130; Албоний, Саҳиҳ ут-тарғиб ват-тарҳиб, Риёд 1421/2000, III, 100-101