Наманган, Фарғона, Андижонга сафар
2021 йилнинг 6-7-8 октябрь кунлари “Шамсуддинхон Бобохонов” НМИУ бош муҳаррири Абдужалил Хўжамқулов ҳамда муҳаррир Абдулатиф Абдуллаев 2022 йилги обуна мавсуми самарали кечиши учун Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида ташвиқот тадбирида бўлиб қайтишди. Пойтахтлик меҳмонларни вилоятлар бош имомлари кутиб олди.
Биринчи (6 октябр) куни 10:00да Андижон вилояти вакиллиги биносининг мажлислар залида юздан зиёд имом-хатиб билан йиғилиш ташкил этилди. Унда “Ҳидоят”, “Мўминалар” журнали ва “Ислом нури” газетасининг ўрни, аҳамияти ҳақида сўз борди. Абдужалил Хўжам нашриётда томонидан сўнгги йилларда амалга оширилаётган ишлар, журнал ва газета саҳифаларидаги янгиликлар ҳақида йиғилганларга маълумот берди. Тадбир давомида имомларнинг журналлар ва газета бўйича фикр-мулоҳаза, таклифлари тингланди. Сўнгра 2021 йилги обуна мавсумида фаоллик кўрсатган масжид имомлари “Шамсуддунхон Бобохонов” нашриётининг махсус ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Бош имом-хатибга ноутбук, обуна ташкилий ишларида фаоллик кўрсатган вакиллик ходимлари ҳамда имомларга чанг юткич, китоблар жамланмаси ҳадя этилди.
Шу куннинг ўзида Наманган вилоятига борилди. Шаҳар марказидаги “Туркистон” меҳмонхонасида вилоят вакиллиги томонидан буюртма қилинган жойларда туналди. Эртасига (7 октябр) куни 10-00 да “Ҳидоя” ўрта-махсус билим юрти ҳудудидаги мажлислар залида ҳам икки юзга яқин имом ва ноиблар иштирокида тадбир ўтказилиб, бош имом-хатибга ноутбук, обуна ташкилий ишларида фаоллик кўрсатган вакиллик ходимлари ҳамда имомларга чанг юткич, китоблар жамланмаси ҳадя этилди. Таклиф ва мулоҳазалар тингланди. Жумладан, hidoyat.uz сайти фаолиятини жонлантириш масаласи ўртага ташланди. Сўнг вилоят масжидлари зиёрат қилиниб, Фарғона сари йўл олинди.
Фарғона вилоятида 7 октябр куни 15-00да бошланган тадбирни вилоят бош имом-хатиби Убайдулла Абдуллаев бошқарди. Нашриёт билан узвий ҳамкорлик ишлари, вилоят ҳар йилги обуна мавсумида етакчилик қилиб келаётгани, бунда фаоллик кўрсатганлар эътибордан четда қолмаётгани, бу йил ҳам энг кўп эсдалик совғалари, (иккита наутбук, учта чангютгич), фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар шу ерлик имом-домлаларга насиб этгани алоҳида таъкидланди. Нашрларнинг обунасидан ташқари, уларга мақола ва материаллар юборишда ҳам имомлар ва қавмининг ташаббускорлиги эслаб ўтилди. Тарғибот тадбирлари самимий руҳда ўтди. Вилоят вакиллиги жой буюртма қилган Марғилон шаҳридаги “Диёр” меҳмонхонасида тунаб қолинди. 2021 йил 8 октябрь куни Данғара туманидаги “Аҳмаджон ҳожи” масжидига ажратилган чангютгич ҳадясини етказиб, пойтахтга қайтилди.