Сувни унга олиб бор!
Қурайш қабиласининг пешволаридан бўлиб, Макка фатҳида Исломни қабул қилган Абу Жаҳм ибн Ҳузайфа ҳикоя қилади:
Ярмуқ жанги бўлган куни жанг майдонига амакимнинг ўғлини ахтариб чиқдим. Бир мешни сувга тўлдириб олдим. Ўзимга ўзим: “Уни тириклай топа олсам, шу сувни ичираман ва юзини юваман”, деб гапириб бордим. Амакимнинг ўғлини топганимда у жон бериш арафасида эди.
– Сув ичасанми? – деб сўрадим.
У ичаман, дея ишора қилди. Шу чоқда “ооҳ” деган овоз эшитилди. Амакимнинг ўғли сувни унга олиб бор, дея ишора қилди. Унинг ёнига бордим. қарасам, Амр ибн Оснинг укаси, саҳобадан Ҳишом ибн Ос эмасми? Унга энди сув ичирмоқчи бўлгандим “су-ув”, деган яна бир овоз эшитилди. Ҳишом сувни унга олиб бор, дея ишорат қилди. У кишининг ёнига етиб борганимда жонини таслим қилган эди. Ғизиллаб Ҳишомнинг ёнига қайтдим. қарасам, у ҳам кўзларини юмибди. Амакимнинг ўғлининг ёнига югурдим. Кўрдимки, у ҳам Мавлога қовушибди[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] Абдуллоҳ ибн Муборак, аз-Зуҳд (Аъзамий), 180; Ибн Асокир, Тарихи Мадинати Димашқ (Муҳиббуддин Абу Саид Умар ибн Ғорамий ал-Амрий), Байрут, 1415/1995, XXXVIII, 180.