Муборак қадамжо
Хоразм вилоятида кўплаб табаррук қадамжолар бор. Улардан бири Қўшкўпир туманидаги 1795 йилда бунёд этилган “Иморатбобо” мажмуасидир.
“Иморатбобо” мажмуасига кираркансиз, пештоқлардаги жимжимадор нақшлар диққатингизни тортади. Улар гўё ўтмишдан сўзлаётгандек.
Қишлоқда истиқомат қилаётган кексалар, хусусан, Отабой Саидовнинг айтишича, 1790 йилларда Эрондан Хивага зиёратчилар келаётгани, улар кароматгўй инсонлар экани ҳақида хабар тарқалади. Хива хони ҳам меҳмонларни иззат-ҳурмат билан кутиб олади. Шайх оила аъзолари ва муридлари билан саройда анча вақт меҳмон бўлиб, гўзал суҳбатлари билан одамлар кўнглини ром айлайди, руҳий далда беради.
Ниҳоят, бир куни шайх Хива хонига кўрсатилган ҳурмат-эҳтиром, берилган нон-тузга розилик ва қайтишга рухсат сўрайди. Хон Эрон атрофида нотинчлик бўлаётгани, бундай пайтда сафарга чиқиш хатарли эканини айтиб, у кишини шу ерда муқим яшаб қолишга ундайди. Шайх Саид Мирмуҳаммад дастлаб унамайди, сўнг кунлар ўтиши билан бу юртнинг оқкўнгил инсонлари ёқиб қолади ва сафарга чиқиш хатарли экани учун хоннинг таклифига рози бўлади. Саройда эмас, балки бошқа жойда қўним топишини билдиради. Бу хонга ҳам маъқул бўлади. Шунда шайх қўлидаги қушини учиради. У бугунги кунда “Иморатбобо” жойлашган ҳудудга бориб қўнади. Шайх муридлари билан шу жойга келиб ўрнашади, масжид қуриб, теварак-атрофни обод қилади.
Эл орасида шайхнинг кароматлари ҳақида турли ривоятлар тарқалган. Уни ўсал ётганларни тузатган ўткир нафасли киши, дейишади.
Шайхнинг таърифини эшитганлар унинг зиёратига келаверади. “Иморатбобо” ҳудуди нафақат зиёратгоҳ, балки меҳмонлар ва савдогарларга қўналға, карвонсарой вазифасини ҳам ўтаган. Кейинроқ бу жой атрофига келиб иморат тикловчилар кўпайган. Натижада бир қишлоқ пайдо бўлган. Бу ерни дастлаб одамлар: “Машҳаддан келган шайхнинг қишлоғи” деб аташган. Йиллар ўтиши билан “Шайхмашҳад”, кейинчалик эса “Шихмашҳад” деб ном олган.
“Иморатбобо” мажмуасида масжид, Саид Шафоат Азиз, Мир Муҳаммад Азиз мақбаралари бор.
Табаррук масканга зиёратчилар оқими сира тўхтамаган, – дейди шу ерда яшовчи Отабой Саидов. – Буни бобом гапириб берган. Мен шажараси Пайғамбар алайҳиссаломга боғланадиган аждодларнинг 39-авлодига мансубман.
Шихмашҳад қишлоғидагилар Отабой эшон деб ҳурмат қиладиган бу инсоннинг гапларини ҳужжатлар ҳам тасдиқлайди. Зиёратгоҳга киришдан олдин девордаги кўҳна ҳужжатга кўзингиз тушади. Ундаги дастлабки муҳр араб халифаларига тегишли бўлиб, Пайғамбар алайҳиссалом ва ҳазрати Алининг номи зикр этилган. 1795 йилдан кейинги муҳр Хива хонлигига тегишли. Ушбу ёзувлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳам тасдиқланган.
Мустабид тузум даврида ушбу зиёратгоҳ бир неча йиллар қаровсиз қолиб кетди. Бугунги кунда эса “Иморатбобо”нинг атрофи ободонлаштирилиб, маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинган. Табаррук қадамжога ҳозирда нафақат ҳамюртларимиз, балки хориждан ҳам зиёратчилар келишади. Кунларнинг бирида Германиядан бир сайёҳ келди. Таржимон орқали суҳбатлашдик. Унинг айтишича, ота-онаси асли эронлик бўлиб, Хоразмда бир шайхнинг қабри бор деб кўп эслашгани боис Хивага саёҳатга келган экан. Ота-онам орзусини рўёбга чиқардим, шайхнинг қабрини зиёрат қилишга мушарраф бўлдим, дея дил сўзлари билан бўлишди.
Бугунги кунда ушбу зиёратгоҳ ободонлаштириляпти.
“Иморатбобо” мажмуаси Урганч – Хива йўли бўйида жойлашган. Хива саёҳатига отланган ҳар бир йўловчи бир лаҳза тин олиб, ушбу қадамжони зиёрат қилиб ўтса, кўнгиллари нурафшон тортиши, шубҳасиз.
Меҳрибон ТИЛЛАЕВА,
Хоразм вилояти
“Ислом нури” газетасидан