Илм осмонида зиё таратган олим
Мотуридия таълимотининг атоқли намояндаларидан бири Абу Муин Маймун ибн Муҳаммад Насафий, Макҳулийдир. У зотнинг исми Маймун бўлса-да, “Абу Муин” куняси билан шунчалик танилганки, куняси қўшиб айтилмаса, ҳеч ким ёлғиз исми билан танимаган. Тўртинчи бобоси Муҳаммад ибн Макҳул (в. 375 ҳ.) ҳам “Абу Муин” кунясини олган.
Насафий нисбати берилиши Насафда таваллуд топгани учун бўлса, Макҳулий нисбати бешинчи бобоси Макҳул ибн Фазлга нисбат бериш учун, яъни макҳулийлар оиласидан, деган маънода қўлланган. Абу Муин Насафийнинг тўлиқ насаби Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн Фазлдир.
Абу Муин Насафийнинг бобоси Абу Мутеъ Макҳул ибн Фазл Насафий (204–395 ҳ.) Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдларидан бўлган. Макҳул ибн Фазлнинг бир неча бебаҳо асарлари бор ва баъзилари бизгача етиб келган.
Абу Муин Насафий бошланғич илмни отаси ва бобосидан олган. Кейин Самарқанд, Бухорода таҳсил олади ва бир муддат ушбу шаҳарларда дарс беради.
Насафийнинг устозларидан бири Абул Юср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдулкарим ибн Муса ибн Мужоҳид Насафий Паздавий (421–493 ҳ.\1030–1100 м.) бўлиб, у мотуридия таълимотига оид машҳур “Усулуд-дин” китоби муаллифидир.
Абу Муин Насафийнинг эътиқод мавзусига бағишланган “Табсиратул адилла фи усулид дин”, “Ат-тамҳид ли қоваъидит тавҳид” ва “Баҳрул калом” асарлари бўлиб, уларнинг ўнлаб қўлёзма нусхалари дунё кутубхоналари фондида сақланмоқда. Мазкур уч асарнинг барчаси таҳқиқ қилиниб, жаҳоннинг турли жойларида нашр қилинди.
Имомнинг бизгача етиб келмаган ёки ҳали нашр қилинмаган асарлари ҳам бор. Улар: “Шарҳу жомеъил кабир лиш-Шайбоний”, “Маноҳижу аимма фил фуруъ” (Фаръий масалаларда имомларнинг йўллари), “Изоҳул маҳажати ли кавнил ақли ҳужжатан” (Ақл ҳужжат қилинадиган ҳужжат эканининг изоҳи), “Ал-ифсад ли хадъи аҳли илҳад” (Куфр аҳлининг ёлғонини бузиш) ва “Сифатул калом” (Калом сифати тўғрисида) каби асарларидир.
“Табсиратул адилла” асарини дунё мусулмонлари ўқиб-ўрганиб, унинг устида турли даражадаги илмий ишлар қилинган ва қилинмоқда. Абу Мансур Мотуридийнинг “Тавҳид” ва Абу Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла” китобини таҳқиқ қилган зотлар ёзган муқаддималарида “Табсиратул адилла” китоби қуйидагича эътироф қилинади: «Абу Муин Насафийнинг шоҳ асари “Табсиратул адилла” Мотуридий мазҳабида Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Тавҳид” китобидан кейинги иккинчи китоб саналади. “Табсиратул адилла” асари “Тавҳид” китобига шарҳ, тафсир ва баён деб эътибор қилинади. Чунки “Табсиратул адилла” асари кўп ўринда “Тавҳид” китобининг услубларини баён қилиб, унга нисбатан кенг қамровли ва тафсилотлар билан бойитилган асардир».
Ҳожи Халифа “Кашфуз зунун” китобида “Табсиратул адилла” асарини таништирар экан: «Ким “Табсиратул адилла”га назар солса, Умар Насафийнинг “Ақоидун Насафия”си “Табсиратул адилла”нинг фиҳристи эканини билади”», дейди.
Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг “Ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд” асарида “Шарқу Ғарбнинг олиму уламолари Абу Муин Насафий илмининг денгизидан баҳра топиб, у таратган зиё нурларини кўзларига тўтиё қилиб суртганлар”, дейилади.
Ҳа, ақоид илмида битилган барча манбаларда, шарҳ ва ҳошияларда “Табсиратул адилла” иқтибос келтирилади ёки ундаги баён қилинган ҳукм эътироф этилади.
Тарих китобларида жаннатмонанд диёримиз анҳорлари, боғу бўстонлари ва гўзал шаҳару қишлоқлари билан бирга унинг аҳолиси аҳли сунна вал жамоа эътиқодида бўлганлари мадҳ этилади. Албатта, мусулмонлар эътиқодининг софлигини сақлаб қолишда Имом Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий ва бошқа уламоларнинг хизматлари катта.
Собиржон РУСТАМОВ,
Тошкент шаҳар “Оқилон” масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасидан