Таҳримада қўллар қаергача кўтарилади? (Шариатимиз қулоғи вазминлар ва кўзи ожизлар учун қулайдир)
Мазҳабимизга кўра, намозга киришда икки қўлни – бош бармоқни қулоқнинг юмшоғи, бармоқ учларини эса қулоқнинг юқориси баробарида кўтариш суннати муаккада ҳисобланади. Бу Абу Мусо Ашъарий розийаллоҳу анҳунинг қарашларидир. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ наздида эса, қўлларни елкагача кўтариш суннат ҳисобланади. Бу Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳумонинг йўлларидир. Улар қуйидаги ҳадисни далил қилишади:
«Абу Ҳумайд Саид розийаллоҳу анҳу ўн нафар саҳобалар орасида турар экан, уларга: “Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозлари ҳақида хабар берайми?” деди. Улар: “Ҳа, айтинг”, дейишди. У: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (намозга киришиш учун) такбир айтадиган бўлсалар, икки қўлларини елкалари баробар кўтарардилар”, деди».
Бизга Воил ибн Ҳужр розийаллоҳу анҳунинг “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам такбир айтадиган бўлсалар, икки қўлларини қулоқлари баробар кўтарардилар”, деган ҳадиси далил бўлади. Мана шу далилни қабул қилиш энг тўғри йўл бўлади. Чунки унда бир қанча тафсилотлар мавжуд. Биз биринчи ҳадисни узрли ҳолат, яъни совуқ бўлгани учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўллари енг ичида кўринмай қолган, деб изоҳлаймиз.
Аслида, такбир айтиб, икки қўлни қулоқлар баробарида кўтаришнинг моҳияти имомнинг ортида турган намозхонларга намоз бошланганини билдириб қўйишдир. Чунки намозхонлар орасида қулоғи вазмин, кўзи ожизлар ҳам бўлиши мумкин. Кўзи ожизлар имомнинг такбирини эшитиб, қулоғи вазминлар эса, имомнинг ҳаракати – икки қўлини қулоқлари баробарича кўтарганини кўриб, намозга киришадилар. Қўлларни мана шу ҳолатда кўтариш мақсадга мувофиқдир. Агар имом қўлларини елкаси баробарида кўтарадиган бўлса, бу маъно юзага чиқмай қолиши мумкин.
Аёллар қўлларини елкалари баробар кўтаришади. Чунки бунда бошқаларнинг эътиборини тортмаслик, сатр ва кўзга ташланмаслик маънолари бор.
Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ “Мўъжамул кабир”да қуйидаги ҳадисни келтиради: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Ибн Хужр, агар намоз ўқимоқчи бўлсанг, қўлларингни қулоғинг баробари кўтар. Аёллар эса кўксилари баробари тутсинлар”, дедилар».
Имом Сарахсийнинг
“Мабсут” асари асосида
Мансур ЖАМБИЛОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасидан