Дўппи
Янги дўппи кийган Матмурод отага шериклари: .
– Муборак бўлсин, жуда ярашибди, яхши кунларга кийинг, дея алқашди.
– Қуллуқ, – деб чол дўппини қўлига олиб бир қараб қўйди, – дард кўрмасин, Турсунбойнинг ўғли Икромжон Фарғонага зиёратга борган экан. Атайлаб мен учун олиб келибди. Сийлаганига шукур. Отаси қадрдоним эди.
Бу гапни эшитиб Рўзимат бобонинг кўнгли ўксигандай бўлди. Ўзига ўзи:
– Мен ҳам Турсунбойнинг болаликдан бирга ўсган жўрасиман-ку. Ҳаммадан кўпроқ мени ўзига яқин оларди. Ўғли бўлса девор-дармиён қўшним… Тавба, нималарни ўйлаяпман, кексайиб шунчалик иззатталаб бўлиб қолдиммикин, астағфируллоҳ…
Рўзимат бобо уйга қайтганида кампири алланарсани дераза ёнида томоша қилаётиб:
– Эсим қурсин, отаси. Неваралар билан овора бўлиб хаёлимдан кўтарилибди. Кеча сиз эҳсонга кетганингизда қўшнимиз Икромжон совға деб олиб келганди. Мана, Марғилон дўпписи, қаранг, қандай чиройли…
Ота дўппини бошига кийди. Негадир ўпкаси тўлиб, кўзига ёш келди. Бояги хаёлларидан уялиб кетди: “Эҳ, хом сут эмган банда…”
Содиқжон ИНОЯТОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
“Ҳидоят” журналидан