Яхшилик дин, миллат танламайди
Кўпинча халқимиз характерига баҳо берилаётганда бағрикенглик фазилати алоҳида тилга олинади. Бунинг ўзига хос сабаби бор. Чунки Ўзбекистон 130 дан ортиқ миллат ва элат, жумладан, динлар ва конфессиялар вакиллари ўртасида мустаҳкам дўстлик, бағрикенглик муҳити ўрнатилган камсонли мамлакатлар қаторига киради.
Дарҳақиқат, дини-тили, миллати бошқа бўлса-да, барчага бирдек хушмуомалада бўлиш халқимизнинг ўзига хос феъл-атворидир. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ахлоқда барчага ўрнак бўлиши баробарида, ўзга дин вакиллари билан қандай муомала қилишда ҳам инсониятга намуна бўлганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нажрондан Мадинага ташриф буюрган насронийлар ибодат қилишлари учун Масжиди Набавийдан бир жой ажратиб берганлар. Шунингдек, у зотнинг аҳли китоб қўшнилари билан доимо яхши муносабатда бўлганлари, уларга ҳадялар бериб, улардан совға қабул қилганлари маълум.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Уламолар мазкур ҳадисни ўрганиб чиқиб, яхшилик фақат мусулмон қўшнига эмас, балки бошқа дин вакилига ҳам қилинади, дейдилар.
Юртимизнинг маҳаллаю қишлоқларида ҳар хил элат ва миллат, турли дин вакиллари тинч-тотув яшаб келмоқда. Бундай аҳиллик бошқа мамлакатлар учун намунадир. Зеро, Ўзбекистонда турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, тинчлик-осойишталик, барқарорликни сақлаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар, амалий чора-тадбирлар жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.
Бугун дунёга теранроқ назар солсак, баъзи ўлкаларда кишиларнинг динидан, миллатидан фойдаланиб, улар ўртасида ўзаро низо чиқариш, бу орқали айрим гуруҳлар ўз мақсадларига эришишга интилаётгани ҳақиқатдир. Айниқса, Ислом динини ёмонотлиқ қилиб, мусулмонларга нисбатан нафрат уйғотишга уринишлар ҳали-ҳануз давом этаётгани ана шу фитналарнинг бир бўлаги, холос. Шукрки, юртимизда бундай фитналарга, сепаратизмга йўл қўйилмайди. Халқимиз бу каби иллатларнинг оқибати яхши бўлмаслигини англаб етган.
Жорий йилнинг май ойида юртимизда Шимолий Америка, Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларининг турли дин вакиллари, илоҳиётшунослар, диншунослар ва ҳуқуқшунослардан иборат делегациялар ўртасида “Декларациялар мулоқоти” халқаро форумининг ўтказилгани ҳам бежиз эмас. Мазкур форум доирасида “Бухоро декларацияси” қабул қилинди. Мазкур ҳужжат маърифат ва бағрикенглик маданияти ғояларини илгари суриш, турли дин вакилларининг миллий анъаналарини ҳурмат қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, конструктив мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган.
Яқинда мазкур Бухоро декларацияси БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тан олиниб, БМТнинг олтита расмий тилига таржима қилиниб, барча аъзо давлатларга ва ихтисослашган муассасаларига тарқатилди. Бу эса юртимизда бағрикенглик сиёсати нақадар тўғри олиб борилаётганидан дарак беради.
Бобур МУҲАММАД
“Ҳидоят” журналидан