СИЙРАТ ТАРАННУМИ ВА КИТОБ ТАҚДИМОТИ
Бугун, 12 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Мавлуди Набий ва Муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларининг бир неча китоблари тақдимоти ўтказилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, олимлар, зиёлилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этдилар.
Тадбир анъанага кўра Қуръон тиловати билан бошланди. Шайх Алижон қорининг гўзал тиловатидан сўнг дуолар қилинди ва Мавлуди шариф ўқилди. Шундан иейин сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва бошқа нотиқлар юртимиз ёшларини миллий қадриятларимизга содиқ руҳда тарбиялаш, Ватанга муҳаббат туйғусини шакллантириш, оломон маданиятидек салбий иллатлардан ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани, Нуриддин домла Холиқназаровнинг нашрдан чиққан қатор китоблари ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилишини таъкидладилар.
Тақдимот давомида нотиқлар Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари қаламига мансуб: “Ихлос – амаллар зийнати”, “Исломда Ватан тушунчаси”, “Тасаддуқ, ё Расуллуллоҳ”, “Ҳаж – буюк ибодат”, “Умра – улуғ ибодат”, “Кўз илғамас хатар”, “Никоҳнома” китобларининг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирдилар.
Тадбирда, айниқса, муаллифнинг “Исломда Ватан тушунчаси” китоби глобаллашув даврида жонсарак бўлиб яшаётган инсонларнинг туйғулари ола-қуруқ бўлиб бораётган паллада ниҳоятда катта аҳамиятга эга асар бўлганига алоҳида эътибор қаратилди.
Дарҳақиқат, Ватан, дин, миллат, туғишганлик – кишига танлаш имкони берилмаган, аммо уларни севишнинг ҳадду чегараси белгиланмаган муқаддас туйғудир. Зотан, киндик қонимиз тўкилган юртимиз бизга тақдир қилинган ватандир.
“Исломда Ватан тушунчаси” китоби муаллифи Ватанга муҳаббат, уни ардоқлаш ва ободу фаровон қилиш борасидаги фикру мулоҳазаларини оят, ҳадис ва ҳаётий ҳикояларга боғлаб таъсирчан усулда очиб беришга эришган. Асар муаллифнинг асл ютуғи ҳам шунда намоён бўлади.
Тақдимотда айни хусусиятлар атрофида сўз юритилиб, мазкур асар халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг диний-маърифий билимини ошириш, маънавиятини юксалтириш, она Ватанимизга меҳр-муҳаббати янада зиёда бўлишида муҳим манба бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.
Тадбир давомида мазкур китобларга оид видеолавҳа ва диний таълим муассасалари талаба-ёшларининг ижодий чиқишлари иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
Тақдимот якунида иштирокчиларга янги китоблар тақдим қилинди.