Исрофчилар, ношукрлар шайтоннинг дўстларидир
Турмушимиз фаровонлашгани сари ҳаётимизга турли неъматлар қатори хилма-хил либослару кийим-кечаклар ҳам кириб келмоқда. Буни кун сайин кўпайиб бораётган кийим дўконларию кутилмаганда сизни кийиму пойабзал сотадиган телеграм каналига қўшиб, ижтимоий тармоқ орқали савдо-сотиқ қиладиган ишбилармонлардан ҳам билиш мумкин.
Эътибор қаратилса, халқимиз одатда кўчага бошқа, уйга, тўй ва маросимларга бошқача кийинади. Айниқса, бирор тўй-ҳашамга таклиф этилса, баъзи аёллар либос танлашни бир неча ой олдин бошлайдилар. Гўёки ҳамманинг нигоҳи уларга қадаладигандек имкон қадар жимжимадор кўйлак танлашга интилади. Ачинарлиси, мана шу маросимларга олинган кийимлар нари борса, бир ё икки кийилиб, сўнгра тахмонлардан ўрин олиб, кераксиз матоҳга айланади.
Орамизда кийим жавонларини тўлдириб, кийинишга муккасидан кетганлар ҳам бор. Бундайлар эгнидаги либоси урфдан қолса, бошқасини харид қилаверади. Бу гап-сўзлар фақат аёлларга тегишли десак, янглишамиз. Чунки бугун эр-йигитларимиз кийинишда хотин-қизларимиздан қолишаётгани йўқ. Туркия ёки Европанинг сўнгги урфдаги кийимларини фалон пулга олиб, тез-тез алиштириб турадиганлари ҳам топилади. Жавонларда тахланиб ётган кийим-кечаклар, уларга сарфланаётган пулларнинг исрофи йўқми?
Барча неъматларнинг исрофи бўлганидек, ортиқча кийимларнинг ҳам исрофи бор. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Енглар, ичинглар, кийинглар ва садақа қилинглар, исроф ва мутакаббирлик бўлмаса бас”, дедилар. Яна бир ҳадисда эса “Модомики, сенда икки нарса: исроф ва манманлик бўлмаса, хоҳлаганингни е, хоҳлаганингни кий” деганлар (Имом Бухорий ривояти). .
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам, буюк саҳобаларнинг ҳам бир кийимликдан бошқа либослари бўлмагани ҳақида кўплаб ривоятлар бор. Улар кийинаман деса, ўша даврнинг энг қимматбаҳо либослари билан зийнатланишлари мумкин эди. Бироқ ундай қилмадилар. Ўз нафсларини жиловлаб, Ислом умматига намуна бўлдилар. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кийимларини ўзлари ямаганлари, Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу минбарда хутба ўқиётганларида устида еттита ямоқ солинган яхтаги борлиги ривоятларда келтирилади.
Абу Мусо Ашъарий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ойша розийаллоҳу анҳо бизнинг ҳузуримизга бир кўйлак ва дағал иштон олиб чиқиб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу иккисини кийиб вафот этдилар”, деди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бу билан бугун ҳам шундоқ кийиниш керак демоқчи эмасмиз. Ҳар бир ишнинг меъёри бўлгани каби, кийинишда исрофга йўл қўймаслик кераклигини таъкидламоқчимиз, холос.
Аллоҳ таоло бандаларини тежамкорликка чорлаб, исрофдан қайтаради. Аъроф сураси 31-оятида: «Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас»; Исро сураси 27-оятида эса: «Албатта исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Рабга ўта ношукр бўлгандир», дея огоҳлантирилади.
Демак, исроф улкан гуноҳ бўлиб, шайтоний амаллардан эканлиги ойдинлашади. Шундай бўлгач, ҳар биримиз барча неъматлардан сўроқ берамиз. Зеро, Такосур сураси 8-оятида «Сўнгра ўша кунда албатта (ҳаёти дунёда сизларга ато этилган барча) неъматлардан сўраласизлар» деб таъкидланган.
Қисқаси, исрофчи бўлишдан эҳтиёт бўлайлик. Шу йўлда сарф бўлаётган маблағларимизни хайр-эҳсонларга, ўзгаларга ёрдам беришдек савоб амалларга йўналтирсак, бир куни садақотларимиз Сирот кўпригидан саломат ўтишимизга асос бўлади, иншоаллоҳ.
Раъно ЗОКИРОВА,
Бухоро вилояти Вобкент тумани
Кулолчи маҳалласи отинойиси, исломшунос, диншунос.
“Ҳидоят” журналидан